Меню

Қашқадарё

31.05.2019 1868

МИНГ ОЙДАН АФЗАЛ КЕЧА

"Қадр" - "улуғлаш", "таъзим қилиш" маъносини англатади. Яъни бу кеча ўзига хос фазилатларни ўз ичига олгани учун қадри баланд, улуғ кечадир. Шунингдек, бу тунни ибодат ва зикр билан ўтказган киши қадрли, улуғ бўлишига ишорадир. "Қадр" сўзининг яна бир маъноси "торайтириш" дегани. Бундай номланишига сабаб, мазкур кеча ҳақидаги маълумотнинг яширилиши ва таъйин қилинмаслигидир.

Халил ибн Аҳмад айтади: "Бу кечанинг қадр (торайтириш) кечаси деб номланишига сабаб шуки, у кечада малоикаларнинг Ерга азбаройи кўп нозил бўлганидан Ерда жой камайиб, торайиб қолишидир". Яна айтадиларки, "қадр" "қадар" маъносида. Зеро, бу кечада йил давомида содир бўладиган ишлар белгиланади, тақдирлар битилади, туғиладиганлару ўладиганлар, нажот топадиганлару ҳалокатга юз тутадиганлар, бахтиёр инсонлару бахтсиз кимсалар, ҳосилдорлигу қурғоқчиликлар, офияту балолар, ҳамма-ҳаммаси ёзиб, белгиланади. Бандаларнинг тақдирларини ёзиш деганда мазкур нарсаларнинг лавҳи маҳфуздан бошқа бир нарсага кўчириб ёзилиши ёхуд фаришталарга билдирилиши ирода қилинади.

Лайлатул Қадрни Рамазон ойининг қайси кунларида кутиш ҳақида жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир қатор ҳадисларни Имом Бухорий ўз "Саҳиҳ"ларида ривоят қилган. Абдуллоҳ Ибн Умар (разияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: "Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир қанча саҳобалари Лайлатул Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизларнинг тушларингиз Лайлатул Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Кимки Лайлатул Қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!", дедилар". Оиша (разияллоҳу анҳо) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: "Расулуллоҳ (с.а.в.) "Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар",  дедилар.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар: "Кимки Қадр кечасини унга иймони борлиги учун ҳамда савоб умидида бедор ўтказса, унинг аввалги қилган гуноҳлари мағфират қилинур".

Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Қадр тунида қандай дуо ўқиш ҳақида сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай буюрганлар: "Аллоҳумма иннака Афуввун, Кариймун, туҳиббул-ъафва фаъфу ъанний", яъни, "Эй Аллоҳ, Сен афв қилувчи (кечиримли), карамли, олижаноб зотсан, менинг гуноҳимни кечир!". Демак, Қадр кечаси бўлишини умид қилган ҳолда ибодатлар билан бедор ўтказиладиган кечаларда мазкур дуони кўп ўқиш суннатга мувофиқ ҳамда манфаатли бўлар экан.

Аллоҳ таборака ва таоло хабар бериб айтганидек, Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. Умуман олганда, Рамазон ойининг барча кечалари ва кундузлари раҳмат, мағфират ва тинчлик-омонликка юз ўгириладиган ой ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ойлар султони бўлган Рамазонни хотиржамлик ва осойишталикда ўтказишимиз, унинг ҳар бир кун ва соатини ғанимат билмоғимиз лозим. Агар тинчлик, эминлик бўлмаса, турли ихтилоф ва келишмовчиликлар мавжуд бўлса, у вақтда неъматлар завол топади, ўртадан тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барака кўтарилади. Имом Бухорий (рҳ.) Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган ушбу ҳадиснинг маъно ва мазмуни бунга ёрқин далилдир. Унда бундай дейилган: "Набий (с.а.в.) Лайлатул Қадр қайси куни бўлишини хабар қилиш учун чиқдилар. Йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ўша кун ёдларидан чиқиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ саҳобаларга: "Мен сизларга Лайлатул Қадр бўладиган кунни айтмоқчи бўлиб чиққан эдим, бироқ йўлда фалончи билан пистончининг жанжаллашаётганини кўриб, ёдимдан кўтарилиб кетди. Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма тўққиз ёки йигирма етти ёки  йигирма бешинчи кунларида кутинглар"! Шулардан келиб чиқиб, айтиш жоизки, киши Рамазоннинг охирги ўн кунлиги кечаларини ибодат билан қоим қилса, иншоаллоҳ Қадр кечасини топади.

