Меню
Қашқадарё
ҚЎМИТА ХОТИН-ҚИЗЛАР МУАММОЛАРИГА ЕЧИМ ТОПА ОЛАЯПТИМИ?
Беш ижобий ташаббуснинг хотин-қизлар бандлигини оширишга доир бешинчиси бўйича 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёллар учун иш ўринлари яратиш кўзда тутилди. Вилоятимизда ҳам жорий йилда Яккабоғ туманининг Эски Яккабоғ маҳалласидаги ва Китоб тумани Шарқ юлдузи маҳалласидаги тикув цехларида 200 тадан, Нишон туманидаги Дўстлик маҳалласида 140 иш ўрнига эга тикув цехлари қурилиши бошланди. Бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда ушбу туманлардаги иш билан банд бўлмаган 600 нафар хотин-қиз тикувчилик йўналиши бўйича касбга қайта ўқитилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситхонованинг вилоятимизга ташрифи давомида шу ҳақда айтиб ўтилди.
Вилоят ҳокимлигида ташкил этилган учрашувда вилоят, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари раислари, қўмита бошланғич ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Э.Баситхонова ўз сўзида аёллар реабилитация маркази, аёллар маслаҳатхонаси, қизлар саломатлиги маркази, хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, маҳалла идораси каби ижтимоий тузилмалар фаолияти, аёлларни иш билан таъминлаш ва уларга кредитлар бериш ҳолатлари билан танишиш, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан юзма-юз суҳбатлар ўтказиб, масъулиятини кучайтириш, ижтимоий ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган қизларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Йиғилиш давомида фаол қайноналарга, оғир ижтимоий шароитда яшаётган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга маиший техника буюмлари топширилди.
- Бир нафар фарзандим билан амакимнинг уйида яшайман, - дейди Қарши шаҳридаги Насаф маҳалласилик Сурайё Жўраева. - Уй-жой олиш учун қилган мурожаатим бугун ижобий ҳал этилди. Жуда хурсандман.
Хотин-қизлар қўмитаси раиси шу куни Касби туманидаги Дўстлик маҳалласида жойлашган ижтимоий мослашув реабилитация марказининг очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Марказнинг пастки қаватида кам таъминланган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган 30 ўринли тикувчилик цехи ва фитнес клуби фаолияти билан танишди.
Сўнг туман ФҲДЁ бўлимида келин-куёвлар инновацион мактабининг очилиш маросими ўтказилди. Кўп тармоқли поликлиникадаги аёллар маслаҳат бўлими ва қизлар саломатлиги маркази иш фаолияти бориб кўрилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА