Меню

Қашқадарё

23.12.2017 1964

МОЛ НАСИЯГА ОЛИНСА ВА ЎША ОРАДА ПУЛНИНГ ҚИЙМАТИ ОРТСА

 

Маълумки, савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда, куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Харажат қилиб одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади. Тижорат ҳалол меҳнатдир. Энг муҳими, тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда эркин, бошқа томонга кетаверади. Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ. Ушбу ва яна бошқа бир қанча сабабларга кўра, тижорат билан шуғулланиш ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.

Пайғамбарлардан Нуҳ (а.с.), Муҳаммад (с.а.в.) савдогарлик билан шуғулланганлар. Улуғ зотлардан Усмон ибн Аффон (р.а.) ҳам савдогарлик қилгани маълум.

Умар ибн Хаттоб (р.а.) дедилар: “Эй камбағаллар жамоаси! Бошларингни кўтаринглар ва савдогарлик қилинглар. Албатта йўл кушодадир ва одамларга муҳтож бўладиган фақир бўлманглар”.

Рифоа (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: “Ростгўй, омонатли, тожир набийлар сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”. Уламоларимиз тижорат зироат ва саноатдан ҳам афзалроқ касб дейишган.

Расулуллоҳ (с.а.в.) дейди: “қачон сотса,қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талабқилса, карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин”.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда эса “қасам ичиш билан савдо молини ўтказувчи баракани ўчирувчидир”, дейилади. Чунки савдо тартибига риоя қилинган жамиятда сотувчи ва олувчи бир-бирларини дуо қилади, раҳмат айтади,   барака ҳам шунда бўлади. Савдо мол айирбошлаш бўлиши билан бирга унда кишиларнинг тўғри сўзлиги, ваъдага вафодорлиги, омонатга содиқлиги каби кўплаб ахлоқий фазилатлари намоён бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Савдогарлик қилингларки, халқнинг ризқлари 10 қисмдир,  9 қисми савдогарликда, яъни сотмоқда ва олмоқдадир”, деганлар.

Улуғлардан биридан сўрадилар: обид устунроқми? Ё омонатдор савдогар? У жавоб берди: “Омонатдор савдогар устунки, тарозида бермоқ ва олмоқда шайтон уни оздирмоққа қасд қилур, омонатдор савдогар эса унинг хилофини қилиб, шайтонга ғолиб бўлур”.

Энг муҳими, ҳалол савдо ибодатга айланади. У орқали бу дунёда топилган ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда эса шунга яраша ажру савоб, мақому мартабага эришилади.

Бирор жамиятда савдо қилмайдиган киши деярли топилмайди. Ҳар бир инсон нимадир сотиб олади ёки сотади. Ҳазрати Умар (р.а.) савдо қонун-қоидаларини билмайдиганларни ўзига ё ўзгага зарар қилмасин, деб бозорга киритмас эканлар. Ҳақиқатан, савдо қоидаларини билмаслик оқибати хатарлидир, шунинг учун савдога оид баъзи қоидаларни ёдга олишни лозим кўрдик.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.) тижоратни дин ва илмга хизмат қилдирар эдилар. Фойдасини муҳтожларга улашардилар. Хатиб Боғдодий айтишича, Имоми Аъзам йиллик фойдаларини ҳисоблар ва атрофидаги илм аҳлига, талабаларга тарқатар эдилар. Уларга: “Буни эҳтиёжингиз учун ишлатинг ва фақат Аллоҳга ҳамд айтинг, бу мол ҳақиқатда менинг эмас, сизнинг насибангиздир, Аллоҳ фазли карамидан уни менинг қўлим билан сизга бермоқда”, дер эдилар.

Фақат қийматли молнигина сотиш ёки сотиб олиш мумкин. Ҳамма ёки баъзиларнинг кўнгли тусайдиган ва зарур вақтгача сақлаб қўйиш мумкин бўлган, шаръан фойдаланиш жоиз нарса мол ҳисобланади. Сотувчи ва сотиб олувчининг молни сотишга ёки сотиб олишга розилигини билдирувчи сўз ё амал савдонинг рукни – асосидир. Савдонинг бўлиши, тугаллиги, тўғрилиги ва амалга ошишининг шартлари бор.

Биринчидан, сотувчи ҳам олувчи ҳам ақлли бўлишлари керак. Мажнун ёки фойда-зарарни билмайдиган ёш боланинг савдоси бўлмайди.

Иккинчидан, сотувчи ё олувчининг савдога розилигини билдирувчи сўзлари бир-бирига мувофиқ, ўтган замон шаклида ва бир жойда айтилиши керак. Масалан, она-бола қўйларни сотувчи: “Буларни юз минг сўмга сотдим” дегач, сотиб олувчи: “Фақат она қўйни олтмиш минг сўмга сотиб олдим” ё “сотиб оламан” деса ёки бозорни айланиб келиб сўнг: “Юз минг сўмга олдим” деб айтса, савдо бўлмайди. Чунки биринчидан, сотиб олувчининг сўзи сотувчининг сўзига мувофиқ келмади, иккинчидан, келаси замон шаклида бўлди, учинчидан, сотувчи “сотдим” деган жойида “олдим” демади, балки айланиб келиб сўнг айтди. Бунда савдога розиликни билдирувчи сўзлар бир жойда бўлган ҳисобланмайди.

