Меню

Қашқадарё

04.01.2018 1769

МЕНИНГ ШУНДАЙ БОБОМ БЎЛГАН

Ислом Каримов байрамларда, анжуманларда элимизга, ёш авлодга мурожаат қилиб, Ўзбекистоннинг келажаги, равнақи ҳақида катта ишонч билан гапирарди. Биз ёшларни "болаларим, фарзандларим" деб атар, "барчангизни бағримга босаман", деб хитоб қиларди.

Ислом бобонинг сўзлари ҳамон қулоғимиз остида жаранглаб, ҳамиша яхшиликка, интилишга чорлаб туради. У киши   "... ҳозирги ёш ўғил-қизларимизни кўриб хурсанд бўламан. Мен, авваламбор, ёшларимизга қарата айтмоқчиман: ўқинг, тарихни ўрганинг, тарихини, ўтмишини билган одам келажакда адашмайди", деган эдилар.

Ўйлайманки, бу гапларнинг ҳаётимизда ўз ифодасини топганига кўп бўлди. Биз фаровон, бугун жаҳон мамлакатлари ҳавас қилаётган юртнинг фарзандларимиз. Буюк келажак ўз-ўзидан вужудга келмайди, албатта. Биз бунга юксак ватанпарварлик, теран билим ва меҳнатсеварлик билан эришишимиз мумкин. Зеро, Ислом Каримов эртанги кунимиз равнақи ҳақида гапириб, шундай деган эдилар:

"Агарки қачон биз хоҳлаган замон келса, ана ўшанда муродимизга етамиз, деган фикр билан бемалол юрадиган бўлсак, билиб қўйинглар, бундай замон ҳеч қачон ўз-ўзидан келмайди. Ўзимиз истаган замон учун курашиш, керак бўлса, ўзимизни, бутун борлиғимизни беришимиз лозим. Шундай интилиш билан яшасак, нафақат ўз ҳаётимиз, балки келажак авлодларимиз ҳаётини, уларнинг эртанги ёруғ кунини ўзимиз, ўз қўлимиз билан барпо этган бўламиз..."

Юртимизнинг бугунги камолига, Қашқа воҳасининг гўзал қиёфасига назар ташлаб, чексиз севинч, ифтихор туяман. Мен бир ўқувчи сифатида яқин йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодиёти,  халқи ҳаёти, халқаро алоқалари яна бир неча карра юксалишига қаттиқ ишонаман. Бинобарин  халқимизнинг улкан тарихи бор. Улуғ сиймолари, даҳолари, алломалари, қаҳрамон яловбардорлари кўп. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Шароф Рашидов сингари ўтган улуғларимиз қаторида Ислом  Каримовнинг ҳам бўйи-басти, босган излари нурланиб туришига аминман.

 

Зуҳра РАШИДОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!