Меню
Қашқадарё
МИЛЛАТ ФИДОЙИСИ
ёхуд Маҳмудхўжа Беҳбудийни ким ўлдирганди?
Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига
Туркистон жадидларининг кўп қиррали, аниқ мақсадга йўналтирилган фаолияти асосида илм, маърифат билан миллатни уйғотиш, унинг ўзлигини англаши, ҳақ-ҳуқуқини билиши ва ҳимоя қилишига ёрдам бериш, шу орқали юртда озод, мустақил давлат тузишдан иборат эзгу ғоялар ётарди.
Жадидчилик ҳаракатининг тобора тўлқинланиб, сафлари кенгайиб бораётганидан хавотирга тушган мустамлакачилар асосий зарбани унинг раҳнамоларига қаратишди. Жадидлар етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ёвуз фитнанинг биринчи қурбони бўлди. Бу мудҳиш воқеанинг юз берганига ҳам бир асрдан ошди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийни ким ўлдирди, нима учун, қабри қаерда? Бу саволларга жавоб топишга Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Ҳожи Муин ва бошқа сафдошлари унинг ўлимидан кейин дарҳол киришган бўлсалар, бу борадаги кенг кўламли изланишлар, тадқиқотлар истиқлолга эришганимиздан сўнг олиб борилди. Жадидшунослар, тарихчилар, адабиётшунослар бу соҳада матбуот саҳифаларида қатор мақолалар эълон қилдилар.
Филология фанлари доктори, академик Наим Каримовнинг "Беҳбудийнинг сўнгги кунлари" ("Тафаккур" журнали. 2005 йил 3-сон, 64-74-бетлар) тадқиқот-мақоласи юқоридаги саволларга жавоб беришда муҳим манба ҳисобланади. Аммо мақоланинг ёзилганига кўп йиллар ўтгани учун бу санадан кейинги йилларда Беҳбудийнинг ўлими билан боғлиқ янги маълумотлар аниқланган-аниқланмаганини билиш мақсадида Наим Каримов, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов, беҳбудийшунос олим, филология фанлари номзоди Ҳалим Саййид (Ҳалим Саидов), профессор Поён Равшанов, "Олтин мерос" халқаро жамоат фонди вилоят муассасаси раҳбари Шарофат Ашурова билан мулоқот қилдим. Юқоридаги манбалар ва ушбу суҳбатларда келтирилган маълумотлар асосида ушбу мавзуни ёритишга чоғландим.
Тарихдан маълумки, Маҳмудхўжа Беҳбудий қизғин маърифий-сиёсий фаолият олиб бораётган пайтда Қўқон хонлигига қарашли ҳудудлар, шунингдек, у таваллуд топган Самарқанд замини большевиклар тасарруфида эди. Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги эса ҳали мустақил давлат ҳисобланса-да, улар қизил ҳокимиятнинг кучли таъсири остида яшарди.
Большевикларнинг юртимизда ҳукмронлик қилаётган маъмурлари Беҳбудийнинг маҳаллий миллат орасида ошиб бораётган обрўси, янги ҳокимиятга мухолифлигини ҳисобга олиб, у билан муроса қилишга, ҳаттоки, ўз томонларига ағдариб олишга ҳаракат қилишди. Шу мақсадда унинг мусулмон маориф ишлари шуъбаси мудири, кейинчалик маориф комиссари бўлиб ишлашини маъқуллашди.
Беҳбудий вазифасидан келиб чиқиб, Самарқанддаги мактабларга тез-тез борди, маориф ишининг аҳволи билан яқиндан танишиб, болаларни яхши билим олишга даъват қилган. Лекин маҳаллий зиёлиларга нописандлик билан қаровчи Европа миллатига мансуб шовинистлар унга нисбатан ҳақоратли муносабатда бўлган.
Боз устига, Самарқандда бу пайтда бегуноҳ кишилар қамоққа олинган, маориф ишлари таназзулга учраб, диний қадриятлар оёқости қилинган. Беҳбудий бу ишларга бирор чора топиш умидида 1919 йил февралида Тошкентга бориб, большевик раҳбарлар билан учрашган. Бундан ҳеч бир натижага эриша олмаганидан ўз вазифасини топширишга мажбур бўлган.
