Меню
Қашқадарё
МИБ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
Дастлаб Қарши туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида Қарши шаҳри, Қарши, Касби, Миришкор, Муборак, Нишон, Ғузор, Косон ва Деҳқонобод туманлари, иккинчи кун Шаҳрисабз технология касб-ҳунар коллежида Шаҳрисабз шаҳар, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Чироқчи ва Қамаши туманлари аҳолиси мурожаатлари қабул қилинди.
Қабул кунлари 104 та мурожаат келиб тушиб, уларни жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди. Мурожаатлар асосан энергия ресурслари, алимент, зарар ҳамда корхона ва идоралардан иш ҳақини ундириб бериш каби масалалар билан боғлиқ бўлди. Барча масалалар бирма-бир тингланиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилди, тегишли муддатлар белгиланди ҳамда фуқароларга зарур тушунтиришлар берилди.
Жумладан, Чироқчи туманида яшовчи А.Эшонқулов 2011 йилдан буён электр энергиясидан ўғли номига ҳисобланган 916 минг сўм қарздорликдан норози бўлиб мурожаат қилди. Ўрганиш давомида қарздорлик ҳисобланган яшаш манзилида бир неча йилдан буён ҳеч ким яшамаслиги аниқланиб, асоссиз қарздорлик хатлов йўли орқали электр ҳисоб дастуридан чиқарилди.
Шу туманлик А.Шокировнинг ҳам электр энергиясидан юзага келган 966 минг сўм қарздорликдан норози бўлиб қилган мурожаатини ўрганиш жараёнида, истеъмолчи номига 2 та ҳисоб рақам очилгани маълум бўлди ва бу ҳам фуқаро фойдасига ҳал этилди.
Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи Ф.Давлатовдан ундирувчи Г.Очилова фойдасига 1 нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент пулларини ундириш ҳақида 2017 йилда суд буйруғи чиқарилган. Қарздор шу кунга қадар 2 миллион 159 минг сўм алимент пулини тўламай келган. Сайёр қабул жараёнида қарздор ва ундирувчи билан суҳбатлашилди, тушунтиришлар натижасида икки томон ўзаро келишди ва ярашгани муносабати билан ижро ҳужжати тамомланди. Бундан ташқари, алимент ундириш бўйича яна 3 фуқаронинг мурожаатлари ҳам жойида қаноатлантирилиб, алимент пуллари ундириб берилди.
Айни пайтда сайёр қабул давомида ўртага ташланган, ўрганиш талаб этадиган турли масалаларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