Меню
Қашқадарё
МОМОМЕРОС КЎҲНА КАСБНИ УЛУҒЛАБ
- Шаҳрисабз нафақат тарихий обидалари, балки халқ амалий санъатининг кўпгина йўналишларида иш олиб бораётган ҳунармандлари билан ҳам танилган, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи Клара Мукашова. - Таъкидлаш жоизки, улар ҳунармандчиликнинг йўқолиб бораётган тур ва услубларини тиклаб, янада ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Айниқса, шаҳрисабзлик аёлларнинг азалий овунчоғи, санъат даражасига кўтарган эрмаги - ироқи каштадўзликнинг энг қадимий нусхалари шу ерда тикланди ва тобора сайқалланиб бораяпти.
Саодат Низомованинг ишларини кузатар эканман, Клара Мукашованинг айтганларига иқрорим ошди. Уларда Шаҳрисабз ироқи каштачилигининг ўзига хос, ёрқин ва шарқона нафис услуби мужассамлигига гувоҳ бўламан.
– 12 йилдан буён шу ҳунар билан шуғулланиб келаман, - дейди каштадўз. – Каштали сўзана, дўппи, сумкалар ва бошқа буюмлар тикаман. Ҳунаримни қизлар, ёш келинларга ўргатишни йўлга қўйдим. Шу кунгача 100 дан зиёд хотин-қизга каштачиликни ўргатибман. Шу кеча-кундузда эса 10 нафар ёшга ироқи, бигиз, босма, попоп усулларида кашта тикишни ўргатаяпман.
Мўъжазгина иш хонаси деворларида илинган турли-туман кашта буюмлари асосида ўз ҳунари сирлари билан таништираётган Саодат Низомованинг таъкидлашича, Шаҳрисабзга хос ироқининг офтобпараст, чаённусха каби турларини тикиш айниқса кенг тарқалган экан.
- Тўғри, айримлар айтганидай, кашта тикиш – майда иш, кўп меҳнат талаб этади. Аммо ишни тугатгач, ўз меҳнатингиз маҳсулини қаршингизда ёйиб, бир томоша қилсангиз, бор чарчоғингиз чиқиб кетади,- дейди ҳунарманд.
Кашталарга туширилган нақшлар эътиборимни тортди. Саодат опадан бу ҳақда қизиқсиниб сўраганимда қуйидагича таърифлаб берди: “Кашта марказидаги катта гул оилани, атрофидаги чирмашган безаклар – оиланинг ҳамжиҳатлиги, тотувлигини, майда гулчалар эса халқимизнинг болажон эканлигини англатади. Қалампир, анор нусхалар ҳам ўзига хос маъно-мазмунни ифодалайди”.
Бундан кўринадики, оиланинг миллатимизда ҳамма замонларда қадрли, муқаддас маскан сифатида ардоқланиши момоларимиз томонидан тикилган кашталарда ҳам ўз тажассумини топган.
- Саодат опага ўхшаган қўли гул аёлларга ҳавас қиламан, - дейди каштадўзнинг Навоий вилоятидан бўлган шогирди Марғуба Бобоназарова. – Шу ҳавас мени бу ерга келишга ундади. Насиб этса, каштадўзликни пухта ўрганиб, Саодат опа каби ўз ишимнинг устаси бўламан, деб ният қилаяпман.
Шаҳрисабз ҳунармандлари тикаётган бежирим, гўзал кашта буюмлари, сўзаналарни вилоятимизнинг барча жойларида учратиш мумкин. Айниқса, улар келинлар сепига кўрк беради. Табиий ипакдан тикилганлари эса юз йилгача ўз сифатини йўқотмайди.
Кейинги пайтларда сўзана ва кашталар меҳмонхоналарда, умумий овқатланиш шохобчаларида миллийлигимизни акс эттирувчи безак ўрнида ишлатилмоқда. Бу эса кашта ва каштали буюмларга ўзига хос эътибор ортаётгани ва улар кенг тарқалаётганидан далолат. Шу билан бирга ироқи, бигиз усулида тикилган ишлар чет эллик сайёҳларнинг ҳам эътиборини ўзига қаратаётир.
- Меҳнатим ортидан қадр топдим, дунё кездим, - дейди Саодат опа. –Хорижда ўтказилаётган фестивалларда Ўзбекистон номидан қатнашиш мен учун катта шараф бўлди. Италия ва Туркиядаги фестивалларда анъанавий миллий кашталаримизни намойиш этганимизда айнан ироқи, бигиз услубида тикилган кашталар хорижликларда ҳайрат ва қизиқиш уйғотди. Улар кўпгина меҳнат маҳсулларимизни сотиб ҳам олишди. Яна тикиб беришимизни илтимос қилишди. Бизнинг қўл меҳнатимизни бунчалик қадрлаганларини кўриб хурсанд бўлдим. Ва янада кўпроқ ишлаб, миллий услубимизга замонавий уйғунлик бериш йўлида изланаяпман.
- Ироқи усулида тикилган чопон, дўппи, маҳси, нимча, камзул, ҳамён, бўғжома ва сумкалар сайёҳларнинг ҳайратини янада оширмоқда, - дея қўшимча қилади Саодат опанинг қизи, ҳунарининг давомчиси Дилноза Тўраева. – Улар кашталарнинг ёрқин ранги, нафис услубига маҳлиё бўлишади. Биздан унинг тайёрланиш сирларини кўп сўрашади. Айниқса, каштага ишлатиладиган маҳсулотлар ва ипак рангларига қизиқишади. Ваҳоланки, бу ҳам қўл меҳнати туфайли юзага келишини, кўп вақт ва қийинчилик эвазига яралишини билгач, ҳайрати янада ошади.
Қалб қўри ва кўз нури эвазига яралган кашталарга боқаман. Уларнинг жилокор ранги кўзни қувнатиб, дилни яйратаверади. Шунда момомерос кўҳна касбни улуғлаб, шундай мўъжиза яратаётган Саодат Низомова каби чевар каштадўзлар маҳоратига таҳсинлар айтаман...
Сожида АЛЛАЁРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.