Меню

Қашқадарё

22.07.2017 2538

МОЛ ГЎШТИ НЕГА ҚИММАТЛАШДИ?

Эсимни танибманки, қўй гўшти мол гўштидан ҳар доим қиммат бўлиб келган. Аслида қўй гўшти бир қадар тотли экани ва серқувватлиги сабаб бирмунча қимматроқ "юриш"га ҳақли. Бироқ бугун қўй гўшти мол гўштига нисбатан 1-2 минг сўм арзонроққа пулланаяпти. Ўз навбатида мазкур ҳолат қатор саволларни ва ҳақли эътирозларни келтириб чиқараяпти. Энг асосий савол шуки, мол гўшти нархи нега ошди ўзи? Унинг нархи қайси омилларга боғлиқ?

ВИЛОЯТДА ТАНҚИСМИ?

Одатда савдода, истеъмол бозорида бирор талабгор маҳсулот танқислашса, етишмовчилик кузатилса, унинг баҳоси табиий равишда кўтарилади. Бозор қонуни шундай. Мазкур танқисликни қандай бартараф этиш мумкин? Албатта, эҳтиёж юқори бўлган ўша маҳсулотни ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўли билан.

Хўш, вилоятимизда мол гўшти танқисми? Нарх ошишига шу сабаб бўлаяптими?

Сир эмаски, чорвачилик вилоятимиз қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғидир. Бугун бу соҳа жадал равнақ топаяпти, ўз навбатида бунга туртки бўлаётган табиий омиллар ҳам мавжуд. Биринчидан, воҳамизда гўшт харидоргир маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Иккинчидан, чорвачилик билан шуғулланувчилар кўп, бунга шароит ҳам етарли. Бундан ташқари, ички эҳтиёждан ортиб, бошқа  вилоятларни ҳам гўшт билан таъминлаш имконига эгамиз.

Қолаверса, охирги йилларда рўёбга чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги лойиҳаларининг аксари чорвачилик йўналишига оид. Чорва боқиш учун кредит олиш истагида бўлган аҳолига эса ҳар томонлама кўмак кўрсатилаяпти. Натижада товар гўшт  ишлаб чиқариш ҳажми ҳам йил сайин кўпайиб бораяпти. Маълумотларга кўра, ҳар йили вилоятимизда барча турдаги хўжаликлар томонидан ўртача 200 минг тоннадан зиёд гўшт етиштирилади. Бунинг ичида қўй гўшти, қуён гўшти, парранда гўшти ҳам бор. Бироқ унинг асосий қисми мол гўшти ҳиссасига тўғри келади. Бу аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун етарлими?

Қайд этиш жоизки, мутахассислар тавсия этган ўртача меъёр бор. Унга кўра, ҳар бир одам йил давомида 50-60 килограмм гўшт истеъмол қилиши лозим. Айни пайтда вилоятимиз аҳолиси сони 3 миллиондан ошади. Ҳисоб-китобимизга кўра, бир йилда жон бошига тегадиган гўшт 60 килограммдан зиёд. Демак, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Мол гўшти қимматлашганини бу билан боғлаб бўлмайди.

НАРХ ОШИШИГА ҚАССОБ САБАБЧИМИ?

 

Очиқ аёнки, гўштга нархни биринчи галда қассоб қўяди. Бугунги кунда гўштни аҳолига етказиш, яъни сотиш вазифасини тўлиқ улар бажараяпти. Харидор эса нарх ошганига энг аввало қассобдан ўпкалайди, бошқа бировдан эмас. Эҳтимол, мол гўшти қимматлашганининг уларга алоқаси бордир? Балки қассоблар мол гўштига талаб кўплигидан фойдаланиб, нархни атай кўтариб юборгандир?! Фикр олиш мақсадида Қарши шаҳрида гўшт сотиб турган, ўзини Улуғбек деб таништирган қассобни гапга солдим:

- Ўзимиз ҳам молни қиммат сотиб олаяпмиз, - дейди у эътироз оҳангида. - Чорвадор арзонига бергиси келмайди. Унинг ҳам ўзига яраша баҳонаси бор. Шундай экан, илож қанча? Қўйсак ҳам, килосига 1-2 минг сўмдан қўямиз. Бундан кўп эмас. Ахир биз ҳам фойда қилишимиз керак-ку?! Бунинг устига турган жойимга ижара ҳақи тўлайман. Солиқ топшираман. Бу ҳам харажат-да.

