Меню

Қашқадарё

06.08.2019 1762

МИСР, ТУРКИЯ, ГРУЗИЯ КАБИ

Нега шундай бўлди? Ким айбдор? Йўл қўйган хатолардан хулоса чиқардикми?

Ўзбекистон тарафининг саъй-ҳаракатлари, Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсиялари асосида ишлаб чиқилган "Йўл харитаси" асосида  бу хавфлар бартараф қилинди. Демак, энди тарихий обидаларимизни асраш ва улар атрофида қурилишлар қилишда ЮНЕСКО таклифлари билан ҳисоблашиш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб қолаяпти.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон мустақил бўлгандан буён мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 1999 йилдаги "Туризм тўғрисида"ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги "Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони шулар жумласидан. Мақсад мамлакатимизда туризм ва ҳудудларни жадал ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган.

Шу ўринда бир савол туғилади: Миср, Туркия, Грузия сингари давлатлар каби туризм соҳасидан катта даромад кўриш учун нима қилиш керак?

Мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш учун 2019 йилнинг 18 июлида Президент томонидан "Туризм тўғрисида"ги янги Қонун имзоланди ва у жорий йилнинг 18 октябридан эътиборан кучга киради. Қонунда туризм, тур, турист, туристик ваучер, экскурсант каби бир қатор тушунчаларга таъриф берилди. Туризм соҳасини мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш, сайёҳларнинг ҳуқуқларини ва хавфсизлигини таъминлаш, туристик ресурслардан унумли фойдаланиш, бу соҳага инвестицияларни жалб қилиш, давлат-хусусий шерикчилик ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Туризм соҳасида Вазирлар Маҳкамаси ваколатларига ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва уни рўёбга чиқаришни мувофиқлаштириш, туристик зоналар, туристик кластерларни ташкил этиш ва уларда туризм соҳаси субъектлари фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилаш, хизматларни сертификатлаштириш, туристлар ва экскурсантларни суғурта қилиш, уларга тиббий, ҳуқуқий ҳамда бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш тартибини белгилаш, бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш, туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва туризмни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, меҳмонхона хизматларини, туроператорлар ва турагентлар хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш каби вазифалар киради.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи бўлиб, у туризм соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Унинг ваколатлари қонунда аниқ белгиланган. Қўмитанинг вилоятларда ҳудудий бўлинмалари бўлиб, уларнинг фаолияти вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосари томонидан мувофиқлаштирилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудудда туризм соҳасидаги давлат сиёсатини ва ушбу соҳани мувофиқлаштиришни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси билан биргаликда туризм соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди, тегишли шарт-шароитларни яратади. Туристик ахборот марказларини ташкил қилади.

Қонун нормаларида туризм соҳаси субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги, туризмни барқарор ривожлантириш ва бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш, туризм соҳасида тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рақобатни ривожлантириш, ошкоралик ва очиқлик каби асосий принциплар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, қонунда халқаро ва ички туризм шакллари, шунингдек, маданий-тарихий, зиёрат, экологик, маърифий,  спорт, тиббий, ёшлар туризми, агротуризм каби саёҳат турлари мустаҳкамланмоқда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг туризм соҳаси тадбирларидаги иштироки механизмлари белгиланган. Улар туризмни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, жамоатчилик назорати, давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишдан иборат. Ушбу қонун талаблари ижросини таъминлаш мамлакатимизда туризм соҳаси ривожини кафолатлайди. Бинобарин, ўша Миср, Туркия, Грузия сингари давлатлар тажрибасида ҳам ана шулар ўз аксини топган.

Юртимизга туристларни жалб қилиш орқали иш ўринлари яратиш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиздаги тинчлик ва аждодларимиздан қолган тарихий обидалар, буюк алломалар амалга оширган ишлар, халқимизнинг маънавий бойлиги ва бетакрор урф-одатлари туристлар оқимини кўпайтиради. Ўз навбатида шаҳар ва қишлоқларимиздаги ободлигу озодалик ҳамда халқимизнинг хориждан келган меҳмонларга бўладиган муомала маданияти ҳам бу ишларга ўз таъсирини кўрсатади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!