Меню
Қашқадарё
МИР ҲУЗУРИДАГИ МАЖЛИСЛАРДА КИМЛАР ИШТИРОК ЭТГАН?
Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига
Ўзбек адабиёти тарихида Ҳусайн Бойқаро ҳузурида ўтказилган олий мажлислар (Хуросонда шеърий мажлислар шундай аталган) каби шоирлар султони Алишер Навоий даргоҳида ҳам худди шундай шеърият кечалари ташкил этилган. Навоийнинг адабиёт аҳлига кўрсатган ғамхўрлиги самараси ўлароқ, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг зиёлилари унинг атрофида жам бўлдилар. Узоқ-яқиндан тўпланган шоирлар эса Навоийнинг шеърий мажлисларини безата бошладилар.
"Маҳбуб ул-қулуб"да Навоий ўзи ташкил этган ана шундай мажлисларни тилга олади: "Гоҳо иззат ва маъмурлик бўстонида мажлис қурдим. Улуғ кишиларни ва юқори мансаб эгаларини ҳурмат ва таъзим юзасидан меҳмон қилдим ва баъзан шодлик боғида зиёфат тузиб, ...хонанда ва созандаларнинг базму тароналаридан баҳраманд бўлдим.
М.Имомназаров "Буюк сиймолар, алломалар" китобидаги Алишер Навоийга бағишланган мақоласида адабий анжуманларни "маърифий суҳбатлар" деб атайди. "Алишер Навоий ўз ҳузурига тез-тез шеър, илм ва санъат аҳлини чорлаб, маърифий суҳбатлар уюштириб турар, ёш истеъдодларни тарбия қилиб, уларга шароит яратарди. Хондамир, Беҳзод, Восифий ва ўнлаб бошқа истеъдод эгалари шулар жумласидандир", дейди адабиётшунос.
Алишер Навоий ҳузуридаги бундай кечаларда қатнашиш ҳаммага ҳам насиб этмаган: "Олимларнинг улуғлари қачонки, унинг олий даражадаги йиғинларида қатнашиш имкониятини қўлга киритишса, унинг самимий қалби сирлари саҳифаларидан фойдали марваридлар йиғишар, фозилларнинг машҳурлари қачонки, ул ҳазрат ўтирган муборак гиламнинг бир четида ўтириш шарафига эга бўлишса, нозик фикрлар ва нафис сўзлар гавҳарларини теришарди", деб ёзади Ғиёсиддин Хондамир ўзининг "Макорим ул-ахлоқ" асарида.
Давлатшоҳ Самарқандий ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлаган ҳолда "Фозилларнинг мақсади унинг олий мажлисига етишишдир...Унинг ҳамсуҳбатлари хуштаъб, фозил кишилардир. Унинг мақбул хотири аҳли дилдан бошқасини истамас, оғир табиатлилар унинг назарига енгилтак бўлиб кўринар, балки ноаҳиллар унинг латиф мажлисларига киролмасдилар...", деб таъкидлаган.
Адабий мажлисларнинг асосий хусусиятларидан бири - унда биринчи навбатда мушоиралар, шеърхонликларнинг ташкил қилинганидир. "Ўтмиш адабий жараёнида мушоиралар муҳим ўрин тутади, яна ҳам аниқроғи, ўтмишда адабий жараён кўпроқ мушоира (шеър мажлиси, шоирлар анжумани) шаклида кечган. Мушоираларда шоирлар ўз асарларини тақдим этиш, улар ҳақидаги ўзгалар фикрини билиш, шунингдек, бошқа шоирлар билан ижодий фикр алмашиш, ҳамкорлик қилиш имконига эга бўлганлар. Мумтоз адабиётимиздаги бир қатор жанрлар, айрим шеър санъатларининг юзага келиши бевосита мушоиралар билан боғланади: уларнинг бир қисми мушоира иштирокчиларининг бир-бирларига жавоб айтиши (тазмин, тахмис), бошқа бир қисми шеърий мусобақа (муаммо, чистон, бадиҳа) руҳи билан боғлиқ ҳолда вужудга келган", дея қайд этилади манбаларда.
Зайниддин Восифийнинг "Бадоеъ ул-вақоеъ"сида келтирилган қуйидаги воқеадан Навоий ҳузуридаги адабий мажлислар мазмуни маълум бўлади.
