Меню
Қашқадарё
МИРАКИНИНГ ТУРИСТИК ЖОЗИБАСИ
Соҳа истиқболлари
Шаҳрисабз туманининг Мираки қўрғончаси Ҳисор тоғ тизмалари этагида, Ҳисорак сув омборининг қуйи қисмида жойлашган.
Маҳалланинг бир томонида Оқдарё дарёси доимо кўпириб, ҳайқириб оқса, яна бир томонидан Қорадарё ёйилиб, секин мавжланади.
Ҳудуднинг бетакрор табиати азалдан сайёҳлар, дам олувчиларни ўзига мафтун этиб келган. Айниқса, иссиқ ёз ойлари бу ер одамлар билан гавжум бўлади. Узоқ йиллардан буён шундай, лекин шу вақтга қадар ҳудудда туризм хизматлари тизимли равишда йўлга қўйилмаган эди. Дам олишга келган кишилар эса икки дарё бўйлари, аҳоли томонидан қурилган қўлбола "дача"ларда замонавий ва қулай деб таърифлаб бўлмайдиган шароитларда дам олиб, қайтишарди.
Энди ҳудудда янги-янги туристик хизматлар йўлга қўйилмоқда.
- Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги тегишли қарори билан Шаҳрисабз туманида "Шаҳрисабз туристик маркази" ташкил этилди, - дейди Қашқадарё вилояти туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти раҳбари Муҳаммадхон Абдулхаиров. - Шу марказда 240 гектар ер майдонида халқаро экспертларни жалб қилиб, мастер-режа ишлаб чиқилган. Унинг доирасида умумий қиймати 117 миллион долларлик 48 та меҳмонхона, меҳмон уйлари ва аҳоли дам олиш масканлари қурилиши режалаштирилган. Натижада 1,7 мингта янги иш ўрини яратилиши мўлжалланган. Ҳозир биринчи босқичда 22 гектар ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилган. Ушбу ер майдонларини тадбиркорлар Президент қарори билан белгиланган имтиёзлар асосида 10 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан олмоқда. Шундан бугунги кунгача 60 миллион долларлик 1 минг 100 ўринли иккита меҳмонхона, 3 та хостел, иккита ресторан ва савдо кўнгилочар комплекси қурилиши бошланди. Яна 15 миллион долларлик 10 та қурилиш лойиҳаси бошланиш арафасида. Шаҳрисабздаги инфратузилма учун 30 миллион доллар йўналтирилар экан, ушбу маблағ эвазига Самарқанддан Қашқадарёга келадиган, Чироқчи туманидан ўтган 30 километрлик йўл таъмирланади. Бундан ташқари, Ҳисорак-Сарчашма ва Ҳисорак-Ғелон йўллари икки тасмали қилиб янгидан қурилади. Бу ҳам Шаҳрисабз туманига ташриф буюрувчи сайёҳлар учун муайян қулайликлар яратади.
Айни кунларда ҳудуддаги "Ҳисорак" сув омбори атрофи ҳам сайёҳлар билан гавжум. Кишига экстремал завқ бераётган дор йўли ва халинчакли майдон айнан давлатимиз раҳбарининг Шаҳрисабзни туризм масканига айлантириш билан боғлиқ ташаббуси асосида йўлга қўйилиб, ҳозирда бу ўзини оқламоқда.
- Биз Қарши шаҳридан келдик дам олгани, - дейди Комилжон Маҳкамов. - Ҳар йили келамиз Шаҳрисабзга, лекин бу йил ўзгаришлар жуда катта. Мазза қилиб оилавий айланяпмиз. Ҳаммаси ажойиб.
Таъкидлаш керакки, бунга қадар Шаҳрисабзнинг ўзида сайёҳларни кўпроқ олиб қолишга ундайдиган контентлар кам эди. Шу боис, "Ҳисорак" сув омбори ҳудудида 2 та 20 ўринли катерда саёҳат хизмати ташкил этилиб, янги туризм маршрути яратилди.
- Чет элларга боришга ҳожат йўқ, мана ўзимизда ҳам сувда саёҳат қилиш имконияти яратилган, - дейди Хилола Шерова. - Завқ беради кишига. Бугун дўстларимиз билан келганмиз. Оилавий келишни ҳам режа қилиб қўйдик.
Белгиланган режага мувофиқ ҳудудга хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда Шаҳрисабз тумани Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари орасида 3 минг гектарли тоғ-чанғи мажмуаси ташкил қилинади. Шу ва мазкур ҳудудда амалга оширилаётган бошқа лойиҳалар, табиийки, вилоятимизда туризм салоҳиятини юксалтириш, бу орқали янги сайёҳлик масканларини ташкил этиш ва пировард натижада аҳолини иш билан таъминланганлик даражаси ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, Шаҳрисабз туманида туризмни барча турларини ривожлантириш учун катта потенциал мавжуд. Келгусида ҳудуд бундан-да кўркам бўлиб, сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланишига ишонамиз.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган суратлар.