Меню

Қашқадарё

04.02.2020 1252

МЕТАН ЗАПРАВКА 1 МИЛЛИАРД СЎМЛИК ГАЗНИ "ЎҒИРЛАГАН"

Ижро жараёнида

Электр энергияси ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ғайриқонуний ҳолатлар юзага чиқмоқда.

Хусусан, "Ўзтрансгаз" АЖ Қашқадарё вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали мансабдор шахслари улгуржи истеъмолчилар газ ҳисоблагичлари кўрсаткичларини етарлича таҳлил қилиб бормагани баробарида, табиий газнинг рухсатсиз истеъмол қилингани, газ тармоқлари орқали моддий бойликларнинг талон-торож этилиши бўйича Мажбурий ижро бюроси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бермасдан давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлишган.

Хусусан, "Ҳудудгаз таъминот" АЖ ва "Ўзстандарт" агентлиги Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган текширишда Ғузор туманидаги "TAZIB" МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида газ ҳисоблаш ускунаси конфигурациясининг босимлар фарқи калибровкасига ўзгартириш киритиш йўли билан 2019 йилнинг август-сентябрь ойларидаги 49 кун давомида 1 миллиард 31 миллион 683 минг сўмлик табиий газ ноқонуний равишда истеъмол қилингани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, шохобча газ тармоғидан узиб қўйилган эди. Шундан сўнг МЧЖ давлатга етказилган зарарни ҳамда тармоққа қайта улаш учун тўловларни амалга оширди ва жорий йилнинг 22 январь куни қайта иш бошлади.

АВВАЛ 4, ЭНДИ 5 МИЛЛИОН СЎМДАН ЗИЁД ЗАРАР ЕТКАЗДИ

Мажбурий ижро бюроси Китоб тумани бўлими ходимлари томонидан тумандаги Тошкент маҳалласида яшовчи А.И.нинг яшаш хонадонида текшириш ўтказилганда, ҳисоблагичдан ташқари, тўғридан-тўғри тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Бунинг натижасида таъминот корхонасига 5 миллион 867 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текшириш давомида фуқаро бундан аввал ҳам электр таъминоти корхонасига 4,5 миллион сўм зарар етказгани, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 101-моддасига асосан 1 миллион 13 минг 650 сўм маъмурий жарима ҳамда етказилган зарарни тўлаб бергани маълум бўлди.

Терговга қадар текшириш натижасига кўра, фуқаронинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлса-да, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги сабабли ишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

15 СУТКА "ЁТИБ" ҲАМ ЭСИ КИРМАДИ

Нишон тумани Нишон маҳалласида яшовчи Х.Д. алимент тўламагани учун туман маъмурий судининг қарорига кўра, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаган. Аммо у бундан тўғри хулоса чиқармай, жазо қўлланилганидан кейин ҳам алимент тўлашни хаёлига келтирмаган.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг буйруғига асосан собиқ турмуш ўртоғи С.Т. фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун алимент пули ундириш белгиланган бўлса-да, огоҳлантиришлар ва таъсир чораларига қарамасдан ўз билганича юраверган. Натижада қарздорлик 2019 йил 27 декабрь кунига қадар 105 миллион сўмдан ошиб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.Д.га нисбатан Жиноят кодекси 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Худди шу каби Талимаржон шаҳарчасида яшовчи М.М. ҳам 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун 63 миллион 257 минг сўм  миқдоридаги алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги учун унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

ИССИҚХОНА ВА СУВ ҲАВЗАСИ НЕГА ХАТЛАНДИ?

Гап шундаки, Кўприк-йўл қурилиш бошқармаси унитар корхонаси солиқдан бўлган 4 миллиард 657 миллион сўмдан зиёд қарзини тўламай келган.

Ғузор туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан эса қарздорга тегишли иссиқхона ва балиқчиликка ихтисослашган сув ҳавзаси хатлаб олинди.

Қарзни бартараф этиш учун қарздорга ихтиёрий муддат берилди.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси материаллари асосида Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!