Меню
Қашқадарё
МИЛЛАТНИ УЙҒОТИШ - УЙҒОНГАНЛАРНИНГ ВАЗИФАСИ
Сараланган сатрлар
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (1897-1938) қаламига мансуб "Кеча ва кундуз" асари қоғозга туширилаётган вақтда ХХ аср ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" ва "Меҳробдан чаён" романларидан бўлак йирик бадиий асар бўлмаган, дейишади. Роман чоп этилганидан 3 йил ўтиб эса унинг муаллифи қатағонга учраб, отиб ташланади. Бунга сабаб бўлган кўплаб омилларни санаш мумкин. Қолаверса, "Кеча ва кундуз" мутолааси асносида Чўлпоннинг қайси қарашлари советларга ёқмаганини ҳам дарҳол пайқаса бўлади.
Бундан нақ юз йил муқаддам юртимизда кечган ҳодисалар, дунё воқелигига одамларнинг муносабати қандай бўлгани, мутаассиблик, кучлиларнинг кучсизлар устидан ҳукмронлик истибдоди бир инсон, бир жамият тақдирини нечоғлик ўзгартириб юбориши акс этган, муаллифини ўлим ўпқони сари бошлаган асар, ўйлаймизки, Сизни бефарқ қолдирмайди.
* * *
Биринчи кўринган кўклам қуши биринчи ёрилган бодроқ нашъасини беради.
* * *
Тил билан бировнинг айбини айтиш осон, ўз тили билан ўз айбини айтадиганлар жуда кам...
* * *
Ўзбекда ахир ҳар бир эркак ўз хотинини - ўз ҳалол жуфтини қизи ё ўғлининг номи билан атаб чақиради. Ўз хотинининг исмини айтиб чақириш ярамайди. Хотинининг исми Марям, қизининг исми Хадича бўлса, мўмин-мусулмон: - шарму ҳаё юзасидан бўлсамикан - хотинини "Хадича" деб чақиради. Аксар она-бола баравар "лаббай!" дейди; шундай-да, оиланинг ҳақиқий эгаси бўлган ота: "Каттангни айтаман, каттангни!" дейди. Ҳатто шунда ҳам "Марямни", демайди...
* * *
Бир киши қилолмаган ишни икки киши қила олади. Икки киши қилолмаганини уч киши қилади. Гап ўша уч кишининг бир-бирига қўл узатиб, маслаҳатни бир қилишида!
* * *
"Газет ёзадиганлар, одатда, закончи бўлади... Улар билан ярим пошшога ўхшаган улуғ одамлар олишмаса, унча-мунча одамлар бекор келмайди. Жадидлар ҳаммаси маҳмадона келади..."
* * *
Мастнинг кўзига мушук - фил, фил - мушук бўлиб кўринади... Кампирни - пари қиз қилиб кўрсатадиган тилсимли ойна ичкиликдан бошқа нарса эмас!
* * *
"Меҳнатсиз, осон пул топмоқчи бўлганлар менлик ҳисларини ўз оёқлари билан тепкилашга мажбурлар... Дунёнинг устуни - пул, пул топиш - қийин! Осон пул топиш олчоқлик бўлса, мардикорлик қилишга нафсингиз кўнадими? Ана, кўчада Турсунбой деган сарт қоровул бор, ҳали ҳам кўча супуриб юради. Олти сўм ойлик олади... Ўшанинг ишини қилишга ўзингизни кўндира оласизми? Хурсанд! Вақти чоғ! Қачон кўрсангиз, ашула айтади".
* * *
Ўзига кўп бино қўйганларнинг алданиши ёмон бўлади!
* * *
Ҳар қандай қувончни ўзларининг ўша тор дунёларидан ахтармоққа мажбур бўлган шўрликлар ташқаридан адашиб кириб қолган орият қувончларига ишониб, кўнгил қўярмидилар?..
* * *
"Мингбоши урушга кетдими, ҳамма қутулади унинг дастидан. Ёвлашган қирон жуда каттаймиш... Индамасдан келиб ўлдирадиган ўқи бормиш... Осмондан қанот тақиб келиб уришармиш... Мингбошингиз ўқ тегмасдан туриб йиқиладиган одам... "Урушга борасан", дедими, тамом... юраги ёрилиб ўлади!"
* * *
- ...Биз, сартия халқи, худодан кейин оқ подшога ишонамиз.
- Ишонганларинг яхши. Биз ҳам ҳаммамиз сизлар сингари ишонамиз, фақат... оғзингга эҳтиёт бўл... фақат... ишониш бошқа, иш, амал, воқеа - яна бошқа. Бир-бирига зид! Биласанми, Мирёқуб, рус халқининг ўқиганлари орасида маъюслик бор, оғир бир маъюслик бор. Улар бутун бу бахтсизликларни оқ подшонинг ўзидан кўрадилар...
- Оқ подшодан? Ҳеч бир подшо ўз юртини ёвга бергиси келадими?
- Сенларнинг хонларинг билан бизларнинг подшоҳимиз юртларига кўп ҳам ачинмайдилар, шекилли... Сенларнинг Худоёрхонингга "Ўруслар Оқмачитни олиб қўйди", деганлар. Худоёрхон "У юртим неча кунлик йўлда?" деб сўраган, "Бир ойлик йўлда", деганлар. "Ундай бўлса, менга унақа олис жойдаги юртнинг кераги йўқ. Олса ола берсин!" деган... Бизники ҳам, валлоҳи аълам, ундан қолишмас.
