Меню
Қашқадарё
МИБ ходимлари мажбуран пахтага чиқарилдими?
Кеча ижтимоий тармоқларда “Ҳаммани мажбурловчи МИБ ходимларининг ўзи мажбурий меҳнат қурбони” сарлавҳали хабар эълон қилинди. Унда Мажбурий ижро бюроси Косон тумани бўлими ходимлари пахта теримига жалб этилгани ўз ифодасини топган.
МИБ вилоят бошқармаси билдирган муносабатда айтилишича, мазкур хабар тезкор ўрганилган ва нафақат Косон тумани, балки бюронинг бошқа туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари пахта теримига жалб қилинмагани маълум бўлган.
Қайд этилишича, бюронинг вилоят бошқармаси органлари томонидан жойлардаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, қолаверса, суднинг алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича қарздорлар пахта мавсумида ихтиёрий равишда қатнашиб, қўшимча даромадга эга бўлиши мумкинлиги борасида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилаётган экан. Тушунтириш ишлари натижасида эса 10 нафар алиментдан қарздор фуқаро қўшимча даромад топиш ва шу орқали алимент пулларини тўлаш мақсадида пахта теримида ихтиёрий иштирок этиш истагини билдирган.
Хусусан, Косон туманида яшовчи қарздор М.М. 1 нафар вояга етмаган фарзанди учун 2 ойлик алимент пулларини, қарздор А.М. ҳам 1 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун сентябрь ойи алимент пулини тўлиқ тўлаб берган.
“Ижтимоий тармоқларга жойлаштирилаётган хабарларнинг ҳаммаси ҳам асосга эга бўлмаслиги мумкин”, дейилади МИБ вилоят бошқармаси муносабатида.