Меню

Қашқадарё

27.03.2018 4002

МИЛЛИЙ ЛИБОСЛАР НАМОЙИШИ

Тадбир ташкилотчиларининг билдиришича, икки кун давом этган мазкур фестивалдан кўзланган мақсад халқимизнинг ўзига хос миллий кийимларини сайёҳларга кўз-кўз қилиш, шу орқали юртимиз туризмини ривожлантириш, шунингдек, соҳа мутахассисларининг ўз қобилиятларини намоён этиши, ўзаро тажриба алмашиши учун имконият тақдим этишга қаратилган. Тадбирга қизиқиш юқорилигини томошага маҳаллий сайёҳлардан ташқари, қирғизистонлик, эронлик, польшалик ва қозоғистонлик туристлар келганидан ҳам билиш мумкин.

Оқсарой мажмуасида бўлиб ўтган фестивалнинг дастлабки кунида модел қизлар GUZAL, Ra’no collection, GAF Haute couture, GR, Mir&Shax, Istorakhan, Sindor collection, Dilorom collection каби брендлар маҳсулотларини кийиб кўрсатишди. Миллий услубда тайёрланган, баҳорий-ёзги коллекциялардан ўрин олган янги либослар ранг-баранглиги ва бетакрорлиги билан ажралиб турди. Уларни тикишда миллий мато ва мотивлардан фойдаланилган, анъанавий намуналар янгича кўринишда намойиш этилди.

- Янги коллекциямдан 18 либосни фестиваль иштирокчилари эътиборига тақдим этдим, - дейди шаҳрисабзлик дизайнер Дилором Жўраева. - Бундай фасондаги  кийимлар ХIХ асрда вилоятимиздаги айрим ҳудудларда кенг урфда бўлган. Уларни асл ҳолича сақлаб қолиш ва айрим жузъий ўзгартиришлар киритишга ҳаракат қилдим. Ҳозир туманимиз аҳолиси бу либослардан турли тўй-маросимларда фойдаланади. Эътиборлиси, маҳсулотларимизга оддий томошабинларда ҳам қизиқиш катта бўлди.

Фестивалнинг иккинчи кунида барча қатнашчилар фаоллиги учун ташкилотчиларнинг сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Қолаверса, тадбир доирасида “Шаҳрисабз маликаси” танлови ҳам ўтказилди. Баҳолаш натижаларига кўра,  актриса Ситора Исломова ғолиб деб топилди.  Эндиликда у кўҳна Кешнинг юзи сифатида ҳудуд туризмини тарғиб этишга жалб қилинади. 

Вилоятдаги фольклор ансамбллари ва ёш хонандаларнинг чиқишлари фестивалга кўтаринкилик бахш этди.

 

МИРЖАҲОН

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!