"Мир (Навоий) овоз бердилар:
- Азизлар киринглар. Ҳеч эшитмаган ва хаёлингизга келмаган мақолатлардан эшитинглар!
Ҳамма жим бўлди. Мир Ҳофиз Ғиёсиддин Деҳдорга деди:
- Лофу даъво қилдинг. Энди изҳорини қил!
Ҳофиз аввал Қуръондан ашара ўқиди. Мажлис аҳлининг ҳушини олди. Кейин ғазал ўқиди. Ашула бошлади - дўсту душмани унинг овозига офаринлар ўқиди. "Амир Ҳамза" қиссасини бошлади. Кейин ўзи айтган бир достонни ўқиди ва мажлис аҳли ҳуши йўқолди. Уни тугатиб "Абомуслим" қиссасини ўқиди - ҳаммани сеҳрлаб қўйди. Мажлис охирида "Дороб" қиссасини бошлади. Боғбон билан унинг ғуломи шу ерда туришган эди. Уларнинг тақлидини қилиб ҳаммани кулдирди, баъзиларга шундай таъсир қилдики, кулавериб юмалаб қолдилар...
Ҳар ким ҳар илмдан баҳс қилди. Буларга ҳам жавоб қилди. Ҳаммадан ғолиб келди... Кейин Мирнинг буйруғи билан ўн беш қўй келтирдилар. Бошқа керакли асбоблар ҳам керагича ҳозирланди. Ҳофиз таббоҳлик қилди. Овқати ҳаммага ёқиб тушди".
Алишер Навоийнинг топшириғига биноан Мавлоно Соҳибдоро Ҳиротда юриб, адабий йиғинга келганда, ўз кўрган-кечирганлари, ғаройиб ва ажойиб воқеа-ҳодисалар, янги истеъдод соҳиблари, шоирлар ҳақида маълумот бериб борган, имтиҳонидан ўтган иқтидорли ёшларни олий мажлисга олиб келган: Алишер Навоий ҳар куни "...нени учратдингиз ва нима гаплар эшитдингиз, деб сўрайдилар. Мен (Соҳибдоро) жавоб бердим: "Бир кишини учратдим. Ўзи 16 ёки 17 ёшда. Номи айтилмай ўқилган ҳар қандай мушкул муаммони топади. Толиби илмликда, ҳофизу шоирликда катта иқтидори бор". Мир (Навоий) таажжуб билан сен (Соҳибдоро) у (Восифий)ни имтиҳон қилдингми, дедилар. Мен, бир мушкул муаммони номини айтмай ўқиган эдим, ечди, дедим. Ҳазрати Мир (Навоий) мен (Соҳибдоро)га у киши (Восифий)ни нега олиб келмадинг, деб эътироз билдирдилар".
"Амир Алишернинг адаб аҳлига ҳомийлик қилиши, барча учун илм масканлари эшигини очиб қўйганлиги натижаси ўлароқ, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг илм шайдолари, талабадан тортиб, донишмандгача унинг атрофида жам бўлдилар. Узоқ-яқиндан тўпланган шоирлар унинг мажлисларини безата бошладилар", дея гувоҳлик берилади "Бадоеъ ул-вақоеъ" асарида.
Ғиёсиддин Хондамир "Хулосат ул-ахбор"да унинг ўзи ҳам Навоий мажлисларида ҳикоятлар айтганини ёзиб қолдирган: "Улуғ амир, ҳидоятпаноҳ, кароматли Руҳнинг муаййиди (акси), сўфийсифат, соф ниятли рўзгор покизаси, мусулмон маросимларини улуғловчи, салтанат устуни ва мамлакат таянчи, ҳоқон давлатининг ишончли кишиси, султоннинг яқини, улким, саховат дастурхонидан барча муҳтож тўқ, ҳақ ва ҳақиқату дин низоми Амир Алишернинг шариф мажлисида ҳикоятлар сўйлар эдим. Ул жаноб менинг ҳикоятларимдан завқланар эдилар ва ҳазратнинг турли иноятлари бу қаноти синиқ банда аҳволи руҳиятига иссиқлик бахш этарди. Кундан-кунга бу ҳол кўпаяр ва соат сайин юксакликка кўтарилар эди".