Садриддин Айний хотираларига қараганда, Беҳбудий Тошкентдан келгандан сўнг уни кайфиятсиз ҳолда кўрган. Орадан бир неча кун ўтар-ўтмас жадидлар етакчиси сафарга кетганлиги ва шаҳид бўлганини эшитиб, ҳайрат ва ҳасратда қолган.
Қўқон мухторияти шўролар томонидан йўқ қилингандан сўнг жадидлар Туркистон мустақиллиги йўлида курашни давом эттириб, хорижий давлатлар билан алоқа ўрнатиш, улардан ҳарбий, моддий ва маънавий ёрдам олишга умид боғлаган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳам нияти шундай эди. Энди у, Наим Каримов таъбири билан айтганда, ҳуррият учун курашнинг яширин жабҳасидан ўрин эгаллайди.
Шу мақсадда унинг маслакдош биродарлари икки гуруҳга бўлиниб, Беҳбудий бошчилигидаги бир гуруҳ Самарқанддан, таниқли маърифатпарвар, Туркистон Мухторияти хазиначиси Саидносир Миржалолов бошчилигида яна бир гуруҳ Тошкентдан махфий равишда йўлга чиқиб, Бокуда учрашиш ҳақида келишиб олади.
Саидносир Миржалолов Бокуга етиб бориб, Беҳбудийнинг келишини кутади, аммо ундан дарак бўлмагач, ўзи Истанбулга боради. Бу ерда бир ой яшаб, яна Бокуга қайтиб келади. Шу вақтда татар зиёлиси Ғозиолим Юнусов ва Нуриддинбек Худоёрхонов ҳам Истанбулда Беҳбудийнинг келишини кутаётган эдилар. "Мен Нуриддинбек Худоёрхонов билан бирга, - деган эди кейинчалик Ғозиолим Юнусов, - Туркия ҳукумати ҳамда "Иттифоқ ва тараққий" партияси етакчилари билан учрашиш, улардан Туркистонни Совет Россиясидан ажратиб олишга қаратилган ишимизга ёрдам ва кўрсатмалар олиш учун борганман. Талъат пошшо Ғози Олим Юнусов ва Саидносир Миржалоловга бу масалани Миллатлар лигаси олдига қўйиш лозимлиги, бунинг учун Женевага боришни маслаҳат берган. Аммо улар Женевага боришмаган.
Беҳбудий ҳазратлари аслида қаерга бормоқчи бўлган? Шўролар даврида нашр этиладиган, жилдлари ва нусхалари жиҳатидан биринчи ўринда турадиган қомус - "Катта совет энциклопедияси" (БЭС)да ёзилишича, АҚШ президенти Вилсон совет Россиясига қарши курашаётган барча мухолиф гуруҳларга хат йўллаб, уларнинг раҳбарларини Туркияда ўтказиладиган конференцияга таклиф этган. Тахминга кўра, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Саидносир Миржалилов ҳамроҳлари билан шу конференцияда иштирок этиш учун 1919 йил март ойида йўлга чиққан.
Тарихчи олим Мавлон Ваҳобов шўро даврининг махфий архивларида сақланаётган мавзуга оид ҳужжатларни ўрганиб, бошқача фикрни айтган. Парижда биринчи жаҳон уруши ғолиблари - Антанта давлатлари ўртасида Версаль конференцияси давом этаётган пайтда "Миллий иттиҳод" ташкилоти топшириғига мувофиқ миллатчилардан бир гуруҳи Парижга юборилган. Беҳбудий ва Мулла Мардонқул Шомуҳаммад ўғли Бухоро орқали Эронга ўтиб, у ердан Парижга бормоқчи бўлиб йўлга чиқди.
"Бу икки фикрнинг қайси бири тўғрилигидан қатъи назар, - деб ёзади академик Наим Каримов, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамроҳлари билан Ўзбекистонни большевиклар асоратидан халос қилиш учун нажот излаб, Оврупо сари йўлга чиққан эди.
Филология фанлари номзоди Ҳалим Саййиднинг тадқиқотларига кўра, Беҳбудий 1919 йилнинг март ойи бошларида ҳамроҳлари билан бирга сафарга чиқиб, бир ҳафталик йўлдан кейин Қарши шаҳрига етиб борган ва қўлга тушган. Бу маълумот Беҳбудий ҳамроҳлари билан Самарқанддан Қаршига Шаҳрисабз орқали боришда ҳибсга олиниб, икки ой тутқунликда сақланганидан сўнг Қаршига юборилганлиги тўғрисидаги хабарни инкор этади. Чиндан ҳам ўша пайтда Самарқанддан чиқиб, Жом орқали қадимги йўлдан Қарши шаҳрига бемалол етиб бориш имкони бор эди, масофа ҳам анча қисқарарди.
