Меню
Қашқадарё
“МЕН ЎЗ ХАЛҚИМНИ КУЛФАТДА ТАШЛАБ КЕТМАЙМАН...”
Закий халоскор
Мусулмон оламидаги энг забардаст мутасаввиф донишмандлардан бири, улуғ шайх, кубровийлик тариқатининг асосчиси, Нажмиддин Кубро тахаллуси билан танилган зотнинг тўлиқ исми манбаларда Аҳмад ибн Муҳаммад Хивақий Хоразмий, деб тилга олинади ва яна Абу-л-Жанноб, яъни дунёвий икир-чикирлардан узоқ турувчи ва Томату-л Кубро – бало-қазоларнинг олдини олувчи, халоскор лақаблари билан ҳам эъзозланади.
Али Акбар Деҳхудонинг “Луғатнома” китобидаги маълумотга кўра, “унинг Кубро деб аталишига сабаб шуки, беҳад зийраклиги ва заковати туфайли ҳар қандай мушкул муаммони ҳам ҳал этиб бериш қудратига эга бўлган ва ҳар қандай киши билан мунозара қилса, албатта, ғолиб чиқар экан”.
Ҳаққа етиш йўлида...
Барча манбаларда унинг 1145 йилда Хоразмнинг Хива шаҳрида таваллуд топгани аниқ қайд этилган. Илм истаб Мисрга боргани ва у ерда Рузбеҳон Ваззон Мисрий деган олимга шогирд тушиб, унинг меҳрини қозонгани ҳам маълум. Мисрий ундаги иқтидорни кўриб, жуда суюнган ва ҳатто ўз қизини унга никоҳлаб бериб, куёв сифатида эъзозлаган.
Ҳаққа етиш йўлларини излаган Нажмиддин Кубро кўп ўтмай Табризга бориб, донишманд Имом Абу Мансур Ҳафдадан исломий илмларни ўрганди, сўнгра Бобо Фарж, Аммор Ясир каби йирик донишмандлардан тасаввуфга оид зоҳирий, ботиний илмларни ҳам эгаллади. Шайх Исмоил Касрий қўлида тасаввуфий ҳирқапўш даражасига етиб, ҳазратнинг оқ фотиҳасини олди. Кейинчалик, қайнотасининг маслаҳати билан ўз ватанига қайтиб келиб, хонақоҳ қурди ва шогирдлар тарбиясига эътибор қаратди ҳамда “Кубравия” ва “Заҳобия” тариқатларига асос солди. Бу тариқат таълимоти ҳадис ва шариатга асосланган бўлиб, Хуросон, Ҳиндистон ва қатор мусулмон мамлакатлари халқлари орасида кенг тарқалди.
“Ўлимимиз бошқаларга ибрат бўлсин!”
Лекин ҳазратнинг Хоразмдаги сўнгги ҳаёти ўта оғир ва мураккаб шароитларда кечди. У зотнинг босқинчилар қўлида шаҳид бўлгани ҳақидаги маълумот Рашиддиддин Фазлиллоҳнинг “Жамеату-т-таворих” (“Тарихлар тўплами”) ҳамда бошқа асарларда ёзилган. Мўғуллар ҳукмдори Чингизхон Нажмиддин Кубронинг машҳур шайхлардан бири эканини эшитгач, ўз чопари Имом Мужтаҳиддин орқали: “Мен Хоразмни қатлиом қилмоқчиман, Сиздек улуғвор инсон у ерни тарк этиб, ҳузуримга келишингизни сўрайман”, дея хабар юборади. Лекин Имом Мужтаҳиддин ҳар қанча уринмасин, ҳазратни гапга кўндиролмайди.
Таниқли адиб Хуршид Даврон “Шаҳидлар шоҳи” асарида бу воқеани тўлиқ ифода этган. “Мен ўз юртимни, ўз халқимни кулфатда ташлаб кетмайман, – дейди Шайх Чингизхон элчисига. – Мен умр бўйи аҳли куфру залолат бўлмиш золимлар даргоҳидан, уларнинг нопок мажлисларидан қочдим. Мен умр моҳиятини саъйи ҳаракатда кўрдим, дунё қуллигидан озод бўлмоққа интилдим. Билдимки, энг ноёб неъмат – қаҳрамонлик, Оллоҳ йўлида қилинган фидойи жасорат экан. Ўз қавми, ўз кулбаси, ўз фарзандини куффорлардан ҳимоя қилиш эса улуғ саодатдур”.
