Меню
Қашқадарё
МИЯНИ МАШҚ ҚИЛДИРИШ
Аслида танага оид ҳар битта истагимизнинг амалга ошиши бош мия, унда кечаётган жараёнлар орқали юз беради. Агар ҳатто энг оддий жисмоний эҳтиёж ҳам энг аввал мияда ўз аксини топмас, уни бажариш учун организм тегишлича “буйруқ” олмас экан, амалга ошиши мумкин эмас. Инсон танаси сингари мия ҳам ривожлантирувчи омилларга эҳтиёж сезади. Унга ҳам парвариш, эътибор зарур. Мутахассисларнинг аниқлашича, инсон ўз миясининг фақат 10 фоизинигина фаол ишлатади, ақлий коэффициенти юқори бўлганлар эса мияни бундан кўпроқ ишлатиш орқали буюк кашфиётларга қўл уриб, инсоният тамаддунида бурилиш ясагани маълум. Миянинг ривожлантирилиши, йиллар давомида тинмай машқ қилдириб борилиши эса инсоннинг ақлий-ижодий қобилиятини ўстириб, яшаш фаоллигини ошириши, ҳатто улуғ ёш яшаганида ҳам ақлан тийрак, фикран ўткир бўлишини таъминлаши мумкин.
Барчамизга яхши маълумки, мия икки қисмдан: ўнг ва чап яримшарлардан иборат. Айримлар миясининг ўнг яримшари яхши ривожланган бўлса, бошқаларда чап яримшар яхшироқ тараққий этади. Яна бир тоифа кишилар ҳам борки, уларда миянинг ҳар икки қисми бирдай фаол бўлади. Ҳар иккала қисмнинг ўз бажарадиган вазифалари бўлиб, чап яримшар мантиқий тафаккур учун жавобгар. Ўнг яримшар эса ижодий фикрлашга масъул. Аниқ фанлар соҳасида шуҳрат қозонган кишилар миясининг чап, ижодкор инсонлар миясининг эса ўнг яримшари яхши ривожланган бўлади. Баъзан эса миясининг ҳар иккала қисми ҳам яхши ривожланган бўлиб, турли ғоялар, янги-янги фикрлар бера оладиган, кўп лойиҳаларни режалаштирса-да, бошлаган ишини охирига етказа олмайдиган кишиларни ҳам учратамиз. Мутахассисларнинг айтишларича, бундай одамлар мия фаолиятининг бир зайлда кечишига эриша олмаган, ўз ақлий салоҳиятини тартибга солишга қийналадиганлардир.
Ҳар учала турдаги инсонлар мияси ҳам, юқорида айтилгани каби, машққа эҳтиёж сезади. Яъни мияни ривожлантирувчи усуллар ақлий қобилиятнинг узоқ вақт бирдай фаол сақланишига, ўткир тафаккурнинг умри узун бўлишига ёрдам беради. Машқ ёрдамида “беқарор”, “тизгинсиз” мияни жиловлаб, тўғри йўналтириш имкони ҳам бор. Айниқса, ижодий-ақлий меҳнат билан машғул кишилар айрим жиҳатларга эътибор беришлари мақсадга мувофиқ. Қуйида олимларнинг ана шундай тавсия ва маслаҳатларини кўриб чиқамиз.
