Меню
Қашқадарё
МИЛЛАТ ҚАНДАЙ ЮКСАЛАДИ, МАМЛАКАТ ҚАЙСИ ЙЎЛ БИЛАН БОЙИЙДИ?
Сараланган сатрлар
Абдурауф Фитрат қаламига мансуб "Ҳинд сайёҳи" асари 1912 йили Истамбулда нашр этилган. Жадид мутафаккири Бухоро амирлигига нисбатан қарашларини баён этиб, маданият, табобат, саноат, ер ости бойликларидан халқ манфаати йўлида фойдаланиш ҳақида айтиб, ўлканинг маънавий ва моддий бойликлари ҳақида қайғуради.
Бухорога келган ҳиндистонлик мусулмон сайёҳ тилидан ҳикоя қилинган қиссада аслида ҳинд сайёҳи ёзувчининг ўзи. Асар ёзилган пайтда Россияда инқилоб юз берган, юртимизда эса маърифатпарвар жадидлар ҳаракати анча кучайган эди. Фитрат жамиятдаги кучлар нисбати, ким-кимнинг ҳисобига яшаётганлиги ва ким адолатсизлик қурбони бўлаётгани ҳақида фикр юритадики, кўп гаплар яқин ўтмишимиз ҳақида тасаввур уйғотиши баробарида миллатнинг теран фикрли фарзандларини ўйлантирган, қийнаган масалалардан дарак беради.
* * *
Бу даҳшат тўла тўдалар онгсизлик туфайли бўлса-да, бахтга эришган тўдалар ёрдамида бир-бирларини қувиб, ҳукмронлик отига миниб, бечораю бадбахт халқнинг мол, жон, арз, номус ва шарафини шафқатсизларча поймол этадилар. Бу "иқтидорли" (!) ҳокимларнинг тўдаси ҳеч вақт ҳеч кимнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлмаган икки тоифадан тузилган. Биринчиси жоҳил ҳокимзодаларки, оталарининг ҳукмронлик даврида фисқ-фужур ва бемаънилик билан маишатга берилиб, барча инсоний фазилатлардан, ҳатто саводдан ҳам бебаҳра қолганлар. Бошқа тоифа - аттор ва баққоллар бўлиб, ҳар иккала дунёнинг саодатидан имкони борича баҳрамандликни истайдилар ва илму фазл таҳсилини инсоний фазилатлардан деб биладиларки, ҳаммалари бирлашиб, турли йўллар билан ҳокимликнинг олий мартабасига етганлар.
* * *
Миллат қандай юксалади, мамлакат қайси йўл билан бойийди, давлатнинг хазинаси қандай тўлади каби масалалар хаёлларига ҳам келмайди. "Маълум бир мансабдор ҳокимнинг халқ олдидаги вазифаси нимадан иборат, халқнинг ҳокимга нисбатан ҳуқуқининг даражаси қанчалик" каби фикрларни ҳеч қачон эшитмаганлар. Бироқ, бирон-бир вилоятнинг ҳокимлигига тайинланишса, ўша ер ҳуқуматини дўзах оловининг бароти ёки босқинчилик манбаи деб биладилар. Натижада улар ўзларига қарашли барча кишилари ва дўстлари билан бало лашкари мисоли у ерга қўниб, бадбахт аҳолидан нафслари истагунча молҳол оладилар ва подшоҳнинг хазинаси...га ҳам инсофлари етгунча топширадилар. Ҳеч ким улардан бу дарёсимон ғоратгарчилик ва томчисимон топшириш сабабини суриштирмайди.
* * *
Ҳазрат Баҳовуддин ёмон одам эди демайман ва одамлар унинг зиёратига келмасинлар деб ҳам айтмайман. Пайғамбар ҳазратлари "қабристонни зиёрат этингиз, чунки бу сизларга охиратни эслатади", деб уқтирганлар. Албатта, мозорларни зиёрат этиш, агар ўликлар ва қиёматни эслаш учун бўлса, яхши ишдир. Лекин, масала шундаки, бу зиёратни бутпарастлик даражасига етказиш керак эмас. Инсоф қилинг: ҳазрат мозорида намоз ўқийсиз, бу мозор туғининг чўпига сажда этасиз, ҳожатларингизни чиқаришни Баҳовуддиндан тилайсиз. Бугун Бухорода ҳеч ким йўқки, "ё Аллоҳ" ўрнига "ё Баҳовуддин" демаса. Буларнинг ҳеч бири шариатга мос эмас.