Бир қарашда қассобнинг важлари асослидек туюлади. Бироқ, бир кунда ўртача 150 килограмм гўшт сотиб, 250-300 минг сўм даромад кўраётган қассоб эмасми? Бунга мол эгасидан пулга ҳисобланмай олиниши анъанага айланган калла-поча, тери, қорин ва ичаклардан ажратиб олинадиган ёғни қўшсак, унинг эрталабдан то кечга қадар топадиган даромади миллионга қараб кетади-ку. Шундай экан, олти ойлаб мол боққаннинг фойдаси қанча бўларкан? У қимматфурушлик қилмаяптими?

УНДА АЙБ МОЛ БОҚУВЧИДАМИ?

Нарх баландлигига сотувчи дахлдор эмас ҳам дейлик. У ҳолда маҳсулот ишлаб чиқарувчи, яъни чорвадорни бунда айблаш керакми? У кўпроқ фойда кўриш илинжида бўлиб, боққан молини юқори баҳолай бошлагандир, эҳтимол.

Статистикага қараганда, вилоятимизда мавжуд қорамолларнинг асосий қисми, аниқроғи қарийб 90 фоизи аҳоли томонидан томорқа хўжаликларида боқилади. Бугун асосан улар ички бозорни гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаяпти. Мисол учун, Қарши шаҳридаги Кат маҳалласида ҳам кўпчилик шу фаолият билан шуғулланади. Тирикчилиги чорвачилик ортидан. Ушбу ҳудуд аҳолиси қорамолни оғилхоналарда, махсус шароитларда боқади. Мақсад - бўрдоқига семиртириб сотиш. Бу борада кўп йиллик тажрибага эга кишилардан бири Мадад Қурбоновдан мол гўшти нархи ошгани сабабини сўрадим.

- Ҳар ҳолда бунга биз айбдор эмасмиз? Минг машаққат билан мол боқсак, топганимиз ҳалол. Ана, ем қиммат бўлиб кетган. Гўшт нархи ошгани шундан. Бизга ҳам осон эмас. Молга тўйимли ем едирмасак бўлмайди. Шрот, кунжара, шелуха еса яхши семиради-да. Бу қўймаски, хас-хашак ёки уйдан чиққан пўчоқ-мўчоқ билан боқсак. Айтганимдек, бир томондан ем қиммат. Биргина шротнинг нархи 300-400 сўмга кўтарилди. Шундай бўлса-да, иложсиз сотиб олаяпмиз. Ўз-ўзидан молнинг  баҳоси ҳам ошаяпти. Катта харажат қилгандан кейин фойда ҳам кўришимиз керак-да.

Ҳақиқатан ҳам мол гўшти қимматлашгани ем билан боғлиқми? Унинг нархи ошганига сабаб нима?

ЕМ ҚИММАТ ДЕБ КИМ АЙТДИ?

Маълумки, омихта ем, шрот ва шелуха каби озуқа товарлари мамлакатимиздаги донни қайта ишловчи ва ёғ-мой корхоналари томонидан ишлаб чиқарилади. Белгиланган тартибга кўра, ушбу субъектлар маҳсулотни харидорларга тўғридан-тўғри реализация қилиш, яъни сотиш ҳуқуқига эга эмас. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2008 йил 21 апрелдаги қарорига мувофиқ, бу товарлар фақат Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси орқали ички бозорга етказиб берилади. Биржадан эса ҳамма ҳам ем сотиб ололмайди. Хўш, бундай ҳуқуқ кимга берилган?

Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 16 январда рўйхатдан ўтказилган қарор билан Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси биржа савдоларида омихта емни сотиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомда кўрсатилишича, улгуржи ва/ёки чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган, маҳсулотни очиқ биржа савдоларида харид қилиб олувчи, уни фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари эгаларига сотиш учун ихтисослаштирилган пунктларга етказиб берувчи ем-хашак, шу жумладан омихта ем, шрот ва шелуха сотиш бўйича туман ва вилоят бирлашмалари шундай ваколатга эга.

Бугунги кунда вилоятимизда бу борадаги рухсат "Қашқадарё озуқа-ем таъминоти" масъулияти чекланган жамиятига тегишли. Айнан шу субъект вилоятимиз миқёсида махсус шохобчалар орқали омихта ем сотишни ташкил этади.

- Омихта емни улгуржи ва чакана сотамиз, - дейди ташкилот раҳбари Жаҳонгир Баратов. - Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига улгуржи нархлар асосида маҳсулот етказиб берамиз. Аҳолига эса чакана. Айни пайтда вилоятда 188 та шохобчамиз фаолият юритаяпти. Нархлар вақтинчалик тартибга асосан белгиланган. 20 фоизгача устама қўя оламиз, холос. Бундан юқорисига рухсат йўқ.

