Меню
Қашқадарё
МИЛЛИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ЛИБОСЛАР ҲАМИША ХАРИДОРГИР
Айтиш жоизки, мазкур бизнес имкониятлари хотин-қизлар учун анча қулайлик туғдирмоқда. Маълум бир ҳунар эгаси бўлган аёллар тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтиб, кичик ҳажмда бўлса-да, самарали ишлаб чиқаришни йўлга қўйишмоқда. Касби туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Ирода Бойназарова ҳам фаолиятини яқинда бошлаган ёшлардан. Чеварлик маҳоратини бекор асраб туришни ўзига эп билмади. Тикув машиналари харид қилиб, турли либослар тайёрлашни бошлаб юборди. Ёнига бир қанча тенгдошларини ишга олди.
- Тикувчилик маҳсулотларига талаб доим юқори бўлган, - дейди ишбилармон. – Айни шу сабаб барқарор иш юрита олишимиз кафолатланган. Бугунги кунда аҳоли буюртмаси асосида миллий ва замонавий либослар яратишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Эркаклар учун костюм-шим тикишни ўзлаштирдик. Мактаб ўқувчиси формалари тайёрлашни ўрганганимизни яна бир янгилик сифатида айтишим мумкин. Ҳозирда бир ойда ички бозорга 20 донадан зиёд тайёр маҳсулот етказиб бераяпмиз. Бу биз учун катта натижа деб ўйлайман.
Ишлаб чиқаришни диверсификацияламай туриб, бизнесда маҳсулдорликка эришиш мушкул иш. Ёш тадбиркор буни ҳам яхши англаб турибди. Шу туфайли келгусида янги бичим ва кўринишдаги либослар тикишни ҳам амалга ошириш режа қилинган. Тикувчилик маҳсулотларининг муайян ёш тоифасига мўлжалланганлиги бўйича турини янада кўпайтириш ниятида. Шунингдек, уйда ишсиз қолаётган хотин-қизларга ҳунар ўргатиб, улар билан касаначилик асосида ҳамкорлик қилишни ўйлаяпти.
М.ШУҲРАТОВ
Собир Нарзиев олган сурат.