Меню
Қашқадарё
МИРИШКОРДА КОРОНАВИРУС ЧИҚДИМИ?
Аввалроқ Жейнов қишлоғидан бир нафар кишида ҳамда туман шифохонаси юқумли касалликлар бўлимида коронавирус инфекцияси аниқлангани тўғрисида миш-мишлар тарқалган эди.
Туман ҳокимлиги расмий каналида жойлаштирилган хабарга кўра, Тошкент шаҳрида бўлиб қайтган Жейнов қишлоғида яшовчи фуқаро ва унинг 19 нафар оила аъзолари уй шароитида карантинга олинган.
Маълум бўлишича, уларнинг бирортасида Covid-2019 инфекцияси қайд этилмаган.
Тошкент шаҳри Сергели туманидан Миришкор туманига ота-онаси холидан хабар олиш мақсадида келган эр-хотин ва фарзанди дарҳол туман шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимига карантинга олинган. Тест натижаларига кўра уларда хам коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Шундай бўлса-да, карантин талабларига биноан 23 нафар фуқаро 14 кунлик карантинга олинган. Карантин қоидалари бажарилишини туман ИИБ назорат қилади.
“Азизлар, асоссиз миш-мишларни тарқатилишига йўл қуйманг, норасмий маълумотларга ишонманг.
Юртимизда "Covid-2019"га оид барча расмий маълумотлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган @koronavirusinfouz расмий каналида танишиб боришингиз мумкин.
Туманимиз яшил ҳудуд таркибига кириши ва инфекция қайд этилмаган бўлишига қарамасдан, барча карантин қоидаларига амал қилишга мажбурмиз, ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асранг”, дейилади хабарда.