Меню

Қашқадарё

11.01.2018 1933

“МЕНИНГ МАҲАЛЛАМДА ЖИНОЯТ СОДИР БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК”

Юртдошларимизнинг осуда ҳаётини таъминлаш мақсадида 2017 йил давомида бир нечта қонунлар, қатор фармон ҳамда қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бу борада "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни алоҳида тилга олиш мумкин. Айниқса, жойларда ҳар пайшанба куни ўтказилаётган "Профилактика куни" тадбирларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Натижада илгари очилмай қолган жиноятлар фош қилинмоқда, айбдорлар иши бевосита эл кўзида сайёр суд мажлисларида кўрилаётир. Шу билан бирга, "хавфсиз шаҳар", "хавфсиз туризм" каби лойиҳалар кенг жорий этилаётгани ҳамда жамоатчилик назорати масканлари фаолияти йўлга қўйилгани, шунингдек, маҳаллаларда видеокузатув мосламалари ўрнатилаётгани туфайли жиноят ва ҳуқуқбузарликлар вақтида аниқланмоқда, бартараф этилмоқда.

Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида жиноятчилик содир этилмаган ҳудудлар сони ортмоқда. Шундай осойишта ҳудудлардан бири Китоб туманидаги Қорабулоқ маҳалласидир.

Эътироф этиш керак, 3200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган мазкур маҳаллада фуқаролар билан ишлаш, оилаларни ўрганиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш орқали ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олди олинмоқда.

- Икки ёки уч кишининг саъй-ҳаракати билан маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириб, соғлом маънавий муҳитни қарор топтириб бўлмайди, - дейди йиғин раиси Тўйчи Ҳакимов. - Шунинг учун давлат идоралари, зиёлилар, маҳалла фаоллари ҳамда жамоатчилик тузилмалари ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Натижалар ёмон эмас. Маҳалла ҳудудида ҳамма бир-бирини яхши танийди. Бегона киши келдими, унинг кимлиги, нима мақсадда келгани ҳақида бир зумда маълумот тўпланади. Айниқса, ҳар куни ҳудудимиздаги Қорабулоқ, Қўрғонча, Бешкалтак қишлоқларининг ҳар бирида тунги навбатчилик ташкил этилгани ҳар бир оила аъзосининг "Ўз уйингни ўзинг асра!" деган шиор билан доим сергак ва огоҳ яшашига, улар онгида "Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак!" деган тушунчани шакллантиришга хизмат қилаётир.  Шунингдек, маҳаллада ишсизликни бартараф этиш учун аҳоли бандлигини таъминлашга, яъни томорқачиликни ривожлантириш, хонадонларда иссиқхона ташкил қилиш бўйича ҳам тизимли иш олиб бораяпмиз. Ўтган йилда 21 та оилага чорва кредити олишга кўмаклашилди.

Маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда Наманган шаҳрининг Орзу фуқаролар йиғинидаги ижобий тажрибадан кенг фойдаланилмоқда. Яъни иш кунларининг ҳар соати режа асосида тақсимланган. Ҳудуддаги 41-мактабда давомат тадбирини ўтказиш, ёшлар масалалари билан шуғулланиш, маҳалла, оила, турмуш доирасида ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли бор ёки профилактик ҳисобда турувчиларнинг хонадонларига бориб, муҳитни ўрганиш, қолаверса, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш каби долзарб вазифалар  фаоллар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

- Маҳалладаги ҳар бир ходим, маҳалла фаоллари, ёши улуғ, обрўли кишилар, хуллас, кенг жамоатчилик бир ёқадан бош чиқариб ишласак, турли нохуш ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш  мумкин, - дейди йиғин профилактика инспектори Лочинбек Самадов. - Агар маҳалладаги қайсидир муаммо "бу менинг ишим эмас" деб ўз ҳолига ташлаб қўйилса, у яна бошқа кўплаб кўнгилсизликларга сабаб бўлишига шубҳа йўқ.

Шундай экан, ҳар биримиз лоқайдлик ва бефарқликка барҳам бериб, "Бу ҳудуд - менинг уйим, ҳар бир бола - менинг фарзандим", дея дахлдорлик туйғуси билан яшасак, ўз вақтида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олган бўламиз. Бу жиноятчиликдан холи ҳудудлар сонини кўпайтиришда ҳам муҳим омил бўлади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!