Меню

Қашқадарё

26.05.2020 1239

МИРИШКОРЛИКЛАР 60 ТОННА ПИЛЛА ТАЙЁРЛАШДИ

Ушбу чўл тумани фермер ва касаначилари вилоятда пилла тайёрлаш режасини биринчи бўлиб бажаришди.

Аслида Қашқадарё табиий-иқлим шароитини яхши билган киши пиллачилик тармоғи иши туманлараро "биринчи", "иккинчи" дея мусобақа кўриниши бериладиган кимўзар эмаслигини яхши англайди. Сабаби, баҳор нисбатан эрта келадиган ҳудудларда ипак қурти парвариши ҳам шунга монанд тарзда бошлаб юборилади. Демак, бу борада ўрин эмас, ҳосил сифати ва салмоғи муҳим. 

Туман ҳокимлиги маълумотларига кўра, биринчи мавсумда ҳудудда 976 та звенода 1090 қути ипак қурти боқилди. 22 май ҳолатида кўзда тутилган 60 тонна ҳосил тайёр бўлди. Яна 10 тонна қўшимча пилла саранжомлаш мўлжал қилинган.

Жонкуярлик билан бажарилган меҳнат албатта муносиб рағбат топиши керак. Шунга мувофиқ, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев 23 май куни Миришкор туманида бўлиб, пилла тайёрлашда фаоллик кўрсатган 61 нафар илғор фермер ва касаначига совға-салом улашди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг дастлабки мавсумида вилоятимиз пиллакорлари жами 36 минг 364 қути ипак қурти парваришламоқда. Мавсум сўнгида 2 минг тонна пилла   тайёрлаш мақсад қилинган.

Ўз мухбиримиз  

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!