* * *
- Германия нега кучлик?
- Сиз биласиз, тўра.
- Германия суръат билан ютади. Суръат машина билан ҳосил бўлади. Германия биздан неча баробар кичик, одами бизнинг учдан биримизча ҳам келмайди! Аммо бир қарич ери темир йўлсиз, тош йўлсиз эмас. Бугун, айтайлик, Самарқандда бўлган аскарини эртага Оқмачитга олиб бориб тўка олади. Бизникилар бир излик темир йўл билан судралиб боргунча иш тамом бўлади... Нимага германлар Фарангистонда қаришлаб олдинга жиладилар? Чунки Фарангистон ҳам Германия сингари суръат деган нарсани билади. Техникага бой. Бизнинг шалдирама аравамиз, сизнинг анови девсифат араваларингиз бутун-бутун халқларни ухлатадиган нарса...
* * *
"Хулласайн калом, бу улуғ кема... бу улуғ кема... бу буюк "империя" даҳшатли тўлқинлар ичида зулматга, белгисизликка, йўқликка қараб кетаётир. Уни тўхтата оладиган ва қутқариб қоладиган ҳеч бир куч кўринмайди... Балки, ундай куч аслида йўқдир ўзи..."
* * *
Мирёқуб, қанча баландпарвоз бўлгани билан, ўз бўйидан ортиқ кўтарилолмайди. Чунки, у бир ит! Олчоқ ва аянч бир ит! У ўз-ўзини гоҳ арслон рангига, гоҳ қоплон рангига, гоҳ шер ва гоҳ эр бўёқларига бўяб кўрсатади. Фақат оҳакка ағанаб, каптарлар орасига киргач, яна ўз овози билан "ғо-оғ, ғо-оғ!" деб юборган гўнг қарға сингари унинг асл итлиги баралла кўриниб туради.
* * *
...бадавлат одамлар қанча кўп давлатга эга бўлсалар ҳам яна пул-давлат деган нарсага лоқайд қараёлмайдилар.
* * *
Империя - "погон" демак, "погон" шундай нарсаки, доим "пул, пул!" деб туради. Кўплар унинг сўраганини, яъни пулни берадилар, қайтиб ҳеч нарса олмайдилар. Ҳолбуки, иш билган киши погон "пул" деганда беш сўм бериб, уни - ўша погон ёрдами билан - беш юз сўм қилиб олади.
* * *
Миллат болаларининг бахти ҳақиқий, маданий оналар қўлида бўлмаса, бизнинг оқибатимиз ёмон!
* * *
Бизнинг мамлакатимизга рус ҳукумати бир "мустамлака" деб қарайди, яъни мамлакатларнинг ўгайи сингари... Шу учун бу ерга яхши амалдорни юбормайди. Битта-яримтаси адашиб келиб қолмаса... Улардан бизга дўст йўқ... Бизнинг дўстимиз - ўзимиз. Бизнинг дўстимиз - миллат!
* * *
Биздан неча баравар кичкина миллатлар мустақил бир ҳукумат қуриб, ўз давлатлари ила Оврўпанинг, шу маданий Оврўпанинг марказида, яъни киндиги сингари жойда яшайди. Тошкент трамвайини ўшанақалар айлантиради... Бизнинг бахтсизлигимиз - нодонлигимизда, холос. Миллат уйғонсин, кўзини очсин, ўқисин, билим олсин, маданий миллатлар қаторига кирсин, сўнгра у ҳам ўз давлати, ўз бахти, ўз саодатини қуради.
Миллатни уйғотиш - уйғонганларнинг вазифаси.
* * *
Хотин кишининг кўнглини худодан бошқа ҳеч ким билмайди.
* * *
Савдогарлар билан лиқ тўла қул бозорида сотиладиган канизак ҳеч бир тадбир билан сотилишдан ўзини қутқаролмайди. Мунинг учун ўзига ўхшаш канизакларнинг кўп бўлиши, у кўпнинг бир бутун бўлиши, бир бутуннинг савлатли ҳужумларига, яъни ўлимга тайёр бўлиши керак. Ота-оналари томонидан қари чолларга сотилган қизлар озмиди? Қайси бири қаршилик қилиб, эплай олган? Қайси бири ҳийла билан қутулиб кетган? Ундайлар тўғрисида халқ оғзида битта-яримта достон ҳам йўқ. Халқ тақдирга тан берганлардан гапиради. Кўпчиликка қулоқ солсангиз, қутурганларнинг чор-ночор юмшаганини, осийларнинг бўйсунганини, телбаларга эс кирганини, оловларнинг пасайганини, алангаларнинг сўнганини, фарёдларнинг бўғилганини, дод-фарёдларнинг бўғизлардан берига чиқолмасдан эриганини айтади, айтаркан ё кўзидан бир-икки томчи анъанавий ёш чиқаради, ё бўлмаса, маънилик қилиб бошини чайқайди.
* * *
Давлатни алдаб ўринлатган киши бошқаларни алдаб ўринлатолмайдими?
НАСРИДДИН тайёрлади.