Меню
Қашқадарё
МИРИШКОРДА СОХТА КАДАСТРЧИ АНИҚЛАНДИ
Жиноятга жазо муқаррар
Осон пул топишга ўрганган кимсалар кўпайганми, ё ҳаммаям қонунни, ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги сабабми, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар тез-тез учраб турибди. Шундайлардан бири Миришкор туманида аниқланди.
Янги Миришкор маҳалласида яшовчи, ихтисослаштирилган қурилиш-таъмирлаш корхонаси ишчиси бўлган О.Х. ўзини кадастр идораси ходими сифатида таништирган ҳолда кўп кишиларни чув туширишга интилди. Дастлаб у Навбаҳор маҳалласида яшовчи Х.М.нинг уй қуриш учун ер излаб юрганидан хабар топиб қолади. Сўнг унга ҳар бир киши учун 0,04 гектардан, 5 кишига жами 0,2 гектар ҳажмли ер участкасини кадастр ҳужжатлари билан бирга тайёрлаб беришни ваъда қилади.
“Холис хизмат” эвазига эса 2020 йил март ойи охирларида 2 миллион сўм ва апрелнинг бошларида 7 миллион 500 минг сўм пул ҳамда АТБ “Агробанк” пластик карточкасини олади.
Сўнг Гулистон маҳалласида яшовчи Р.Р.га ўзини туман кадастр бўлими бошлиғи ўринбосари деб таништирган ҳолда “700 минг сўмлик тўлови бор, шуни тўласангиз кадастр ҳужжатларингизни тахлаб бераман, ё бўлмаса сиз бир чой қилинг, кейин 550 минг сўм берсангиз бўлади, мен ўзим тўловини тўлаб, кадастр ҳужжатингизни олиб келиб бераман”, дейди.
Сохта кадастрчининг тузоғига кейинги гал баҳористонлик С.Ж. тушади. “Опа, 800 минг сўм тўлови бор, шуни берсангиз кадастр ҳужжатларини тахлаб бераман. Эрингиз вафот этган экан, майли, сиз 700 минг сўм берсангиз бўлади, бир ҳафтада биринчи бўлиб сизнинг ҳужжатларингизни чиқариб бераман” деган ишонтиришларга учган аёл айтилган пулни бериб юборади.
Табиийки, ўтган вақт ичида на кадастр ҳужжатидан, на пулдан, на “ҳожатбарор”дан дарак бўлади.
Ушбу фуқароларнинг аризалари асосида Миришкор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан О.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Н.ХЎЖАЕВ