Меню

Қашқадарё

10.08.2021 2573

МИНИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ДОИМИЙ КЎРГАЗМАСИ ИШ БОШЛАДИ

Кеча Қарши шаҳрида жойлашган "Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси"да замонавий ишлаб чиқариш мини технологиялари доимий кўргазмаси очилди.

Вилоят ҳокимлиги ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорликда ташкил этган кўргазмада 19 та хорижий компаниянинг 200 дан ортиқ мини технологиялари намойиш этилмоқда.

- Маълумки, аҳоли бандлигини таъминлаш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириб боришда кичик бизнеснинг роли ва аҳамияти ошиб бормоқда, - дейди Савдо саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ўктам Пардаев. - Бу жараёнда ишлаб чиқарувчиларни замонавий технологиялар билан таъминлаш, уларнинг ўз фаолияти учун зурар ускунларни танлаб, харид қилиши учун қулай шарт-шароит яратиш устувор вазифа ҳисобланади. Кўргазмани ташкил этишимиздан ана шу мақсад кўзланган.

Бошқарма мутахассиси Азиз Пирназаровнинг қўшимча қилишича, бугунги кунда доимий иш билан банд бўлмаган фуқароларни давлат томонидан ўзлари қизиққан соҳага ўқитиш, уларга касб-ҳунар ўргатиш тизими йўлга қўйилган. Кўргазма ана шундай курсларни тамомланган фуқаролар учун ҳам қўл келади.

- Мисол учун, ҳудудларда "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган кўплаб фуқаролар ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари ёрдамида талаб юқори бўлган касблар, жумладан, тикувчилик, пишириқлар тайёрлаш, ошпазлик, сартарошлик, мебелсозлик ёки шунга ўхшаш ишларни ўрганишмоқда, - дейди у. - Қолаверса,  Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси қошида ҳам ана шундай курслар ташкил этилган. Ўқув курсларини тамомлаб, исталган йўналишда бирор тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган киши бемалол бу ерга келиши ва танлаган фаолияти учун керакли ускунани харид қилиш бўйича шартнома имзолаши мумкин. Бундан ташқари, кўргазма фермер ва ишбилармонлар бугунги кунда ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган энг замонавий технологиялар, ускуналар билан танишиши, уларни харид қилиши учун катта қулайлик яратади.

Аҳамиятли томони, кўргазмада намойиш этилаётган барча технологиялар бевосита хорижий ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг мамлакатимиздаги ҳамкорлари томонидан тақдим этилмоқда. Бу эса ортиқча оворагарчиликларнинг олди олиниб, алданиб қолиш мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга ўрин қолдирмайди.

- Компаниямиз хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган технологияларни маҳаллий истеъмолчиларга етказиб беришда катта тажрибага эга, - дейди кўргазмада иштирок этаётган "Ализон" масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Ёдгор Абдуллаев. - Ҳозирда Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятларида ўз офисимиз мавжуд. Қарши шаҳридаги доимий кўргазмада қатнашиш таклифини эса мамнуният билан қабул қилдик. Чунки бу бизнинг ушбу ҳудуд бозорида ҳам ўз ўрнимизга эга бўлишимиз учун катта имкониятлар эшигини очади.

Дарҳақиқат, кўргазма павилонларидан қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларни бажариш, турли таомлар, ширинликларни тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш,  хизмат кўрсатиш, тикув-трикотаж, паррандачилик, чорвачилик ва шу каби турли йўналишларда фойдаланиш мумкин бўлган кўплаб мини-технологиялар ўрин олган.

Мисол учун, Хитойнинг "Jinlong machine" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган пайпоқ тўқиш ускунасини олайлик. Уни бемалол хонанинг бир четига ўрнатиш мумкин. Нари борса бир квадрат метр жой эгаллайди. Электр энергияси сарфи ҳам жуда тежамкор. Лекин ана шу ихчамгина ускуна ёрдамида кунига 250-320 жуфт турли дизайн ва ўлчамдаги пайпоқ, қўлқоплар тайёрлаш мумкин. Нархи эса битта "Некция-3"нинг ярим пули. Демак, ушбу технологияни харид қилиб, шу соҳада тадбиркорликни йўлга қўяман деса, кўпчиликнинг қурби етади.

Ёки вафлили печеньелар тайёрлаш технологиясини олайлик. У билан уй шароитида бир неча хил кўринишдаги маҳсулотлар тайёрлаш мумкин. Ускунанинг шу йўналишда тадбиркорликни энди бошлаш истагидаги, сармояси камроқ оилалар учун қулайлиги нархи арзонлигида - 3 миллион сўм атрофида. Ускунани тезда харид қилиб, ишлаб чиқаришни бошлаб юборишингиз учун кимдандир кўмак олишга ҳам эҳтиёж бўлмайди.

Бу ерда шу каби яна юзлаб технологияларни кўрасиз. Эътиборли жиҳати, улар билан танишишнинг ўзиёқ кишига ўз имконияти ва шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолда қандай тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ўз ишлаб чиқариш линиясини яна қандай ускуналар билан бойитиш мумкинлиги ҳақида янги ғоялар тақдим этади. Буни кўргазмада иштирок этаётган тадбиркорлар ва фуқаролар ҳам бот-бот такрорлашди.

- Кўргазма ҳақида эшитиб, Нишон туманидан келдик, - дейди тадбиркор Бекзод Дўстмуродов. - Ҳозирги кунда мебель ишлаб чиқариш цехини ишга туширганмиз. Биласиз, маҳсулотнинг қанчалик сифатли бўлиши, дизайни, таннархи арзонлиги аввало технологияга боғлиқ. Шу боис мебелчилик йўналишидаги янги технологиялар, уларнинг имкониятлари билан танишиб, фаолиятимиз учун зурур бўлганларини харид қилиш режамиз ҳам бор.

Муборак газни қайта ишлаш заводи ходими Рустам Раҳматов эса кўргазма ҳақида эшитиб, ўзи билан оила аъзоларини ҳам шу манзилга олиб келганини айтади.

- Бугун уй шароитида бирор тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, яхши даромад топаётган кишиларни кўриб турибмиз, - дейди у. - Оила аъзоларим билан биргаликда бу ердаги ускуналар билан танишиб, жуда кўп янги ғоялар олдик. Озгина ҳаракат қилсак, зарур технологияни сотиб олиб, уй шароитида ҳам кўплаб турдаги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш мумкин экан. 

Шунингдек, доимий кўргазмада ҳудуддаги 23 та саноат корхонасида тайёрланаётган 100 дан ошиқ турдаги ҳамда "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимидаги корхоналар эҳтиёжи учун ишлаб чиқаришни ўзлаштириш таклиф этилаётган 27 турдаги маҳсулотлар ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!