Энг аввало, айрим кишиларда бир нотўғри тушунча шаклланганини эслатиб ўтиш жоиз. Яъни кўп китоб ўқиш, математик мисол-тенгламаларни ечиш, бошқотирмалар билан шуғулланиш мияни толиқтиради, деб ҳисобланади. Бироқ хорижлик тадқиқотчилар ўтказган тажрибалар бунинг аксини кўрсатади: кўп “ишлатилган” мия борган сари чархланиб, ўткирлашиб боравериши, қуввати ишга солинмаган мия эса бора-бора сустлашиб, фикран ўтмаслашиб, “дангаса”га айланиши маълум бўлди. Таниқли швед адибаси Сельма Лагерлёф бир қаҳрамони тилидан айтгани каби, мия шундай мўъжизаки, унга қанча кўп нарса жойлаштирилса, шунча кўп бўш жой қолади. Шунинг учун бадиий, илмий асарларни канда қилмасдан мутолаа қилиб бориш, бир кунда, ҳеч бўлмаганда, 5-6 саҳифа китоб ўқиш тавсия қилинади. Тафаккурни кенгайтиришда мутолаанинг ўрни қанчалик муҳим бўлса, руҳий зарба – стрессни енгишда ҳам бу усул шунчалик аҳамиятли ва самаралидир. Бундан ташқари, бўш вақтда турли бошқотирмалар ечиш, қизиқарли масала ва жумбоқлар жавоби устида ўйланиш, вақти-вақти билан шеър ёд олиш, болаликда ёдлаганларини эслашга уриниш ва хотирада қолганларини такрорлаш ҳам мияни фаоллаштиради. Бу йўл яна хотирани мустаҳкамлашга ёрдам бериши аниқланган. Агар ишдан бўш вақтларингизни ҳар хил қизиқарли кичик ҳикоялар, латифа ўйлаб топишга бағишласангиз, бу машғулот ҳам мияни чархлаши, ҳам кайфиятни кўтариши тайин. Тушлик маҳали ҳамкасблар билан дам олаётганда ёки оила даврасида биргаликда ўйналадиган осон ва завқли ўйинлар – топишмоқ айтиш, сўзни сўзга улаш ёки бир сўздаги ҳарфлардан янги сўз ясаш каби машғулотлар ҳам миянинг ишдан чалғиб, бироз дам олиши ва фаоллашишига туртки бўлади. Булардан ташқари, яна бир неча усуллар борки, уларни билиб қўйиш ва бажаришга одатланиш орқали тез орада ақлий-ижодий қобилият ўсганини сезиш мумкин экан.
Руҳшунос Алексис Кастори ҳар куни эрта тонгда – уйқудан уйғонгач, 5-10 дақиқа давомида қуйидаги машқларни бажаришни тавсия қилади:
- 100 дан 1 гача тез санаш;
- ҳар битта ҳарфга сўз айтган ҳолда алифбони такрорлаш (бу имкон қадар тез бўлиши керак: агар бирор ҳарфда 30 секунд тўхтаб қолсангиз, кейингисига ўтинг);
- 20 та эркаклар исмини айтиш ва ҳар бирини рақамлаш;
- 20 та аёллар исмини айтиш;
- 20 та озиқ-овқат маҳсулоти номини санаш;
- алифбодан танланган битта ҳарфга 20 та сўз айтиш ва уларни рақамлаш;
- танланган ҳарфга 20 та сўз айтиш.
Мутахассис бу машқларни овоз чиқариб ва кўзларни катта-катта очган ҳолда бажаришни тавсия этади. Энг охирида кўзни юмиб, 20 гача санаш ва яна очиш керак. Бу машқларни бажариш жараёнида мия эрталабки уйқу ҳолатидан тез чиқади, юз мушакларини ишлатиш эса тери тонусини яхшиласа, уларнинг бир зайлдаги ҳаракати натижасида миянинг мазкур мушаклар, кўз учун жавобгар толалари фаоллашади. Мия эрталабки бундай машқдан сўнг кун бўйи бир маромда ишлашга ҳозир бўлади.