Қолаверса, Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ, Фасиҳуддин Муҳаммад Низомий ҳам Навоий ҳузуридаги мажлисларда ваъз айтиш бахтига мушарраф бўлган: "(Низомийга) қадимги дастурга биноан (Навоий) олий йиғинларда ваъз айтишга рухсат бердилар. Ул жаноб буни мамнуният билан қабул қилди ва ҳар куни султон ҳазратлари яқин дўсти (Навоий)нинг остонасига бориб турдилар ва диний масалаларни таҳқиқ қилиш билан банд бўлдилар".
Камолиддин Беҳзод бир рангтасвир асарини Навоий мажлисига олиб келади. Суврат шундай чизилган эди: гуногун дарахтлар билан ўралган бир ораста боғ. Дарахт бутоқларида ранг-баранг хушсуврат қушлар. Ҳар тарафда ариқлар равон ва очилган зангори гул буталари. Мир (Навоий)нинг марғуб суврати шундай чизилган эдики, бир асони тутган ҳолда турибдилар. Зар тўла табақлар сочқи расми учун олдиларига қўйилган...
...Мир кейин мажлисга юзланиб, дедилар: "Азизлар, бу шарафлашга лойиқ саҳифа таърифу тавсифида хотирингизга нелар келур?" Навоийнинг устози ва Хуросоннинг эътиборли кишиларидан бўлган мавлоно Фасиҳуддин деди:
- Махдумлар, мен бу кўриб турганим очилган раъно гулларга қўл узатиб, бир гул олсаму, дасторим тепасига тақиб қўйсам, дейман!....
...Мавлоно Бурхон деди: - Мен мулоҳаза қилиб, қўлимни ҳам, оғзимни ҳам тийиб турмоқчиман ва ҳеч нарса демоқчи эмасман. Мабодо, ҳазрати Мирнинг жаҳллари чиқса, юзлари ва қошларини чимирмагайлар!
...Хуросон зарифларидан "Мирнинг латифатароши" деб лақаб олган ва ҳамиша хушомадни машқ қилиб юрувчи мавлоно Муҳаммад Бадахший деди:
- Эй мавлоно Бурхон! Беадаблик ва густоҳлик саналмаганда, мен ҳазрати Мир қўлларидаги асони олиб, бошингизга туширган бўлардим!
Ҳазрати Мир дедиларки: - Азизлар, марғуб маъно дурларини териб, яхши гаплар айтишди. Агар мавлоно Бурҳон шундай ножўя қилиқни қилмасалар, хотиримга шу нарса келдики, шу сочиш учун қўйилган табақлардаги олтинларни мажлис иштирокчилари - дўсту ёрларим бошидан нисор этишимга бир баҳя қолди!
Алишер Навоий суратнинг гўзаллигидан таъсирланганиданми ёки бу тасвир унга ёққаниданми, Камолиддин Беҳзодга бир отни эгар-жабдуғи билан инъом қилди ва муносиб сарпо туҳфа этди.
Умуман, Навоий мажлисларида:
- бадиҳалар (рубоийлар, қитъалар);
- татаббулар (бошқа шоирлар шеърларига назиралар);
- янги қасидалар ва янги ғазаллар, айрим ҳолларда марсиялар;
- муаммолар, луғзлар;
- ҳикоятлар, қиссалар (маснавий кўринишида) ўқилган,
мумтоз адабиёт намояндалари асарлари муҳокамаси (адабий танқид),
янги асарлар тақдимоти ўтказилган.
Навоий ҳузурида бундай олий мажлислар жуда кўп марта ва тез-тез ташкил этилган ва у ўша давр адабий муҳити ривожига сезиларли таъсир кўрсата олган.
Алишер Навоий хонадонидаги мажлисларнинг Ҳусайн Бойқаро олий мажлисларидан фарқи шундаки, Навоий синовидан ўтган шоиру ҳофизлар, қиссахону қасидагўйлар, муаммо илмида тенги йўқлар, борингки, турли хил соҳадаги юксак истеъдод соҳиблари подшоҳ олий мажлисларига тавсия этилган. Бу эса, ўз навбатида, Ҳусайн Бойқаро олий мажлисига қатнашиш учун имтиҳон ва ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаган.
Шерхон ҚОРАЕВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мустақил тадқиқотчиси