...Биз Баҳовуддин ҳазратларини яхши кўрамиз, эҳтиром этамиз, зиёратларига келамиз, лекин бу муҳаббатимиз, эҳтиромимиз, зиёратимиз бизни шариат қонуниятидан чиқариб, баҳовуддинпарастликка олиб келиши мумкин эмас.
* * *
Уч юзга яқин ибтидоий мактабга эгамиз, лекин буларнинг бари бесавод муаллимларнинг разолатхонасига айланган. Оҳ, ё раббий! Қандай ажиб тилсимдир бу мулкнинг аҳволи! Бугун дунёдаги бой мулкдорлар ўғрилик, бадахлоқлик, разолат, бечораликни йўқ қилиш учун мактаблар очадилар ва агар шаҳарларида бир мактаб очилгудек бўлса, дўппиларини осмонга отадилар. Бизда эса уч юздан ортиқ ибтидоий мактаб бўла туриб, болаларимиз ўғрилик, бадахлоқлик, разолат ва бечораликка маҳкумдирлар.
* * *
Илоҳий қонун будир: модомики бирон бир қавм ўзининг ишларини Оллоҳ фармойиши асосида олиб бормас экан, ўзининг шахсий ҳаётини шараф, саодат ва фароғат, буюклик билан ҳамқадам билиб ўтказмас экан, тинчлик ва осойишталик ниятларини йўққа чиқаришга интилиб, кибр ва ғурур водийсига қадам қўяр экан, чин ҳақ ва адолат йўлидан чиқар экан, ўша заҳотиёқ шон-шарафлари ер билан яксон бўлиб, осойишталиклари заҳматга, буюкликлари эса хорликка айланиши муқаррардир!..
* * *
Ҳар бир миллатнинг тараққиёти учун илм асосий сабабдир.
* * *
Бу шундай миллатки, ҳақини ғорат этсалар, ўзи ана шу яғмогарлар оёғига бош қўйишни фазилат деб билади.
* * *
Сабот ва чидамдан бошқа нарсаси бўлмаган миллатнинг ҳамма нарсаси бўлиши мумкин ва сабот-матонатдан бошқа ҳамма нарсаси бўлган миллат ҳеч нарсасиз қолиши мумкин. Бир одамнинг саботи буюк бир миллатни ислоҳ этишга қодир. Ислоҳ этувчилар тоифаси учун саботдан бўлак асл қурол йўқ. Саботсизлик заҳри қотилдирки, ҳар бир миллатнинг танглайига тушса, димоғидан тутун бўлиб чиқади...
* * *
Маълум ният ва мақсадга қаратилмаган ҳар қандай иш эътиборсиздир.
* * *
Таажжуб этманг, башарият тараққиётга қодирдир ва юксалаверади ҳам. Юз йил олдин мамлакатингизнинг қаерида темир йўл ва телеграф симлари мавжуд эди? Жуда юксак мисолларни-ку, қўяқолайлик, юз йил олдин мана шу гўгирдни қайси бухоролик кўрган эди? Бундан олдин сизнинг чолворингиз карбосдан, кўйлагингиз қалами матодан эди. Бугун нафис докалар ва турли рангдаги парчаларга етибмиз. Буларнинг барчаси мен даъво этаётган тараққиётнинг намунасидир.
* * *
Қарши Бухоронинг катта шаҳарларидан биридир. Бир вақтлар бу шаҳарнинг тижорати Бухородагичалик экан. Бироқ, темир йўл бўлмаганлиги сабабли, савдо анча орқада қолибди. Илм ва маориф ҳам анқонинг уруғи. Кўпчилик ҳатто хат-саводдан ҳам маҳрум. Саноати-ю ҳунармандчилиги пойтахт саноатидан яхшироқ. Халқи обдаста ясаш ва гилам тўқишда ўта моҳир, айниқса, алоча тўқишда тенги йўқдир. Бироқ, афсуски, ушбу нарсаларнинг барчасини эски усулда тайёрлайдилар, яъни корхоналарнинг барчасида қўл меҳнати устун. Машина билан ишловчи корхоналарга эга эмаслар ва уни яратиш хаёлларига ҳам келмайди.