Ишончли маълумотларга кўра, Беҳбудий ва унинг ҳамроҳлари Қарши шаҳрида большевикларнинг Бухородаги элчихона хизматчиси Уткин таъсири билан амир томонидан тутилган. Чет элда чоп этиладиган "Миллий Туркистон" газетасининг 1950 йил 66-сонида босилган мақолага кўра, Беҳбудий "жадидчи" дея амирнинг буйруғи билан ўлдирилган. Бу эса, ниқоб эди, деб ёзган газета. Абдурауф Фитрат ҳам Беҳбудийнинг ўлимида Бухоро амирини эмас, балки Туркистондаги совет ҳокимиятини айбдор деб билган. Чунки Беҳбудий амир учун эмас, балки шўролар учун хавфли шахс ҳисобланган. Шўро гумашталари унинг ўлимида айблари йўқлигини ниқоблаш учун турли усулларни қўлладилар.
1920 йил март ойида Беҳбудий ўлими тафсилотларини аниқлаш учун етти кишилик комиссия тузилган ва унинг хулосаси матбуотда чоп этилган. Оиласига моддий ёрдам кўрсатилган. Олдин тузилган етти кишилик комиссиядан ташқари беш кишилик комиссия ҳам тузилиб, унга қотилларни ахтариб аниқлаш ва қамоққа олиш, марҳумнинг жасадини топиб, Самарқандга олиб келиш вазифаси топширилган эди. Аммо бирорта комиссия ўз олдига қўйган вазифани бажара олмаган. Қарши шаҳрининг ҳукумат бошида турган одамлари бу комиссияларга ишлаш имконини бермаган.
1926 йилда Беҳбудий вафотининг етти йиллиги кенг хотирланади. Қарши шаҳрига Беҳбудий номи берилади, шўро матбуотида Беҳбудийга бағишланган кўплаб мақолалар чоп этилади. Самарқанд театрида бу фожиа ҳақида ҳикоя қилувчи "Маърифат қурбонлари" спектакли намойиш этилади.
Таниқли адабиётшунос олим Солиҳ Қосимовнинг таъкидлашича, Беҳбудийнинг ўлими ҳақидаги хабар тарқалгач, бутун Туркистон бўйлаб мотам кечалари ўтказилади. Унинг "Падаркуш" пьесаси саҳналаштирилади.
Шу тахлит Туркистондаги шўро раҳбарлари Беҳбудийнинг қатл этилишида большевикларнинг ҳеч қандай айби йўқлиги, бунда Бухоро амирлигини бошқараётган Амир Олимхоннинг қўли борлигига халқни ишонтирмоқчи бўлган.
- Совет давлатининг Беҳбудийни амир қўли билан ўлдиришдан мақсади эса, деб ёзади Абдурауф Фитрат, - бир томондан "Ёш бухороликлар"да амирга нисбатан қаҳр ва ғазаб тўлқинини уйғотиш, иккинчи томондан "Ёш бухороликлар" ёрдамида Бухоро амирига қарши юриш бошлаш, амирликни тугатиб, уни совет ҳокимияти таркибига қўшиб олиш эди. Уларнинг бу ёвуз мақсади 1920 йил 2 сентябрда амалга оширилганини яхши биламиз.
"Инқилоб" журналининг биринчи сонида эълон қилинган Беҳбудийнинг ўлимидан уч кун олдин гўё "васиятнома" ёзгани хабари сохта бўлиб чиқди. Адабиётшунос Солиҳ Қосимовнинг сўзларига қараганда, "Маърифат қурбонлари" пьесасидаги Беҳбудий вафоти олдидан ўқиладиган монолог совет махфий хизмати саъй-ҳаракати билан унинг "васиятномаси" сифатида тарқатилган. Агар "васиятнома" рост бўлганда, - дейди олим, - табаррук ҳужжат сифатида Беҳбудийнинг Айний, Фитрат, Чўлпон сингари садоқатли дўстлари ва шогирдлари асарларида тилга олинарди.