Учинчидан, сотилаётган нарса мавжуд ва олувчига уни топшириш мумкин бўлиши керак. Йўқ нарсани, йўқ бўлиш хавфи бор нарсани (масалан, етилмаган мева, овланмаган қуш ё балиқни) сотиб бўлмайди.

Тўртинчидан, сотилаётган нарса сотувчининг мулки бўлиши ёки сотувчининг уни сотишга ваколати бўлиши керак. Бу талаб савдонинг тугал бўлиши шартидир. Бировнинг мулкини унинг рухсатисиз сотиш мумкин эмас.

Бешинчидан, сотилаётган нарса ва унга тўланадиган пул миқдори аниқ бўлиши, савдони бузувчи шартлар қўйилмаслиги, савдога икки тараф рози бўлиши, мол насияга сотилганида пулни тўлаш куни аниқ белгиланиши, кўчмас мулкдан бошқа молларни харидор қабул қилиб олиши лозим. Бу саналганлардан ва юқоридаги шартлардан бири бўлмаса, савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.

Хат ва чопар орқали ҳам савдо қилиш мумкин. Хат ё чопар юборилган томон улар етиб бориши билан савдога розилигини билдириши керак. Акс ҳолда савдо бўлмайди.

Молнинг нархига келишилгандан сўнг ё дўкондаги нархи маълум нарсаларни олувчи ё сотувчи ҳеч нарса демай, бир-бирига пулини ё молини бериш билан савдо бўлади. Бу савдода олувчи пулини бериб молни олганда сотувчи норозилигини билдирса, шунингдек, молнинг нархига келишишда савдонинг дуруст бўлишига зид ҳолатлар юз берса, бу амал билан савдо бўлмайди.

Сотилаётган нарса савдо жойида бўлса, “бу мол” деб кўрсатиш кифоя бўлади. Агар у савдо жойида бўлмаса, унинг миқдорини ва сифатини айтиш шартдир. Масалан, “Бир тонна кечпишар маккажўхори” деб.

Муомалада бир неча пул юрса, улардан бирининг номини айтмай савдо қилинганда, масалан, “мингга олдим”, дейилганида, энг кўп муомалада юрадиган пул ҳисоб қилинади. Буларнинг ҳаммаси бир хилда муомалада юрса, ҳеч бирининг номи айтилмай қилинган савдо дуруст бўлмайди. Мол насияга сотилганида унга тўланадиган пул касодга учраса (яъни муомаладан чиқиб кетса), у пул муомалада бўлган охирги кундаги қиймати тўланади. Пулнинг қиймати ортганида ёки пасайганида эса Имом Абу Юсуф (р.а.) наздида унинг савдо бўлган қиймати тўланади. Фатво ҳам шунга берилган.

Килолаб сотиладиган нарсаларда ўз жинсига (масалан, буғдойни буғдойга) сотганида фақат килолаб сотиш керак. Ўзидан бошқа нарсаларга (масалан, буғдойни маккага сотганида) чамалаб сотиш жоиз. Бўлиш, бир қисмини ажратиш қолган қисмига таъсир қилмайдиган гуруч, картошка каби килолаб сотиладиган нарсалар сотувчи умумий нархини ва оғирлигини айтса (қопдаги гуруч 50 кило, нархи 50 минг сўм), сўнг ўлчаганда кам чиқса (масалан, 45 кило), олувчи истаса шунга яраша пулни тўлаб олиши ёки кам чиққани учун олмаслиги ҳам мумкин. Агар сотувчи айтганидан кўп чиқса (масалан, 51 кило), ошиқ чиққан қисми савдога кирмагани учун, сотувчиники бўлади. Олувчи уни сотувчига қайтаради.

 Бўлиш, бир қисмини ажратиш қолган қисмига таъсир қиладиган тахта, қувур каби нарсаларда сотувчи умумий узунлиги ва нархини айтиб сотгандан кейин ўлчангач кам чиқса, олувчи истаса сотувчи айтган нархда олиши ёки умуман олмаслиги мумкин. Агар ортиқ чиқса олувчи ортиқ чиққан қисмига пул тўламай олади.

Худди шундай молларда ҳар бир ўлчамининг нархи айтиб сотилса, масалан, бу тахтанинг ҳар бир метри 500 сўмдан, узунлиги 6 метр, деса, кейин ўлчаганида 5 метр чиқса, олувчи истаса 5 метрга пул бериб олиши ёки кам чиққани учун савдони бузиши мумкин. Агар сотувчи айтган метрдан узун чиқса, ортиқ қисмига ҳам пул бериб олиши ёки савдодан айниши мумкин.

Умуман, савдонинг ўз қонун-қоидалари бор ва уларни билиб иш тутиш фойдадан холи бўлмайди.

Муҳаммади ҚОРАЕВ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги етакчи мутахассиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!