Меню
Қашқадарё
МЕНИНГ МУҲАББАТИМ ҲЕЧ КИМНИ БАХТЛИ ҚИЛМАДИ...
Менинг мижозим жуда ёмон-да, тарбия орқасидан шундай бўлганманми ё Худо шундай яратганми, билмайман, фақат шуни биламанки, агар бошқаларнинг бахтсизлигига сабабчи бўлсам, ўзим ҳам улар каби бахтсиз бўлиб кетаман. Шубҳасиз, бу нарса у бахтсизларга тасалли бўла олмайди, албатта, аммо начора, ҳамма кулфат шунда.
* * *
Киши руҳининг тарихи, ҳатто энг пасткаш киши руҳининг тарихи, агар бу тарих етук ақлнинг ўз-ўзини кузатиши натижасида ёзилган бўлса ва бировларда рағбат ва ҳайрат уйғотиш учун ёзилмаган бўлса, бу тарих бутун бошли бир халқнинг тарихидан ҳам қизиқроқ ва фойдалироқ бўлади.
* * *
Менинг қайсарлигим ўзим билан бир кунда туғилган бўлса керак; бутун умрим қалбимга ёки ақлимга қарши қайғули ва муваффақиятсиз қайсарлик қилиш билан ўтди. Ёнимда бирон серғайрат ва жўшқин одамни кўрсам, худди устимдан бир челак сув қуйилгандай бўламан, аксинча, бирон ланж одам билан тез-тез учрашиб турсам, балки эҳтиросли, хаёлпараст бўлиб кетармидим. Яна шуни ҳам эътироф этаманки, шу он кўнглимни ўзимга таниш, аммо қандайдир хунук бир ҳис чертиб ўтди. Бу ҳис ҳасад эди: мен “ҳасад” сўзини дадил айтаётибман, чунки ҳар нарсани эътироф қилишга ўзимни ўргатиб олганман.
* * *
Шуни билиб қўйингки, аҳмоқлар бўлмаганда, бу дунёнинг сира қизиғи қолмас эди... Биз - икки ақлли одам ўтирибмиз; ҳар хил масалалар тўғрисида тинмай баҳслашиш мумкинлигини олдиндан биламиз, шунинг учун ҳам баҳслашмай ўтирибмиз, бир-биримизнинг энг пинҳоний сирларимизни ҳам биламиз: ёлғиз гапнинг ўзи биз учун катта бир тарих; ҳар бир ҳиссимизнинг мағзини уч қават пўст тагидан ҳам кўриб турамиз.
* * *
Қайғули нарсалар бизга кулгили бўлиб кўринади, кулгили нарсалар эса қайғули бўлиб кўринади, аммо тагини суриштириб қарасангиз, ўзимиздан бўлак ҳеч бир нарса билан ишимиз йўқ, бепарвомиз.
* * *
Эҳтирос худди энди тараққий топиб келаётган ғояларнинг ўзгинасидир; у ёш қалбга хос нарса; умр бўйи эҳтирос билан яшамоқчи бўлган одам аҳмоқ; кўп сокин дарёлар зўр шалолалардан бошланса-да, аммо биронтаси денгизгача шундай қутуриб, кўпириб бормайди. Аммо бундай сокинлик кўпинча, гарчи яширин бўлса ҳам, аслида, улуғ кучнинг аломатидир; фикр ва туйғулар чуқур ва тўлиб-тошиб турса одамни қутуртирмайди: азобланувчи ва роҳатланувчи қалб ҳамиша ўзини тийиб туради ва худди шундай бўлиши кераклигига ишонади; у агар момақалдироқ бўлиб турмаса, қуёшнинг муттасил жазирамасида қуриб кетишини билади: ўзи билан овора бўлади, ўз ғамини ейди; худди ёш болани эркалатгандай ўзини ўзи эркалайди, ўзини ўзи жазолайди. Инсон ўзини ана шундай юксак даражада тушунганидагина тангри адолатининг қадрига ета олади.
* * *
Тўғри, болалигимдан бери тақдирим шунақа! Ҳамма одам юзимдан ёмон аломатлар топарди, аслида эса юзимда ундай аломатлар йўқ эди, аммо одамлар бор деяверганидан кейин пайдо бўлди. Мен жуда камтар эдим, мени муғамбирликда айбладилар, шундан кейин писмиқ бўлиб қолдим. Яхшилик билан ёмонликни жуда яхши ажрата билардим; мени ҳеч ким эркалатмасди, силаб-сийпаламасди, аксинча, ҳамма мени хўрларди, мен кекчи бўлиб қолдим; бошқа болалар ҳамиша хушвақт ва сергап бўлса, мен камгап, қовоғим солиқ юрардим, мен ўзимни улардан афзалман деб ҳис қилардим, аммо мени улардан паст қўйишарди – натижада бахил бўлиб қолдим. Мен бутун оламни севишга тайёр эдим, аммо мени ҳеч ким англамади, шундан кейин ҳамма нарсани ёмон кўришга ўргандим.
* * *
Менинг шум ёшлигим ўзим ва бутун муҳитга қарши кураш билан ўтди, масхара бўлишдан қўрқиб, ўзимнинг энг асл туйғу ва ҳисларимни қалбимнинг энг чуқур жойларига яширдим, улар ўша ерда ҳалок бўлиб кетди.
* * *
Наҳотки менинг бу дунёдаги бирдан-бир вазифам - ўзгаларни умиддан маҳрум қилиш бўлса, деб ўйлардим. Дунёга келганимдан бери тақдир мени ўзгаларнинг савдосини ҳал қилишга чорлайди: гўё ҳеч ким менсиз бўлолмайдиган, менсиз умидсизлана олмайдигандай! Мен бешинчи пардада иштирок этувчи сиймо бўлиб қолдим; мен ихтиёрсиз равишда жаллод ёки хоин ролини ўйнаб келаман. Тақдирнинг мақсади нима?
* * *
Мен баъзан ўзимдан нафратланаман... бошқалардан ҳам нафратланишимнинг сабаби шу эмасмикин?.. Олижаноб ва юксак ҳисларга лаёқатим қолмади; ўзимга ўзим кулги бўлишдан қўрқаман.
* * *
Бутун ўтмишимни хаёлимдан кечирарканман, беихтиёр равишда ўзимдан: “Нима учун яшадим? Бу дунёга нима мақсад билан келдим?” деб сўрайман. Аммо, сирасини айтганда, шундай мақсад бўлган, менга юксак вазифалар юкланган, чунки қалбимда бениҳоя зўр куч мавжуд эканини сезаман... Аммо мен у вазифани пайқаб ололмадим, бекорчи, арзимаган ва пуч эҳтиросларга алдандим: бу эҳтирослар қозонида қайнаб, пўлатдай қаттиқ ва совуқ бўлиб чиқдим, тобланиб чиқдиму, бироқ ҳаётнинг энг яхши гули бўлмиш олижаноб ва юксак интилиш ўтини йўқотдим.
* * *
Менинг муҳаббатим ҳеч кимни бахтли қилмади, чунки севган кишиларим учун ҳеч нарсамни қурбон этмадим, уларни мен фақат ўзим учун, ўз роҳатим учун севардим.
Дилфуза ЖУМАЕВА тайёрлади.