Беҳбудий ва ҳамроҳлари Қаршида ушланиб, бир неча кун зиндонда ётганларидан сўнг, уларга ўлим жазоси берилгани ва зиндон ёнидаги амирликка қарашли чорбоғда қатл қилинишлари ҳақида хабар берилган. Шу чорбоғда уларга тўрт қабр қаздирилган.
Қатл белгиланган кунда Беҳбудий ҳазратлари таҳорат олиб, намоз ўқиб олишни сўраган. Аммо ибодат қилишига рухсат берилмаган. Аввал Беҳбудийнинг бошини кесишган, сўнгра навбатма-навбат ҳамроҳлари шу йўсинда ўлим топишган. Шаҳидларнинг жасадлари ўзлари қазиган қабрларга кўмилиб, сир сақлаш учун усти текислаб юборилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фожиали ўлими ҳақидаги хабар анча кеч, "қорлар эриб, излар босилгандан" сўнг тарқатилган.
Бу ҳақда Фитрат, Айний, Чўлпон марсиялар ёзишади, унинг ўлими сирларини билиш, жасади қаерга дафн этилганини аниқлаш ҳаракатига тушишади. "Бухоро ахбороти" газетасининг 1923 йил 3 октбярь сонида Айний ҳазратлари номидан берилган мақолада "Маҳмудхўжа Беҳбудий афандининг қабри бу кунда топилиб, устига ҳайкал ишланиб ётадир" деган хабар берилди. "Мазкур шов-шувли хабардан кейин ҳам, - дейди Наим Каримов, - Беҳбудий ва ўртоқларининг қаерга дафн этилгани масаласи ҳамон ечилмай келади".
Чўлпон 1920 йилда Беҳбудий хотирасига бағишланган шеърида Беҳбудий қабрини ахтариш жуда хавфли эканини айтган эди. Чунки бу даврга келиб, ҳозирги Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари большевиклар қўлига ўтган эди. Демак, Беҳбудийнинг қабрини излаш имкони 20; 30 йилларда, ундан кейин ҳам бўлмаган. Боз устига 1937 йилда Қарши шаҳридан ва кўплаб мактаблардан Беҳбудий номи олиб ташланади.
Қашқадарёлик баъзи зиёлилар ҳам шўро даврида Беҳбудий қабрини топиш юзасидан зимдан иш олиб боришди. Истиқлолдан сўнг бу соҳада Чори Ҳамро, Бегали Қосимов, Соли Пўлатов, Самар Нуров, Поён Равшанов, Шарофат Ашурова кўп саъй-ҳаракатлар қилишди.
Адиба Шарофат Ашурованинг таниқли журналист ва ёзувчи (марҳум) Самар Нуров билан қилган суҳбатида ҳам кўп саволларга жавоб топиш мумкин: "Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг кимлиги, қабрини пинҳон сақлашларидан аёнки, у ҳам битта сиёсий ўйин эди. Чунки, унинг номини кўтарганлар қатағонга учрадилар. Бу ном ортидан минглаб юртдошларимиз изсиз кетганини оталаримиз афсус билан айтган эдилар. Сўнгра яна етмишинчи йиллар бир уйғониш бўлди, бу гал ҳам уддабуронлик билан халқни чалғитдилар. Гўёки маърифат учун курашганларнинг қабрини эъзозлаш мақсадида 4 қабр қаерлардан кўчирилиб, Қарши шаҳридаги болалар истироҳат боғига ўрнатилди, пойига машъалалар ёқиб қўйишди. Ўша эъзозланган қабрларнинг бирида Беҳбудий ётгани айтилди. Яна ким билади бу сиёсатдонлар у ерга кимларнинг қабрини қўйганлар, ўзларига аён. Аммо тутлар ёнидаги қабрлар жойида турганди, назаримда".
Ҳамон Беҳбудийнинг қабри қаердалиги аниқ эмас. Бу борада турли қарашлар ҳам бор. Бироқ бу масалада баҳслашиш, тортишувларнинг ҳожати йўқ, назаримда. Шуниси аниқки, буюк жадид, маърифатпарвар, миллат фидойиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўнгги бекати - Қарши шаҳридир. У шу кўҳна заминда мангу уйқуда ётибди.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист