Меню

Қашқадарё

25.10.2019 1364

МОЛ БОҚСАНГ, НАСЛЛИСИДАН БОҚ

 

Янги тармоқ

МОЛ БОҚСАНГ, НАСЛЛИСИДАН БОҚ

- улардан олинган гўшт ва сут қилинган харажатни оқлайди

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўзимизнинг маҳаллий зотли сигирдан бир кунда ўртача 5-10 литрдан сут соғиб олинса, хориждан келтирилган зотдор сигирларда бу кўрсаткич 20-30 литрни  ташкил этади. Шунингдек, маҳаллий сигирдан олинган бузоқ икки йил боқилса, кўпи билан 150 килограммгача гўшт беради. Икки ёшли наслли буқадан эса 300-400 килограммгача гўшт олиш мумкин.

Кўринадики, зотдор, наслли чорва молларини боқиш гўшт ва сут етиштиришда сермаҳсулликни бир неча маротаба оширади. Шундан келиб чиққан ҳолда, сўнгги йилларда мамлакатимизда бу турдаги молларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Польша, Украина, Германия, Венгрия каби давлатлардан маҳсулот унумдорлиги юқори бўлган зотдор молларни олиб келиб парваришлаётган тадбиркорларимиз сони ошиб бормоқда.

Миришкор туманидаги "Чориев Ражаббой" фермер хўжалиги раҳбари Шавкат Тўрақулов ҳам 2018 йилда хориждан зотли ёш сигирларни харид қилиб, чорвачилик фаолиятини йўлга қўйди.

- Аввал фермер хўжалигимиз фақат пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган эди, - дейди у. - Ҳар йили яхши ишлаб, яхши даромад қилишимиз эвазига иқтисодий салоҳиятимиз бирмунча ошди. Яна бир қўшимча тармоқни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлди. Шу боис ўз сармоямиз ҳамда банк томонидан тақдим этилган имтиёзли кредит эвазига йирик чорвачилик комплексини ташкил қилиб, зарур шарт-шароитларни ҳозирладик. Шундан сўнг Украина давлатидан 668 миллион 250 минг сўм маблағ эвазига 33 бош "Симментал" зотли ёш сигирларни харид қилган эдик. Айни пайтда уларнинг аксариятидан бузоқлар олиниб, ички бозорга сут етказиб беришни бошладик.

Фермер келгусида моллар бош сонини кўпайтириб, аҳоли ва тадбиркорларга наслли моллар етказиб беришни йўлга қўйиш, шунингдек, сут ва гўшт етиштириш кўламини оширишни мақсад қилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!