Меню

Қашқадарё

30.03.2021 1601

Мия саратонига қарши биринчи вакцина

Германияда ишлаб чиқарилган мия саратонига қарши вакцинанинг инсонларда ўтказилган биринчи босқич синови умидли натижалар кўрсатди.

Буни билиш қанчалик ёқимсиз туюлмасин, барчамизнинг организмимизда ҳар куни саратон тўқималари пайдо бўлади. Махсус иммун "патрул"лари эса уларни аниқлаб, йўқ қилади. Бироқ, баъзида иммун тизими у ёки бу сабаб билан хавфни илғамайди, ё унга қарши курашмайди. Шунда инсон танаси бирор нуқтасида шиш пайдо бўлиб, ўса бошлайди.

Бу касалликка қарши эмлаш ғояси организмнинг иммун кучини саратон тўқималари билан курашга сафарбар қилишни назарда тутади. Бунинг учун инсон танасига вакцина киритиш керак. У саратон тўқимаси шаклланишида иштирок этувчи, лекин соғлом одамда учрамайдиган оқсил сақлайди. Ушбу модда ўзига ўзи хавф туғдирмайди, бироқ иммун тизими ҳар қандай бегона оқсилни душман сифатида қабул қилиб, унга қарши ҳужум қилишни ўрганади. Шу тарзда қўзғатилган иммунитет қаерда жойлашган бўлмасин, ана шу оқсилни блоклайди. Бу эса тизим бор кучи билан саратон тўқималарига қарши ҳужум бошлаганини англатади.

Бундай ғоя умумий йўсиндаги қараш. У оддий кўриниши мумкин, бироқ амалда натижага эришиш учун кўп изланиш керак. Ниҳоят, яқинда олимлар инсонда синашга рухсат этилган мия саратонига қарши вакцина ишлаб чиқишди.

"Nature" журналида эълон қилинган шунга оид илмий мақолада ёзилишича, бу препаратнинг аниқ нишони - диффузион глиома (аралашган шиш). Одатий усуллар билан уни даволаш қийин. Бироқ, иммунотерапия учун жуда қулай: ушбу онкологик касаллик билан оғриган беморларнинг 70 фоизидан ортиғида глиома тўқимаси соғлом тўқималарда учрамайдиган аниқ оқсил ўлчовига эга. Олимлар вакцинани ана шу оқсилга йўналтирди.

Вакцина синовида глиома ташхиси қўйилган 33 одам иштирок этди. Беморлар анъанавий даволаниш билан бирга эмланган ҳам. Тадқиқот препаратнинг хавфсизлиги ва иммун жавоб чақириш қобилияти қандайлигига аниқлик киритиши керак эди. Унинг самарадорлиги эса кейин ўрганилади.

Хавфсизлик борасида ҳаммаси жойида кўринади. Ҳеч қандай жиддий ножўя таъсир қайд қилинмади. Синовда қатнашганларнинг 30 нафари (91 фоизи)да иммун тизими жавоби кузатилди. Улар қонида муайян оқсилларга самарали ҳужум қила оладиган иммун тўқималари аниқланди.

Олимлар илмий изланишнинг кейинги босқичига назорат гуруҳини қўшмоқчи. Бир гуруҳ беморлар фақат анъанавий муолажа олса, иккинчи гуруҳга вакцина қўшимча қилинади. Бу эса эмлаш саратондан тузалишга ҳақиқатан ҳам ёрдам бераётганига аниқлик киритиш имконини беради.

Эҳтимол, тез орада ўлим хавфи юқори бўлган яна бир касалликка қарши самарали восита яратилар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!