Меню

Қашқадарё

24.10.2024 591

МИЛЛИЙ ВА УМУМИНСОНИЙ ҚАДРИЯТЛАР - МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ ВА МАДАНИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ АСОСИ

Парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказилаётган навбатдаги сайловларда биз "Қудратли давлатга таянган, қонунлари миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун, инсон қадри баланд, фаровон жамият қуриш" вазифасини бош мақсадимиз, "Қадриятларга таянган тараққиёт" ғоясини бош шиоримиз деб белгиладик.

Биз учун "Қадриятларга таянган тараққиёт" шиори миллий-маданий қадриятлар ҳамда замонавий тараққиёт уйғунлигида жонажон Ўзбекистонимиз қудратли давлат, халқимиз фаровон бўлиши йўлидаги бирлаштирувчи даъватдир.

Сайловолди дастурнинг барча бўлимларида қадриятларимизни тиклашга, уларни ривожлантиришга доир аниқ мақсад ва вазифалар белгиланган бўлиб, унинг иккинчи йўналиши "Маънавий юксалиш ва маданиятни ривожлантириш" деб номланган ва 3 та бўлим, 26 та вазифадан иборат.

Миллий маданият ва маънавиятни ривожлантириш, қадриятларни асраш, бойитиш - асосий вазифаларимиздан бири бўлади

Бугун партия ҳар бир ватандошимизни ўз она юртига мансублигини англатиш баробарида   халқни миллий қадриятлар замиридаги бунёдкорлик ғоялари билан қуроллантиришга интилади ва энг муҳими, дунёнинг қайси бурчагида бўлишимиздан қатъий назар "Биз бирмиз,   ўзбекистонликмиз", деган ғоя атрофида бирлашишга чақиради. 

Партия Сайловолди дастурида инсон салоҳиятининг рўёбга чиқишида унинг маънавий дунёси, маданий дунёқараши муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган ҳолда китобхонликни оммалаштириш, театр, кино ва санъатнинг бошқа соҳаларини тарғиб қилиш орқали жамият ва ҳар бир шахс маънавияти ва маданий савиясини ошириш мақсадида қуйидагиларни таклиф этади:

- маданий-маърифий соҳада ҳокимлар масъулиятини ошириш;

- театр санъатини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш;

- миллий сериаллар ишлаб чиқариш концепцияни яратиш;

- болалар адабиёти, мусиқаси, қўшиқлари, санъати, киноси, мультфильмларини яратиш,  нашрлар фаолиятини ривожлантириш;

- миллий ва ўзга рамзлар, тимсоллардан фойдаланиш тартибларини такомиллаштириш;

- қадимий асарлар ва қўлёзмаларни тадқиқ этиш, нашр қилишни янада кўпайтириш;

- қадриятларни тоифалаштириш, тикланишга муҳтож, барқарор сақланиши зарур қадриятлар рўйхатини тузиш, оммалаштириш ва бошқалар.

Юқорида қайд этилган вазифалар миллий қадриятлар тарғиботи воситаларининг деярли барчасини қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Фикримизни миллий қадриятимиз бўлган мутолаа маданиятининг пойдевори - болалар адабиёти ривожи йўлидаги айрим ҳолатлар борасидаги кузатувларимиз мисолида давом эттирсак. Негаки, ўзликни англаш интеллектуал жараёндир. Интеллектуал қобилиятнинг ривожланиши эса китоб мутолааси билан бевосита боғлиқ саналади.

Мазкур масала юзасидан партиямиз томонидан депутатлик гуруҳлари иштирокида ўтказилган назорат-таҳлил ишлари давомида мамлакатимизда аҳолига хизмат кўрсатувчи айрим ахборот-кутубхона фондларини янгилашга реал эҳтиёж борлиги аниқланган.

Бу борада, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси  тасарруфидаги ахборот-кутубхона марказларининг таъминотини кучайтириш, кутубхоналар биносини қуриш ва қайта таъмирлаш ишларига ҳам аҳамият бериш муҳим ҳисобланади.

Шунингдек, Сайловолди дастуридан қадриятларни тоифалаштириш, тикланишга муҳтож, барқарор сақланиши зарур қадриятлар рўйхатини тузиш, оммалаштириш вазифаси ҳам ўрин олган. Ўтган сайловларда  миллий қадрият ва анъаналаримизни тўлиқ хатловдан ўтказиш асосида ислоҳ этиш, уларни "йўқолиб бораётган, айни пайтда тикланишга муҳтож миллий қадрият ва анъаналар", "миллий қадрият ва анъаналаримизга зид, айни пайтда оммалашган анъаналар", "барқарор сақланиши лозим бўлган миллий қадрият ва анъаналар" каби туркумларга ажратиш вазифаси бор эди.

Бу галги Сайловолди дастуримизда ушбу масалани яна киритдик. Негаки, мазкур долзарб масала эртага ўзбекистонликнинг маънавий қиёфаси қандай бўлади, деган саволни олдимизга кўндаланг қўяди. Бу савол ўзликни англашнинг марказида туради. Ҳар қандай ривожланган мамлакатда бу саволга ўзининг жавоби бор. Бизнинг ўсиш нуқтамизни қадриятларимиз белгилаб бериши зарур.

