Меню
Қашқадарё
МУҲАББАТ
Қаёқдандир рўпарамдаги ялангликда йигит ва қиз пайдо бўлди. Йигитнинг бўйлари баланд, футболка кийган, қоп-қора туташ қошлари ой ёруғида ҳам кўринади. Ўрта бўйли дўмбоққина қиз қўлини йигитнинг билагидан ўтказиб олган. Улар мендан сал нарида туришар, ой шуласини тўсган ёнғоқ остида ўтирганим учун кўришмас, дарё шовуллаши эса гапларини аниқ эшиттирмас эди.
Дастлаб улар хурсанд эди. Йигит ҳатто қизнинг кифтларини силаб қўярди. Қиз ерга қараганча нимадир деди, йигитнинг авзои бирдан ўзгарди, қизни силтаб ташлади. Қиз ўтириб қолди ва қўлларини чўзиб, ёлворган товушда:
– Ташлаб кетма, кўрнамаклик қилма, -деди. Унинг овозини мен аниқ эшитдим.
Йигит шарт бурилдию жўнаб қолди.
...Орадан кўп йиллар ўтиб, пенсионерларга бериладиган йўлланма билан яна ўша ерга бордим. Сиҳатгоҳ қайта таъмирланган, бинолар бутунлай янги қиёфа олган, фавворалар қурилган, фақат ёнғоқ тагидаги ўриндиқ ўз ҳолича сақланиб қолганди. Уни кўриб севиниб кетдим.
Одатим бўйича шу ердан туриб дарёни томоша қиламан. Шундай кунларнинг бирида 7-8 ёшлардаги бола етаклаб келаётган қора кўзойнакли киши диққатимни тортди (улар мен томонга келишарди). У мен ўтирган жойга икки-уч қадам қолганда боладан сўради:
- Шу ерда катта бир тош бўлиши керак.
Ҳассаси билан пайпаслашидан сездимки, кўзлари ожиз.
- Мана тош,- деди бола ярми сувга ботиб турган катта оқ тош томон уни етаклаб.
- Энди сен ўйнайвер, - деди у жойлашиб ўтирар экан. Бола капалак қувиб кетди.
Мен эркакка яқинлашиб, салом бердим ва унинг туташ қошларига зеҳн солиб қарар эканман, юрагим ўйнаб кетди. Бу ўша ойдин тунда қизга қўполлик қилиб жўнаб кетган йигит эканлигига мутлақо ишондим.
Унинг овози ҳасратли эди. Биз ундан-бундан суҳбатлашган бўлдик.
- Бу ерга тез-тез келиб турасизми? - сўрадим ундан.
- Ҳар йили келаман, ёшлигимдан шу ерларга ўрганиб қолганман.
- Ҳа, мен сизни кўп йиллар олдин шу ерда кўргандекман, - дедим синовчан тикилиб.
Афзалбек (унинг исми шундай экан) кўзойнагини олиб, кўзларининг четини рўмолчаси билан артди.
- 19... йил эди чамамда, – деб сўзимда давом этдим, - тунда сайр қилиб юрганларингизда учратган эдим...
Афзалбек сесканиб кетди ва сир бермасликка ҳаракат қилиб, қалтираётган қўлларини қаерга яширишни билмай мужмал оҳангда:
- Бўлиши мумкин, - деди ва гапни бурди.
- Нимадир мени шу ерга тортаверади, келганимни ўзим билмай қоламан. У зўраки кулмоқчи бўлди, аммо эплолмади. Мен ҳам қайтиб савол бермадим. Пушаймон ва армон тошлари эзиб ташлаган бу инсонга ачинмадим ҳам. Чунки бир аёл муҳаббатини топтаганининг гувоҳиман.
Уни муҳаббатнинг уволи тутганди.
ОДАМГАРЧИЛИК
Ярим тунда поезддан тушган ўрта ёшлардаги икки аёл таксилар тўхтайдиган жойга келишгач, бир зум тараддудланиб қолишди.
- Вақт жуда кеч бўлаяпти. Насиба ҳам ухлаб қолгандир, бу пайтда бориш жуда ноқулай-да, – деди узун бўйли қизғиш сочли аёл.
- Келишимизни билади, ухламагандир, ўзи чақирди-ку, курсдошлар учрашуви бор деб, яна бир телефон қилиб кўрайлик, - деди қорачадан келган истараси иссиқ аёл.
Телефонни ҳеч ким кўтармади.
- Бораверамиз, бошқа борадиган жойимиз бўлмаса кўчада тунаймизми, мана манзилгоҳ қўлимизда, – деди биринчи аёл.
Такси бир зумда уларни кўп қаватли уйлар олдига олиб бориб қўйди. Аёлларнинг узоқдан келганини билгач, ҳайдовчи уларнинг ташвишли қиёфаларига қараб “Қандай киришни биласизларми, борадиган хонадонингизнинг номерини терсангиз эшик очилади,” деди.
- Биз ундай нарсаларни билмаймиз, - деди қорачадан келган аёл.
Ҳайдовчи машинадан тушиб, эшик ёнига келди ва аёллар айтган рақамни терди, аммо ҳеч ким жавоб бермади, яна терди. Эркак кишининг “Ким у?” деган товуши эшитилди.
- Ўзларингиз жавоб беринг, -деди ҳайдовчи аёлларга шивирлаб.
- Биз Насибанинг дугоналари...
Ҳеч қандай садо чиқмади. Анча пайтдан кейин бояги эркакнинг “Эрталаб келинглар” деган овози эшитилди. Аёллар нима қилишини билмай тошдек қотиб қолишганди.
- Бизникига юринглар, кекса онам бор, гурунглашиб ётасизлар, эрталаб ўзим кузатиб қўяман, - деди ҳайдовчи йигит аёлларни машина томон бошлаб.
Бўстон РАҲМОНОВА