Мутасаддининг сўзларига ишонадиган бўлсак, биржадан сотиб олинган маҳсулотга кўпи билан 20 фоиз устама қўйилади. Айтайлик, шротнинг биржа нархи 1000 сўм бўлса, унинг улгуржи ёки чакана нархи жа борса 1200 сўмни ташкил этиши керак. Албатта, бу тахлит нарх белгиланиши адолатли. Аҳолининг манфаатига тўла мос.

Демак, кўриниб турибдики, чорва озуқа маҳсулотларининг илк баҳоси биржа савдоларида шаклланади. Сўнгги вақтда биржа савдоларида улар қандай нархда сотилган? Шу билан атрофлича қизиқдим. Яқин орада ўтказилган биржадаги нархлар котировкаси қуйидагича: бир тонна пахта чигити шелухаси 494 минг 270 сўм дея баҳоланган. Демак унинг бир килоси нархи деярли 500 сўмга тенг. Шунча пахта чигити шроти (кунжараси) 983 минг сўм атрофида бўлса, бир килоси тахминан 990 сўмга етади. 20 фоизлик устама қўйилса, унинг нархи 1200 сўмни ташкил этади. Бир тонна омихта ем, яъни кепак эса 552 минг сўм дея қайд этилган. Аён бўладики, нархлар унча юқори эмас.

1200 СЎМЛИК КУНЖАРА ҚАЕРДА СОТИЛАЯПТИ?

 

Аммо бир нарса мавҳумлигича қолаяпти. Ем мақбул нархда сотилаётган бўлса, унинг қимматлашгани борасидаги эътирозлар қаердан пайдо бўлди? Кимга ишониш керак? Аслида ҳақиқий аҳвол қандай? 

Ушбу саволга жавобни "Қашқадарё озуқа-ем таъминоти" МЧЖга тегишли 225-сонли шохобчадан топдим. Бу шохобча Қарши шаҳри Каманди маҳалласи ҳудудида жойлашган. Шохобча биноси алоҳида бўлмаларга бўлинган. Бирида - шрот, бошқасида - кепак. Сотувчидан уларнинг нархини суриштирдим.

- Шрот - 1700 сўм, кепак эса 1000 сўмдан, - дея аниқ таъкидлади шохобча ходими.

Шу аснода Қарши шаҳридаги бир қанча шохобчаларга кириб чиқдим. Сўраб аниқлаганим шу бўлдики, барчасида нархлар деярли бир хил. Тўлов фақат нақд пулда. Ем пластикка сотилмаслигини мулойимлик билан тушунтиришди. Эътиборлиси, маҳсулотларнинг ичида энг юқори қийматда сотилаётгани пахта чигити шроти, яъни кунжара экан. Баҳоси - 2300 дан  2500 сўмгача. Ҳа-ҳа, этибор беринг, 1200 сўм эмас. Унга нарх белгилашда қанча устама қўйилганини ўзингиз ҳисоблаб олаверасиз. Аниғи шуки, бу миқдор 100 фоиздан ҳам баланд. Агар 100 килограмм кунжара олмоқчи бўлсангиз, 100 минг сўмдан кўп ортиқча пул тўлашингиз керак.

Хўш, буни қандай тушуниш керак? Нега чорва озуқаси бегиланган нарх асосида эмас, анча қиммат сотилаяпти? Ваколатли ташкилот ўша вақтинчалик тартибга сўзда амал қиладию, амалда йўқми? Ҳеч ким унга риоя қилмаса, нима учун жорий этилган ўша тартиб? Уни ким жорий қилган ўзи? Ё шохобчалар масъуллари ем қандай нархда сотилиши кераклигидан бехабарми? Емнинг бу қадар қиммат сотилишидан ким манфаатдор? "Қашқадарё озуқа-ем таъминоти" МЧЖми ёки унинг шохобчалари? Нега бу ҳолат бошқа мутасадди идоралар томонидан назоратга олинмаяпти?

Энди ўша дастлабки саволни яна қўямиз: Хўш, мол гўшти нархи нега қимматлашди? Мақолани ўқиб, Сиз бу саволга жавоб топгандай бўлгандирсиз? Ўзингиз бохабар бошқа "занжир" сабабларни хаёлдан ўтказиб, қатъий бир хулосага ҳам келгандирсиз?

Кейинги саволни ўртага ташлаймиз: Бунга ким айбдор? Бунинг ортидан ким манфаат кўраяпти? Бу саволлар риторик сўровга ўхшайди, бугун аслида. Аҳволни билган одам бу саволларни эшитгач,  харажатларга биржа савдолари, емни ишлаб чиқарувчи субъект омборидан олиб чиқиш ва ҳоказо жараёнларда тақдим  этиладиган "мукофот" ҳисобини ҳам қўшиб қўяди. Нима ҳам деймиз: истеъмолчига қийин. Бу аниқ...

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!