Маданий мерос муҳофазаси, ундан фойдаланиш, ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш диққат марказимизда бўлади

Ҳар бир мамлакат ўз тарихи ва бой ўтмиши билан тирик ва барҳаёт. Ўзбекистон ҳам уч минг йиллик тарихи билан неча асрлардан буён дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Юртимиздаги тарихий-меъморий обидалар аждодларимизнинг тенгсиз ақлу заковати, аниқ фанлар борасидаги бой тажрибасидан дарак бермоқда. Айни ана шу моддий-маданий меросни асраб-авайлаш, уни келгуси авлодга бус-бутун етказиш эса ҳам қарз, ҳам фарздир.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 61-моддасида ҳам: "Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт. Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади", деб белгиланганлиги бежиз эмас, албатта.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 8 минг 210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4 минг 788 таси археология, 2 минг 265 таси архитектура ёдгорлиги, 625 таси монументал санъат асари, 530 таси диққатга сазовор жойлардир. Ўзбекистон Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби жавоҳир музей шаҳарларга эга бўлса-да, маданий объектларга эътибор ва улардан самарали фойдаланиш айтарли даражада эмас.

Айнан шу сабабли, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси маданий мерос объектларини ижарага бериш тизимини тартибга солиш тарафдори бўлиб майдонга чиқмоқда. Партиянинг маданий мерос объектларини ижарага бериш тизимини тартибга солишга бўлган позицияси партиянинг миллийлик ва миллий қадриятларни ҳимоя қилишга бўлган қатъий интилишини кўрсатади.

Партия ўзининг мақсадларини, хусусан, маданий ва тарихий ёдгорликларни сақлаш, миллий меросни муҳофаза қилиш орқали ўзлигини ва шонли тарихини асрашни устувор вазифа сифатида белгилайди. Бу ташаббус орқали улар маданий ёдгорликлардан тижорат мақсадларида фойдаланишнинг олдини олишга, уларни миллий бойлик сифатида бутунлигича сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганликларини кўрсатади.

Юқоридагилар билан бир қаторда, партия мазкур йўналишда рўйхатга олинмаган маданий мерос объектларини аниқлаш, давлат муҳофазасига олиш, йўқолиб кетиши ёки бузилишининг олдини олувчи қонунчилик ташаббусларини илгари суриш, археология ёдгорликларини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш, маданий мерос объектларини рўйхатга олиш, сақлаш ва фойдаланиш тартибини такомиллаштириш, хорижда сақланаётган қадимий қўлёзма, китоблар ва бошқа осори-атиқаларимизни асли ёки нусхасини мамлакатимизга қайтариш ҳамда маданий, табиий ва бошқа мерос объектларини ЮНEСКО рўйхатларига киритиш таклифларини илгари сурмоқда.

Партиямиз давлат  тили мақомини ошириш, мамлакатимиз ва хорижда кенг тарғиб этишга устувор вазифалардан бири сифатида қарайди

 Тил миллатнинг маданияти, тарихи ва ўзлигини сақлаб қолишда ҳал қилувчи омиллардан биридир. Миллат ўз тилидан узоқлашса, маданий қадриятларидан ҳам узоқлашиши мумкин, бу эса миллатнинг йўқолишига олиб келиши эҳтимолдан йироқ эмас. Ўзбек тилининг қонун, илм-фан ва технология соҳаларида тўлиқ қўлланилишига эришиш ҳам шунинг учун жуда муҳим. Миллий ўзликни сақлашда ҳам тил беқиёс аҳамият касб этиб, у нафақат мулоқот воситаси, балки миллатнинг фикрлаш тарзи, илм-фан ва технологик тараққиётини акс эттирадиган восита ҳам ҳисобланади.

Шу боис, партия давлат тилининг мақоми ва нуфузини оширишга қаратилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаб, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида унинг тўлиқ қўлланилиши тарафдори эканлигини таъкидлаган ҳолда бу борада қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.

Хусусан, партия Ўзбекистонда давлат тили ҳақидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Илм-фан, техника шиддат билан ривожланаётган даврда тилимиз софлигини сақлаш, жойларга маънавиятимиз ва менталитетимизга хос ва мос ном танлаш, турли соҳалар орқали тилимизга кириб келаётган янги атамаларнинг ўзбекча муқобилларини яратишга ҳамда ижтимоий ҳаётимизда давлат тили, маънавий қадриятларимиз билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга барча бирдек масъул бўлади.

Шу боис, партиянинг давлат тилига доир ҳужжатларни ислоҳ қилиш бўйича Давлат комиссиясини ташкил этиш, "Давлат тили ҳақида"ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш ҳақидаги ташаббуслари ҳам долзарб аҳамият касб этиб,  давлат тили нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллий уйғониш даврининг навбатдаги босқичи бошланди. Бу жараёнда эса партия ғоя ва мақсадларидан келиб чиқсак, маънавий юксалиш ва маданиятни ривожлантириш масаласи ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шундай экан, қадриятларни сақлаш, бойитиш, маданий мерос муҳофазаси ҳамда давлат тили мақомини ошириш партия кейинги фаолиятида ҳам энг муҳим устувор йўналишлар бўлади. Партия томонидан таклиф этилаётган ташаббуслар халқимизнинг бой маданияти, маънавий ва маданий мероси ҳамда давлат тили нуфузининг янада ошишига хизмат қилиб, мамлакатимизни "Қадриятларга таянган тараққиёт" ғояси асосида янада ривожлантириш имконини беради.

Миллий юксалиш учун "Миллий тикланиш" демокартик партияси ва унинг номзодларига овоз беринг!

Зуҳра МИРГАЗИЕВА,

Руслан ЖУМАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!