Шайх юрт ҳимоячиларига қарата шундай дейди: “Ўлим ҳақ, ҳеч ким ундан қочиб қутулолмайди, аммо Ватан учун жон бермоқдан ўзга шараф йўқдур. Худойим элчиси ўз ҳадисларида: “Ватан сарҳадини бир кун ҳимоя этмоқ олтмиш йиллик нафл ибодатидан афзалроқдир”, демишлар. Илло, ўлимимиз бошқаларга ибрат бўлсин!”
Шайх зарбаси
Мана бу Эркин Самандарнинг “Ғайб қушлари” ҳикоясидан парча: “...ҳазрат ўз дилига тугиб қўйган ниятини амалга оширишга киришди. Ичкари кириб саросимада ўлтирган аёллар ҳолидан хабар олди, мўлтираб турган болаларнинг бошларини силади. Водариғ, ҳадемай бу фаришталарнинг-да бошларида янғоқ чақурлар, қай бирларини қатл айлаб, қай бирларининг қўл-оёқларига қуллик занжирларини боғламоқ бўлурлар. Аммо ёғий англамаски, оларнинг қарияларидин тортиб норасидасигача бош эгиб яшамоқликдин тик туриб ўлмоқликни афзал билурлар!”
Манбаларда айтилишича, Нажмиддин Кубро оғир ярадор ҳолида босқинчилар байроғини ғаним яловбардори қўлидан юлқиб олади. Бу аслида душман учун оғир зарба эди. Бир муддат мўғуллар довдираб қолишади, чунки байроқнинг туширилиши мағлубиятдан дарак эди. Ёғийлар шайхнинг устига ташланишиб, байроқни унинг қўлидан тортиб олмоққа интиладилар, аммо бу иш осон кечмагани афсонага айланиб кетганки, ҳозирда ҳам шу гаплар оғиздан-оғизга кўчиб юради.
Шайх қўлида найза, бир мўғул аскаридан тортиб олган қилич билан икки-уч нафар душманни ер тишлатади. Хуршид Даврон афсонага айланган бу тарихий лаҳзаларни шундай тасвирлайди: “Сўнг уч қадамча нарида кўзлари даҳшатдан чақнаб ёнаётган, қўлида алвон байроқни ушлаб олган мўғул навкарига тушди. У хавф-хатарни писанд қилмай, байроқни баландроқ кўтаришга уринар, бу билан сафдошларини яна шиддат билан олға босишга ундамоқчи бўларди. Шайхнинг кўзида унга хос бўлмаган нафрат ва адоват учқунлари чақнади. У бирдан олдинга ташландию, қиличини мўғул кўкрагига санчди. Туғбардор қулаб тушар-тушмас, кокилига чанг солди. Аммо, туғбардорнинг ўлимини кўрган орқадаги мўғуллар Шайхни камондан ўққа тутдилар. Новакларнинг бири шайх кўксини тешиб ўтди. Шайх: “Оҳ!” – деди-ю, ерга қулади. У туғбардор кокилини қўйиб юбормасдан чап қўли билан кўксидаги новакни суғуриб олди, сўнг бутун кучини йиғиб душман байроғига чанг солди… Мўғулларнинг бири жон бераётган шайхнинг қўлидан байроқни тортиб олишга уринди, аммо кучи етмади. Байроққа иккинчи мўғул ёпишди. Аммо, Шайх Кубронинг бармоқлари душман байроғини шундай куч билан қисиб турардики, душманлар бу куч олдида ожиз қолдилар…”
Уруш қоидаси нега бузилди?
Ўтмишда урушнинг ҳам ўз қоидалари, таъбир жоиз бўлса, “маданият”и бўлган. Наврўз ва ҳайит кунлари урушлар тўхтатилган. Байрам қилаётган қўшин устига ғафлат устида ҳужум қилишдан лашкарбошилар ор қилишган, буни қўрқоқлик ва пасткашлик деб ҳисоблашган. Худди шу каби яловни қўлдан беришдан ҳам номус қилишган. Қайсидир томоннинг туғи йиқилса, ўша томон мардлик ва тантилик билан мағлублигини тан олган. Шу боис ҳам Шайх ҳазратлари жон тикиб, мўғуллар байроғига ёпишган эди. Аммо...
“Азалдан уруш қоидасида ҳар икки томон баҳодирларидан бири енгилса ёки бирор мухолиф томон байроғи сарнигун этилса, яъни ерга ётқизилса, шу томон енгилган ҳисобланади, – деб ёзган эди таниқли олим Наим Норқулов. – Лекин саҳройи мўғуллар урушида боболар удумига риоя қилинармиди?.. Аловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ шармандаларча қочган бир пайтда Шайх Кубро тарихимизда ўзининг пири муршидлигини, ҳақиқий ватанпарварлар шоҳи эканлигини исбот этди. Чингизхоннинг яловини йиқитди!”.
