Меню
Қашқадарё
МЕЗОН ЎЛЧАМЛАРИ
Суви одатдагидан тиниқлашган ариқ бўйида, уфққа оққан қуёш нури беланчаги ҳузурини олиб гурунглашаётганимизда:
- Боғлар болга тўлди, энди пайкалу новдада нима бўлса йиғиб олиш керак, - деганди деҳқон дўстим.
- Тонгда Ҳулкар уфққа ботаяпти, қўйларни қўшадиган палла келди, об-ҳаво ҳам анча илиқ, - севинганди чорвадор танишим.
- Кечаю кундуз тенглашган шу кунлар қадрига етмаган киши нақдини қўлдан олдиради, - гурунгга нуқта қўйди синчи ҳамсоя.
Кеча тун қоронғулаша бошлаганда ҳам само ғужғон ўйнаётган юлдузлардан тўлган, ярим тилим қовундай ҳилол фонус янглиғ нур таратаётган эди. Энди эса на унисидан, на бунисидан дарак бор, кўк лак-лак қора булутлардан сирға тақиб, хўмрайганди.
Совуқ шамол танимни чимчилаб-чимчилаб олди.
Тунда ҳавонинг совугани яхши, бир-икки кечки кўракларнинг очилиши тезлашади, аммо...
“Нима бўлса ҳам ёмғир ёғмасин-да”.
Дилимни хавотир қоплади, югуриб ичкарига кирдим.
Гўё табиатнинг қисқа фурсатдаги эврилиши аламини олмоқчидек пишиллаб ухлаб ётган тўнғич ўғлимни турткиладим:
- Тур-эй, бунинг ғафлат босиб ётишини қара.
- Ярим тунда нима қилиб юрибсиз, дада, ҳали тонг отгани йўқ-ку, - тўнғиллаб кипригини қоплаган уйқуни йиртиб очишга уринди фермер ўғлим.
- Ҳавонинг авзойи ёмон, ҳадемай ёмғир ёғадиганга ўхшайди.
Энди сапчиб ўрнидан турган ўғлимга кўчади мендаги хавотир:
- Нафасингизни иссиқ қилинг, кеча ҳаво очиқ эди-ку.
- Куз ҳавосига ишониб бўлармиди, “теримни кучайтир” десам лаллайиб юрдинг, энди “план”ни нима қиласан?
2
Бизнинг қаттиқ-қаттиқ овоздаги мулоқотимиздан уйғониб кетди, шекилли нариги хонадан “маликаи беозор”нинг товуши эшитилади:
- Ёмғир ёғаяптими?
Бир ҳисобда шугинанинг турмагани яхши, ҳавонинг авзойини кўриб тўнини тескари кийиб олиши мумкин:
- Ётавер, йўлига этак тутармидинг, - зарда қиламан.
Зарда қиламану балога қоламан:
- Ёз бўйи сизларга худонинг зорини қилдим, на ўғлингиз, на ўзингиз шу нимадан хавотирда, демадингиз. Шамол учирган уч-тўрт шифернинг ўрнини бутлаган бўлсангиз, бемалол оёқ чўзиб ўтираверардингиз.
Тамом, бир томони тўкилай-тўкилай деб муаллақ турган булутлар, иккинчи томони, хотиннинг бевақт чалинган “сози”, уйқунинг шўрига шўрва тўкилиб бўлганди.
Шу орада борлиқ ёриша бошлади.
Йўқ, қуёшнинг чиқиши эмас, вақтнинг ўтиши маъносида...
3
Бундай ҳавода қишлоқ одами тинч ўтириб билармиди.
Ҳамма пахта даласида.
Мол-ҳол учун хашакнинг ғамини ейиш керак.
Билиб айтишган: “Чўпонга мажлис ҳаром”.
Бир пайт қўлимга совуқ нимарса урилади. Ялт этиб ён-веримга қарайман, беш яшар набирам қўлимдан тортади.
“Жажжи бармоқчалари намунча музлаган, маза қилиб ётавермайдими, ташқарида нима бор бунга?!”.
Менга тақлид қилиб, ёмғир томчиларини кузатаётган кўзлари аланг-жаланг:
- Бобо, энди дадамнинг пахтаси терилмай қоладими?
Тавба, бунчалик пахтажон эл бўлмасак, ёғин-сочинли кунларнинг барвақт бошланиши шу мурғак гўдакни ҳам ташвишга солса?
Дилим ғаш бўлса-да, набирамнинг кўнглини кўтараман:
- Ҳали илиқ-иссиқ кунлар кўп, болам, деҳқоннинг пешана теридан яралган ҳосил ҳеч қачон ерда қолмаган.
У жавобимдан қониқди, шунга қарамай икки оёқ бир этикка тиқилган палла катталарнинг ёнида бўлиш чўти ҳам йўқ эмас:
- Сиз қаёққа кетаяпсиз?
- Даданг билан дала айланиб қайтаман.
- Озгина тўхтаб туринг.
Набирам чопқиллаб уйга киради.
Ичкаридан момосининг ҳой-ҳойлагани эшитилади. Сўнгра...
