Меню

Қашқадарё

12.11.2021 271

Миллионлаб одамлар тўйиб овқат ейишдан маҳрум қолмоқда

БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури дунёнинг 43 мамлакатидаги 45 миллиондан ортиқ одамлар очлик ёқасида турганини маълум қилди.

Бир йилда яна уч миллион киши, озиқ-овқат хавфсизлиги босқичларининг интеграциялашган таснифи бўйича, очлик хавфи ва унинг фавқулодда даражаси билан тўқнаш келган: бу озиқ-овқат етишмаслиги ҳалокатли тус оладиган бешинчи босқичдан олдинги охирги палла.

"Ўн миллионлаб одамлар нигоҳи тубсиз жарликка қадалган. Кучли очликни бошдан кечираётганлар сонини ошираётган қарама-қаршиликлар, иқлим ўзгаришлари ва covid-19 пандемияси давом этмоқда. Сўнгги маълумотлар ҳозирда 45 миллиондан ортиқ инсонлар очликдан жон бериш ёқасига келиб қолганини кўрсатади", дейди Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Дэвид Бизли.

Унинг сўзларига кўра, ёнилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар нархлари ўсиши инқироз ҳолати кучайишига олиб келади; Афғонистондаги каби янги тангликлар, шунингдек, Яман ва Суриядаги сингари узоқ муддатли фавқулодда вазиятлар пайдо бўлишида қўл келади.      

Очлик ёқасида турганлар сонининг 42 миллиондан 45 миллион нафарга ортиши Афғонистондаги инқироз билан изоҳланади, ушбу мамлакатдан уч миллион одам қўшилган.

Бундан ташқари, Эфиопия, Гаити, Сомали, Ангола, Кения ва Бурундида унча катта бўлмаган ўсиш кузатилган. Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоб-китоби бўйича улардаги кўрсаткич ўтган йилгиси билан солиштирганда180 минг нафарга ортиб, 240 минг кишига етган. 

Сўнгги ҳисоб-китоблар Афғонистонда қарийб 24 миллион одам кучли очлик билан рўбарў келганини кўрсатган. 8,7 миллион киши интеграциялашган тасниф бўйича 4-босқич - ҳаддан ташқари даражада кам овқатланиш палласида. Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури 2022 йилда мамлакат аҳолисини қўллаб-қувватлашни кучайтириши учун ойига 220 миллион доллар атрофида маблағ талаб этилишига эътибор қаратган.

"Очлик исканжасига тушганлар сони ортиб, гуманитар ёрдамларнинг қадри қанчалик ошиб борса, дунё бўйича ҳолатни ўнглаб олиш имкониятидан маҳрум оилаларни қамраб олиш учун бизга кўпроқ маблағ керак бўлади", дея қўшимча қилган Дэвид Бизли. 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!