Шаҳидлар шоҳи
Бу буюк жасорат тарих солномаларига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Мавлоно Жалолиддин Румий умрининг охирларида Шайхга бағишлаб, ҳаяжонли сатрларни битади:
Мазмуни:
Биз шундай улуғларданмизки, гавҳар тутамиз,
Ориқ эчки тутган пасткаш – муфлис эмасмиз,
Бир қўлимиз билан имон қадаҳидан май ичсак,
Иккинчи қўлимиз билан кофир яловини тутамиз.
Орадан икки асрдан зиёд вақт ўтгач, буюк донишманд подшоҳ Мирзо Улуғбек “Тарихи арбаъи улус” китобида Шайхнинг аламли тарихига бир неча варақ ажратиб, Шайх вафотига бағишланган тарихни қайд этади: “Муршиди аъзам Шайх Нажмиддин Кубро Худо амри билан Хоразм учун бошини тикди. Бошини топширишда қотил яловига ёпишди. Дини Ҳақ иқлимининг подшоҳи, ул пир сарпанжасидан ўн забардаст йигит яловини кўриб ҳайратда, қолган оқиллар бу ҳолни шарҳладилар: Ялов учини шайх тутиб, таърих айтдики, вафотим санаси “Шоҳи шуҳадо” (“Шаҳидлар шоҳи”) дир”.
Подшолар бу остонани супуришни орзу қилишган
Нажмиддин Кубро ўзининг “Фавоиҳ ал-жамол ва фавотиҳ ал-жалол” (“Жамол хушбўйликлари ва жалолнинг кашфи”, “Ал-усул ал-ашара” (“Ўнта усул”), “Рисола ат-туруқ” (“Тариқатлар рисоласи”), “Рисолат ал-хоиф ал-ҳоим мин лавм ал-лоим” (“Маломатчининг маломатидан ҳазар қилувчи ҳақида рисола”) ва бошқа асарлари орқали ҳақиқат асрорига етиш йўлларини излади ва шу йўлда ўз тасаввуф мактабини яратди. Унинг ақидасига кўра, инсон ўз моҳияти эътибори билан “микрокосм”, яъни кичик олам бўлиб, ўзида коинотнинг барча унсурларини мужассамлаштиради. Аммо ҳақиқат йўлини қидирувчилар камолотга эришишлари учун маълум риёзатли йўллардан ўтишлари зарур. Бу йўллар ўнта усулдан иборат бўлиб, улар Тавба, Зуҳд фи-дунё, Таваккал, Қаноат, Узлат, Мулозамат аз-зикр, Таважжуҳ, Сабр, Муроқаба, Ризодир. Бу йўллардан натижа шуки, ўлмайдиган шахснинг ёди унинг нафсини мағлубиятга учратган сифатларда яшайди.
Нажмиддин Кубронинг яна бошқаларга ўхшамаган қирраларидан бири шуки, у зот валитарош, яъни валийларни парваришлаб тайёрловчи, дея эътироф этилади ва чиндан ҳам, умрлари давомида ўн икки кишини муридликка қабул қилиб, барчаларини шайхлик даражасига етказган. Уларнинг сафида Фаридиддин Атторнинг падари бузруквори Мажидиддин Бағдодий, Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад, Нажмиддин Дойа Розий, Саъдиддин Ҳамавий, Сайфиддин Бахорзий ва бошқаларни учратишимиз мумкин ва айтиш керакки, уларнинг ҳар бири ўз даврининг етук инсонлари сифатида эътироф этилган.
Темурийлар сулоласининг сўнгги қудратли вакилларидан бири ва буюк шоир бўлмиш Ҳусайн Бойқаро бир куни туркий шеърият султони Ҳазрат Мир Алишер Навоийга қарата айтади: “Агар мен подшоҳлик ишлари ила шуғулланишдан қўл тортишга жазм этсам, Шайх Нажмиддин Кубро мозори остонасининг жўрубкаши (супурувчиси) бўламан”.
Умуман олганда, кекса шайх ва донишманд инсон – Нажмиддин Кубронинг илмий фаолияти, камолот даражаси, қаҳрамонлиги ва жасорати авлодларга муносиб ибрат намунасидир.
Бугун дунёнинг оловли нуқталарида юртга хиёнатни “шаҳидлик” ва “олий саодат” билиб юрганлар бу буюк тарихдан хабардормиканлар?!
Манбалар асосида А.ҚОБИЛОВ тайёрлади.