Сўнгра эса бошида спортчилар дўпписи, эгнига чопончасини илиб, белини танғиб боғлаб югуриб чиқади:
- Мен тайёр, бобожон, кетдик.
- Қаёққа, ўғлим?!
- Дадамнинг даласидан пахта терамиз...
4
Ёмғирли кун деҳқоннинг оёғи тинади. Бундай пайт далага кириб бўлмайди.
Помуқнинг фермерман деган кишиси борки, доимий одатларига кўра эрталабдан қишлоқнинг қоқ марказидаги лоток ариқ бўйига тўпланиб келган. Шу ерда бугун-эртанинг режаси тузилади, сўнг ҳамма дала-даласига тарқаб кетади.
Барот фермернинг кўнгли тўқ, аллақачон шартнома режасини бажарган, аммо чаноқларда кўпириб турган пахтасига ачинади:
- Ёмғир панд берди, тераман десанг дала тўла пахта, “сорти” пасайгани ёмон бўлди-да.
Бегмурод бўйинсамнинг ташвишлари ўзига етик:
- Сен-ку ҳарҳолда режани бажардинг, биз ҳали ора йўлда турибмиз...
Лоток ариқ бўйига тўпланган фермерлар бири қўйиб, иккинчиси дардини дастурхон қилади. Кимдир луқма ташлайди:
- Ўзи бугун ким тўй қилаяпти?
- Бир эмас, уч хонадон келин тушираяпти.
Сўнгра тўйчилар номи зикр этилади.
- Ҳавонинг айниганича бор экан-да, - дейди даврадагилардан бири.
Қишлоқ одамларининг шунақа ҳисоб-китоби ҳам бор. Билмадим, феъл-атворида бир гап борми ёки “бахти”га шундай кун тўғри келадими, баъзилар ёзнинг авж чилласида маърака берса ҳам об-ҳавода бир ишкал чиқади.
- Қўйинглар-э, - дейди фермерларнинг ёшуллиси Ашурбой ака. - Бечоралар шунақа бўлсин, дебдими, бугун ойбоши-ку, ойбошида ҳаво бир ўзгариб олади. Яхшиси, далагами, уйгами бориб, мол-ҳолдан хабар олайлик.
Суҳбатга Нортожи раиснинг ишонч билан айтган сўзлари якун ясайди:
- Кўпам хафа бўлманглар, эртага ҳаво қизиб кетади.
Нортожи раиснинг ҳисобдонлиги бор гап. Унга бу иқтидор отасидан ўтган, бир вақтлар қишлоқ аҳли куз-қиш ойлари раҳматли Султонёз бободан маслаҳат олмасдан тўй дастурхонини ёзмагани ҳақидаги гурунглар ким неча бор қулоғимизга чалинган.
Бир гал Бешим домла тўйни ўтказишда маслаҳат сўраб қишлоқ оқсоқолларини уйига таклиф қилибди. Аниқ кун белгиланган дам аксига олиб Султонёз бобо ташқарига чиққан экан. Даврага қайтган Султонёз бобо:
- Энди, ука, тўй қачон ўтадиган бўлди? - сўрабди Бешим домладан.
- Ўн бешинчи октябрь, - домла оқсоқоллар белгилаб берган санани айтибди.
- Шундан бошқа кун йўқ эканми, - эътироз билдирибди Султонёз бобо. - Ўша кун ҳаво тутилиб, еру кўк бирикади, ёғиннинг зўридан дастурхондаги дастурхонда, қозондаги қозонда сувга бўкади.
Оқсоқоллар унинг гапига кулишибди:
- Ўзи икки-уч кун қолди, бу гапингизга ким ишонарди?!
Лекин тўй куни ҳаво Султонёз бобо айтганидан ҳам кўпроқ нағма кўрсатибди...
5
Тун бўйи ёққан ёмғирнинг шитирлаб шиферга урилиши уйқу бермади. Тонгга яқин кўзим илинибди. Қуш уйқу бўлиб қолганман. Кўп ўтмай сесканиб турдим. Кечаги совуқнинг қўрқуви, чопонга маҳкам ўралиб кўчага чиқдим. Во ажаб, табиат қисқа фурсатда бунчалик минг бир қиёфага кирмаса.
Уфқ қизариб келар, осмон эса мусаффо эди.
Унда-бунда тўпланиб қолган булут уюмларини тонг насими олис-олисларга бошлаб кетаётганди. Беихтиёр тилим илтижоли санога айланди:
“Шаштингдан тушма, шамол, булутларни қувиб сол! Беш-ўн кунгина сабр қил, ёмғир, деҳқон ризқ-рўзини йиғиб олсин, ҳали унинг даласига барака бўлиб сочиладиган кунларинг олдинда...”
Бу – ўтган йилнинг гапи. Бироқ энди буёғи мезон. Ғанимат дамда бор ғайратни кўрсатиб, табиат бизга ато этган нақдни қўлдан бермаслик лозим бўлган палла...
Мезон кирди, нақдинг қўлдан олдирма, ҳосилни йиғ, ақрабгача қолдирма.
Ўзбек халқ мақоли
Абдунаби АБДИЕВ