 Чунончи, ҳадиси шарифларда ҳам ворид бўлганки, "Набий алайҳиссалом Рамазоннинг охирги ўн кунлиги кирганда ибодатга бел боғлар, тунларини қоим қилар ва аҳли оилаларини ҳам (тунги ибодатларга) уйғотардилар".

"Қадр" сурасида Қадр туни минг ойдан яхшироқ экани баён қилинди. Бу минг ой тақрибан 82 йилдан кўп муддатни англатади. Демак, мазкур тунни тоату ибодат билан бедор ўтказган инсон шунча йил нафл ибодат қилганлик савобини ҳам олар экан, иншоаллоҳ. Муфассирлар хабар беришларича, аввалги қавмлар жуда узун умр кўрган ва бунинг натижасида кўплаб яхшиликларни қилишга муваффақ бўлган эканлар. Саҳобаи киромлар Набий алайҳиссаломдан ўтган қавмлардаги солиҳ кишиларнинг узоқ йиллар, юзлаб йиллар давомида    Аллоҳга ибодат қилганлари ва яна  бошқа кўплаб ишларни содир қилганлари ҳақида эшитишгандан сўнг маҳзун бўлиб қолишган экан. Чунки, бу умматнинг ўртача умри олтмиш ёш атрофида бўлади. Шундан сўнг "Қадр" сураси нозил қилиниб, инсон яхшиликларга эришиши учун юзлаб йил мобайнида тоат-ибодат қилиши шарт эмаслиги, балки биргина кечани ибодат ва эзгулик билан тирилтирса, минг ой ибодат қилгандан яхшироқ савобга эга бўлиши хабар берилди.  

 Қадр кечасининг айрим аломатлари бор. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган. Уларда айтилишича, Қадр кечасида сукунат ҳукм суради, юлдузлар учмайди, ҳаво мўътадиллашади: иссиқ ҳам бўлмайди, совуқ ҳам бўлмайди. Эрталаб қуёш қизариб, гардиш бўлиб,  ёғду сочиши ўта заиф ҳолатда бош кўтаради. Яъни мазкур кеча ниҳоясидаги тонгда қуёш нурлари кўзни қамаштириб юбормайдиган даражада заиф бўлар экан. Сабаби, ўша тун ва кунда фаришталар кўплаб тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини тўсиб қўяр эканлар. Бир ҳадисда Қадр кечасида ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши ҳам айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биринчи марта Қадр кечаси ҳақида хабар берганларидан сўнг ўша кеча ёмғирли (сув ва лой) бўлиб, пешоналарида лой излари қолганини Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазратлари Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Табарий ва Байҳақий ривоятида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар зикр этилади.

Инсон ўзига Аллоҳ таоло ўша кечанинг барокатидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак. Қадр кечасининг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарру, дуолар фазлидан ўтган гуноҳлари кечирилишидан умидвор бўлиши керак. Лекин яна шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозимки, Рамазон ойининг ҳар бир куни ва туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари бошқа хайрли ва савобли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз, ночор оилалар бўлса, уларга ҳам эътиборли бўлиб, ҳожатмандларнинг мушкулини осонлаштиришга ҳаракат қилишимиз ва шу каби савобни кўпайтирувчи ишларга интилишимиз  динимиз кўрсатмаларидандир.

Кимки, Лайлатул Қадрни кўрса, аломатларини билса, у инсон дарҳол ўзига, яшаб турган муқаддас Ватанига ва барча мўмин-мусулмонлар ҳаққига дуойи хайр қилмоғи лозимдир. Зеро, ҳаммага ҳам унинг аломатлари кўринавермаслиги мумкин.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги етакчи мутахассиси,

Қарши шаҳридаги Қум қишлоқ жоме масжиди имом-хатиби

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!