Меню

Қашқадарё

20.03.2018 2127

МЕН ШОИРМАН

Бир гал вилоят марказида баҳорги байрам арафасида катта тантана бўлаётганди. Мусиқа садолари янграр, шовқин-сурон авжида, шоир минбарга кўтарилди, катта майдонга сув қуйгандек жимлик чўкди. У шеър ўқирди.

Мен шоирман,

Истасангиз шу,

Ўзимники эрур шу созим,

Бировлардан олмадим туйғу,

Ўзгага ҳам бермам овозим.

Ҳамма жим эди, ҳамма лол эди. “Бировлардан туйғу олмаган” ўзига хос шоирлари билан фахрланишар эди. Шоир эса жўшиб ўқирди.

...Менинг учун на таъзим керак,

На ҳолвайтар каби шуҳрат-шон.

Шайдо бўлиб юрганда бирдан

Хаёлимга ташламанг каманд.

Шоир таъзимларга, сохта шон-шуҳратларга зор эмасди. У дунёнинг ўткинчилигини, юзаки ёлғон муносабатларнинг умри қисқалигини яхши билар ва буларга парво қилмасди. Ўзи ёзганидек:

Хаёл каби кенг эрур олам,

Майда гапни кўтармагай шеър,

Керак бўлса менинг учун ҳам,

Жавоб берар бобом Алишер.

Абдулла Орипов  айни баҳорнинг авжида, Наврўз кунлари дунёга келган. Гўё бунда ҳам рамзий маъно бордек, шоир баҳорни севиб куйлар, унинг келишини интиқлик билан кутарди.

Сенинг висолингдан қувонмай нега,

Баҳор соғинтирдинг ахир кўп узоқ.

Сен келдинг, уйғонди яна шўх олқиш,

Йиғлаган кўзларга тушган каби  нур.

Юқоридаги сатрлар олинган   “Баҳор” номли шеър катта бир достонга ўхшайди.

Шоир оламдан ўтган устозларини, волидаи муҳтарамасини, баҳорга етиб келолмаган азиз инсонларни ўкинч билан эслайди.

Кетган азизларни хотирлаб гоҳо,

Майлига, чекайлик бир зумгина оҳ.

Дилдан ўчирайлик ғамнинг отини,

Баҳор ҳам бахт каби ахир ягона.

Ғаму ташвишларни енгиб, бахтга интилиб, яхши ниятлар билан эзгу ишлар қилиб яшаган шоир, бошқаларни ҳам шунга ундайди.

Абдулла Орипов ижодида Ватан мавзуси алоҳида жозиба, юксак  муҳаббат билан куйланади. Унинг шеърларини ўқир эканмиз, бир савол туғилади: мен ҳам шоирчалик Ватанимни севаманми?

Унинг Ватан ҳақидаги мисралари олмосдек ярақлайди-я! Бир ўқишда ёдингизда  қолади, унутолмайсиз. Юрган, турган жойингизда такрорлайcиз.

Қизғалдоқ баргидек учар дилдан  ғам,

Тошқинлар киради қалбимга маним.

Баҳоринг муборак бўлсин ушбу  дам,

Менинг Ўзбекистон – дилбар Ватаним!

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов адабиёт ихлосмандлари, шеърият шайдолари – бутун ўзбек халқи қалбида ўзининг ўлмас шеърияти билан абадул-абад яшайверади.

Бўстон  РАҲМОНОВА, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!