Айтишларича, ўзи учун янги муҳитга тушиш мия фаолиятига ижобий таъсир ўтказар экан. Шунинг учун янги-янги жойларга саёҳат қилиш, шаҳар ёки қўшни тумандаги ўзингиз ҳали бўлмаган ерга боришга ҳаракат қилинг. Жуда бўлмаганда, ҳар куни ишга борадиган йўлни ўзгартириб, бутунлай бошқа (гарчи сал узоқроқ, айланма йўл бўлса ҳам) йўлдан бориб кўринг. Бундай ҳолатда мия сергак тортади, нотаниш жойга мослашиш учун зўр бериб ишлай бошлайди. “Ишдан қайтганингизда хонангиздаги чироқни ёқишга ошиқманг, - дейди мутахассислар. – Аксинча, шошилмасдан, хотирангизга таянган ҳолда нарсаларингиз қаерда турганини пайпаслаб топишга урининг”. Бу машқ айниқса диққатини тўплашга қийналадиганлар учун фойдали, чунки бундай ҳолат кишидан бор эътиборни бир жойга йиғишни талаб қилади. Одатда, керакли юмушларни доим битта қўлда бажаришга одатланганмиз: клавиатурада айримлар чап қўлини, бошқалар ўнгини кўпроқ юргизади. Юз ювганда, тиш тозалаганда, пичоқ ушлаганда ҳам шундай. Бирор юмушни шошилмасдан бажариш имконияти юзага келганида “навбатчи” қўлни алмаштириш ҳам миянинг фаоллашувига сабаб бўлади. Мутахассислар ўз миясининг доим фаол бўлишини истовчиларга қизиқ бир ишни - Брайль алифбоси ва имо-ишора тилини ўрганишни тавсия этишади. Буни ўрганиш албатта қийин, аммо бармоқлар ёрдамида ўқиш ва гаплашиш ноодатий тарзда туйғуларни жонлантириб юборар экан. Ҳар бир ишда қатъий қоида тусини олган бир одат бор: ҳар қайсимиз яхши эплайдиган вазифаларимизни бажаришга ҳаракат қиламиз. Аммо олимларнинг уқтиришига кўра, агар унчалик яхши билмайдиган юмушни бажаришни сўраб қолишса, ҳеч иккиланмасдан рози бўлишимиз лозим. Чунки мия сиз нима қилишни аниқ билмаган вақтингизда одатдагидан кўра тезроқ фаоллашиб, юзага келган вазиятдан чиқиш учун йўл излай бошлайди.
Ҳар куни ҳамкасблар, таниш-билишлар билан учрашар эканмиз, бир хилда ҳол-аҳвол сўраймиз ва бу саволларга бир хил жавоб оламиз. Мутахассислар эса бу одатий саволларга бироз ноодатийроқ жавоб қайтаришни тавсия этишади. Бир хилликдан қочиш, белгиланган қолипдан чиқиш миянинг иш қобилиятини ўстиришга ёрдам бериб, тасаввурни кенгайтиради.
Албатта, юқоридаги машқлар билан бирга, истеъмол рационига ҳам мия фаолиятини яхшилайдиган маҳсулотларни киритиш шарт. Тавсияларга кўра, ҳар куни 3 дона ёнғоқ ёки бодом ейиш мияга ижобий таъсир кўрсатиб, хотира сусайишининг олдини олади. Шакар истеъмолини камайтириш, лецитинга бой дағал ундан тайёрланган нон ейиш ҳам мия учун фойдали. Олма шарбатини доимий ичиб юриш орқали хотирани мустаҳкамлаш, миянинг бир маромда ишлашини таъминлаш мумкин. Кечки пайт тўйиб овқатланмаслик, уйқуга ётиш олдидан ошқозоннинг бўш бўлиши ҳам мия фаолиятига ижобий таъсир ўтказади. Шунингдек, ҳафта-ўн кунда бир-икки кунни парҳезга ажратиш лозим экан. Парҳез, яъни даволовчи очлик танани тозалайди ва ундан токсинларни ҳайдаб чиқаради. Бу вақтда салбий ҳиссиётлар – қўрқув, алам, безовталик кабилар босилади ва ақл тиниқлашади. Бу ўз навбатида диққатни кучайтиради, ижодий қобилият ва заковатни оширади.
Хуллас, юқоридаги тавсияларга амал қилган киши миясининг толиққани, иш қобилияти пасайганидан кам шикоят қилади. Миянинг доимий фаол, фикрнинг ўткир, ижодий қобилиятнинг юқори бўлиши эса одамнинг ўзига завқ бағишлаб, унинг ҳаётий тонусини оширса, умум ишига катта ҳисса қўшишини таъминлайди.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади