Меню

Қашқадарё

22.12.2022 3552

Миллий армиямиз - Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир

Тараддуд

Вилоят ҳокими 16 декабрь куни "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойишга имзо чекди.

Мазкур ҳужжат Қашқадарё ҳудудида 14 январь санасини муносиб кутиб олиш ва уни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, халқ ва армия якдиллигини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фуқароларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини камол топтириш, шунингдек, Қуролли Кучларимиз нуфузини янада оширишни таъминлаш ва мамлакат Президентининг тегишли фармойиши ижросини самарали бажариш мақсадида чиқарилган.

Унга кўра, вилоятимиз ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ва Ватан ҳимоячилари кунига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича вилоят ташкилий қўмитасининг таркиби ва тегишли чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ташкилий қўмита олдига "Миллий армиямиз - Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир" шиори остида дастурда белгиланган барча ташкилий ва байрам тадбирлари юксак савияда ўтказилишини таъминлаш ва бу борада ҳар бир ҳудуд, ташкилот ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифалари қўйилди. Айни пайтда жойларда таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар, спортчилар, ҳарбий хизматчилар ва жамоат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда аҳолининг кенг қатламлари орасида маданий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт тадбирлари ўтказилишини ташкил этиш топширилди.

Шунингдек, ташкилий қўмита кўчалар, майдонлар ва тантанали тадбирлар ўтказиладиган жойларнинг санага бағишланган плакат ва стендлар билан байрамона безатилиши, шунингдек, маданият ва истироҳат боғларида мавзуга доир кўргазма ва экспозициялар тайёрланиши ҳамда вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсида тантанали тадбирлар, концерт дастурлари ва бошқа байрам тадбирларида аҳоли ва ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек,  Ватан ҳимояси йўлида жон фидо этган юртдошларимиз оила аъзоларининг иштирокини таъминлаш учун ҳам масъулдир.

Фармойишга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва аҳоли ўртасида вилоятимиз ҳар бир ҳудудининг ўзига хос хусусиятлари, одатлари, қадриятлари, тарихи ва маданиятини инобатга олган ҳолда армия ва халқ якдиллигининг янада мустаҳкамланишига қаратилган турли спорт мусобақалари ва ижодий танловлар ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси ва "Шон-шараф" давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Қуролли Кучлар тарихи давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар" боғи, Қатағон қурбонлари хотираси ҳамда вилоят тарихи ва маданияти музейларига экскурсиялар уюштирилади.

Давлат мукофоти билан тақдирланган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун ўтказилган кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиблари, халқаро армия ўйинларида давлатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган ҳамда жанговар-хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган ҳарбий хизматчилар қутланади. Вилоятдаги тегишли бошқармалар, ҳарбий қисмлар ва муассасалар командирлари ва бошлиқлари билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини, шунингдек, ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган тадбирлар бардавомлиги таъминланади.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!