Меню

Қашқадарё

18.09.2020 1855

Молекуляр спектроскопия бўйича ўзбек тилида дастлабки электрон қўлланма яратилди

Қарши давлат университети физика кафедраси мудири доцент Баҳром Қўйлиев муаллифлигида “Молекуляр спектроскопия” фанидан электрон ўқув қўлланма яратилди.

Унда замонавий молекуляр спектроскопиянинг физик асослари келтирилган. Молекуладаги ҳаракат турлари, молекуляр спектрларнинг типлари, энергетик сатҳлар ва улар орасидаги ўтиш эҳтимолиятлари, молекулалараро ўзаро таъсир асослари каби мазулар юқори савиядаги анимациялар, виртуал моделлар ва ўқитишнинг инновацион технологиялари асосида ёритилган.

Ўқув қўлланма физика, кимё, биология бакалавр йўналиши ва физика (оптика, магнитооптика ва молекуляр оптика) мутахассислиги бўйича ўқиётган магистрант талабалар учун мўлжалланган. Шунингдек, ундан соҳада илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар ҳам фойдаланиши мумкин.

Айтиш ўринли, ушбу қўлланма молекуляр спектроскопия фанидан илғор педагогик ва инновацион таълим технологияларига асосланиб, ўзбек тилида яратилган дастлабки манба ҳисобланади. Шу туфайли айрим камчиликлардан ҳам холи эмас. Айни пайтда уни янада  такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар қабул қилинмоқда.

- Физикада айрим жараёнлар борки, уни ифодалашда турли анимациялар қўл келади, - дейди Баҳром Қўйлиев. – Бу бўйича  тайёрлаган маълумотларимиз Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги мувофиқлаштирувчи кенгаш кўригидан ўтди, қолаверса, университетимиз билан ҳамкорлик қилаётган Тарас Шевченко номидаги Киев миллий университети мутахассислари томонидан ҳам тақриз олинди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!