* * *
Фараз этайлик, умрингиз охирига етмоқда, бироқ, фарзандларингиз ва набираларингиз нима билан шуғулланишади? Уста жаноблари, сиз келажак ҳақида фикр юритишни унутманг, чунки ҳар бир кишининг ҳаёти ўз ишининг келажаги билан боғлиқ. Эртани ўйлаш олам ободлигининг боисидир. Туккор сафар машаққатларини чекар экан, дунёсининг бугунгидан кўра кўпроқ бўлишини, мулла ҳужранинг қоронғи бурчагида ўта оч ҳолда кун ўтказар экан, келаси йили мударрис бўлишни, ҳоким халқ қонини сўраётиб, эртага вазирлик лавозимига кўтарилишни истайди. Подшоҳ эса эртага бир мулкнинг хутбасига номини қўшиб ўқишларини ўйлаб, юз минг аскарнинг ўлимига рози бўлади. Шундай қилиб, минг йиллардан бери давом этаётган ва бундан кейин ҳам давом этадиган бу ишларнинг бариси истиқбол ишқида, яъни келаси замон учун амалга оширилади. Бутун оламда ўтмиш учун қадам қўйган бирон бир кимса йўқдир.
* * *
Қарши халқи ерларнинг ҳосил бериш даражасида меҳнат қилмайдилар, яъни ерларининг имкониятича ҳосил ололмайдилар. Фақат Қаршигина эмас, балки бутун Бухоро ўлкаси шу ҳолдадир.
* * *
Оврўпо ҳакимлари ерга қувват бахш этадиган ҳайратланарли дорулар ишлаб чиқарганлар. Бухоро деҳқонлари эса ерларига қувват бериш учун энг аввало битта от ва арава ёки бир неча эшак сотиб олишга мажбурлар, кейин эса шаҳар ичига келиб, ҳар куни одамлар ҳожатхонасидаги ахлатни ўша арава ва эшакларига ортиб, далага олиб кетадилар, тўплайдилар, тупроққа соладилар. Зарур бўлган тақдирда бу ифлосликнинг бир неча қопини бир таноб ерга тўкадилар. Оврўпо деҳқонлари ерни шудгорлаш учун машиналарга эгадирлар. Бу машиналар бир кунда бир неча таноб ерни ҳайдаш қудратига эга. Бухоро деҳқонлари эса энг аввало иккита ҳўкизни анча қиммат пулга сотиб оладилар, кейин йил бўйи ем учун кунига ўн тангадан сарфлаб, асрайдилар ва баҳор кунларининг бошида катта машаққат билан бир таноб ерни кунлаб шудгор қиладилар.
* * *
Шуни тан олиб айтаманки, бугун Бухорода сармояси ҳам фабрика қуриб, ҳам тужжорлик қилишга етадиган киши йўқ. Агар ўнта бухоролик сармоядорнинг пули бир жойга тўпланса, тўртта фабрикага эга бўлиш мумкин ва бу сармоя эгалари муваффақият билан савдо ишини юрита оладилар. Оврўполиклар ширкатларнинг афзаллигини яқинда кашф этиб, ўз миллатларини бу ширкатларни тузишга даъват этдилар. Бироқ, бизнинг пайғамбаримиз бундан бир минг уч юз йил олдин амр этиб деган эдилар: "Аллоҳ таоло дейдики, иккита бир-бирига хиёнат қилмайдиган шерикларни мен ҳимоя этаман ва қачонки хиёнат этсалар, менинг ҳимоямдан маҳрум бўладилар".
* * *
Имом Муҳаммад бинни Исмоил Бухорий "Саҳиҳи Бухорий"ни яратиш учун олти юз минг ҳадис тўплаб, уларнинг ичидан тўққиз минг икки юзта тўғри ҳадисни ажратиб, ўз китобини яратди. Шунда ҳам бу ҳадисларнинг уч мингигина аслдир.
Яна айтишларича, Имом Бухорий ўша олти юз минг ҳадисдан олти мингини танлаган эмиш. Бу ерда бир муҳим нуқта мавжуд. Уни ҳам арз эта қолай. Имом Бухорий икки юз эллик олтинчи ҳижрий йилида оламдан кўз юмган. Маълум бўлишича, пайғамбар замонидан бошлаб Имом Бухорий давригача олти юз мингга яқин сохта ҳадис вужудга келган. Ким билади, Имом Бухорий замонидан бизгача бўлган бир минг етмиш йил ўртасида неча миллионлаб сохта ҳадислар вужудга келган экан? Шунинг учун, устоддан эшитган билан ҳар бир ҳадис тўғри бўлавермайди.
НАСРИДДИН тайёрлади.