Меню
Қашқадарё
МИТТИ ЮЛДУЗЛАР ЖИЛОСИ
Ёш истеъдодларни кашф этиш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданият ва санъатга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган "Камалак юлдузлари-2017" болалар ижодиёти фестивалининг туман (шаҳар) босқичлари Лола сингари 4 мингдан зиёд истеъдодли ўғил-қизларни ўзида жамлагани билан аҳамиятли.
- Бу йилги танловда қатнашиш учун тушган аризалар сони ўтган йилгидан 1500 тага кўп, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси ўринбосари, "Камалак" болалар ташкилоти раиси Нилуфар Назарова. - Биргина Муборак туманида ушбу танловда қатнашиш истагини билдирганлардан 300 та ариза қабул қилинган. Бу эса шуни кўрсатадики, фестиваль нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Фестивалнинг саралаш босқичида ғолибликни қўлга киритган 280 нафар якка ижрочи ва 18 жамоа вилоят босқичида иштирок этди. "Камалак" юлдузлари танловнинг 6 йўналиши - вокал, классика, миллий чолғулар, рақс, тасвирий ва амалий санъат, назм, наср ва адабиёт бўйича ўз иқтидорларини намойиш этишди. Болажонларнинг чиқишлари таниқли маданият ва санъат намояндаларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
- Танловнинг тасвирий ва амалий санъат йўналишида ғолиб бўлдим, - дейди Ғузор туманилик Қодир Қурбонов. - Бундан жуда хурсандман. Республика босқичида ҳам юқори ўринни эгаллашга ҳаракат қиламан.
Фестиваль якунида тасвирий ва амалий санъат йўналиши иштирокчиларининг ижодий ишларидан иборат кўргазма намойиш этилди. Шунингдек, ёш мусиқачилар иштирокидаги галаконцерт ҳам тадбир меҳмонлари эътиборига ҳавола этилди.
Х.ҚИЛИЧЕВА
Суратларда: танловдан лавҳалар.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.