Меню

Қашқадарё

18.03.2017 2208

МЕН НАВРЎЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН!..

Болаларнинг айни дамда ҳеч нима билан иши-ҳуши йўқ, бор диққатлари булутларга эш бўлиб, осмонда вариллаб учаётган ранг-баранг варракларда. Кимники энг баланд учаркин, деб кўзларини осмондан узишмайди. Ҳаммаларининг қўлларида ғалтак иплар.

- Шамол сусайди-да, - дейди қисиқкўз бир болакай. – Эҳҳҳ! Зўр учаётувди-я!

- Шамолданмас бу! – билимдонлик қилади пучуқроғи. – Варрагингда айб! Яхшилаб ясамагансан-да! Ана, бошқалари бинойидай учиб юрибди-ку!

Қисиқкўз болакай жим бўлади. Аста-секин пастлаётган варрагига хомушгина термулади. Буни ясаш учун қанча вақт сарфловди-я. Акасининг изидан ялиниб юра-юра, яшириб қўйган варракбоп қоғозию бўёғидан олувди. Ё қамишини нотўғри қўйдимикин? Ипи калтароқдир ё жуда ингичкадир балки? У шундай ўйлар қуршовида турар экан, варрак “поп” этиб оёғи остига келиб тушди. Болакай унга қараб, кўнгли алланечук бўлиб кетди, назарида, ерда афтодаҳол бўлиб ётган қоғоз бўлаги худди яраланган қушга ўхшаб кўринди, юраги ачишиб кетди. Эгилиб, ўйинчоғини авайлабгина олди-да, ўзлари билан ўзлари овора ўртоқларидан ажралиб, уйига қайтди.

Ҳовлисига кириши билан най садоси қулоғига чалинди. Бобоси! У югургилаб ҳовли ортига – боғчага ўтди. Бобоси ток тагидаги сўрида ўтирган кўйи най чаларди. Бола бир-бир қадам босиб, унинг ёнига яқинлашди. Сассиз ҳаракатланишга уриниб, сўрининг бир четига омонатгина ўтириб, куйга қулоқ тутди. Ҳазин, шикаста, айни дамда улуғвор бир наво оҳангида тебраниб най чалаётган бобосига разм солди. Чолнинг кўзлари юмуқ, гўё бутун вужуди билан оҳангга ғарқ бўлиб кетгандай эди. Куй тўхтади. Бобо кўзларини очиб, ёнида хомушгина ўтирган неварасига қаради.

- Ие, тойчоғим, сиз қачон келдингиз?

- Ҳозиргина келдим, бобо! Ўргатганингиздай, куй чалинаётганида шовқин қилмадим, гапирмадим, жимгина эшитиб ўтирдим...

- Баракалла, ўғлон! Куй тинглаш ҳам бир маданият, бунинг қоидасиники ўрганибсиз, бошқа ҳамма ишни эплайсиз энди.

- Эплолмаяпман, бобо, варрагим учмади, - ўз дардини тўкиб солди бола. – Ҳамманики учди, менинг варрагим бўлса, бир-икки кўтарилди-ю, пастга қулади.

- Шунақами? Хафа бўлманг, яна ясаймиз, чин дилдан, яхши ният билан ясаймиз. “Фақат меники баланд учсин, бошқаларники учмасин”, деб эмас, “ўртоқларимникидай зўр варрак бўлсин”, деб ният қиласиз энди, бўптими? Ниятда гап кўп, ўғлоним! Ният қилинганида аввали кўпчиликка, сўнг ўзига сўралади, болам! Айниқса, ҳозирги қутлуғ кунларда астойдил ният қилиш керак, қилганда ҳам яхшиликни, эзгуликни тилаш керак...

Боланинг чеҳраси сал ёришди. Икковлашиб янгидан варрак ясашга тутиндилар...

2

- Наврўзгача бир ҳафта қолибди-ку, бобо, қачон кўчат экамиз? Ҳар йили шу пайти экардик-ку? – сўрайди ҳозиргина мактабдан келган бола.

- Экамиз, ўғлон, экамиз! Эртага бир нариги қишлоққа – Шерали буваникига бориб келаман, пайвандли кўчатларидан бераман, деган, индиндан икковлашиб ишга тушамиз-да! Ўзи эртага бошласак ҳам бўларди-ю, қишлоқнинг йилбошисини ўтказиш маслаҳатини қилишармиш оқсоқоллар, унга боришим керак.

Бобоси айтганидай қилди. Индинига бобо-невара тушдан сўнг белларини боғлаб, ишга тутинишди. Аввалдан қазиб, тайёр қилиб қўйилган, ичига сув қуйиб чиқилган ўрачаларга бола кўчатларни ташлаб чиқаверди, бобоси саралаб бераверди. Сўнг бола кўчатларни тик қилиб ушлаб турди, бобо ўрага тупроқ тўлдирди.

- Нега ҳар йили экаверамиз, бобо? Шундоғам ҳовлидаям, қишлоқ четидаям боғимиз бор-ку?

- Кўчат экиб, боғ яратиш – савоб, болам! Бир парча бўш ер топилса, дарахт ўтқазиш элимизга азалий одат. Ҳатто эртага қиёмат деса ҳам кўчат экмоқ лозим экан. “Яхшидан боғ қолади”, деган мақол бор, биласанми?

- Биламан, бобо! Давомида “ёмондан доғ қолади”, дейилган.

- Ҳа, баракалла! Ундан кейин-чи, болам, кўклам ер уйғонадиган, экин-тикин бошланадиган қутлуғ палла. Бундай пайтда ерга уруғ қадаган, ниҳол экканнинг баракаси мўл бўлади, дилидан бор ғубори тарқаб кетади. Ҳадемай, Наврўз келади, уёғи, насиб этса, ҳамал. Амал бошланадиган кунларгача кўчатларимизни экиб олсак, марра бизники.

- Наврўздан кейин эксак бўлмайдими? Нега доим байрамгача эктирасиз кўчатларни?

- Наврўзга совғамиз шу-да бизнинг, ўғлон! Тўйга тўёна, деганлар. Бизам кўчатларни тўёна деб эксак, яхши-да!

Бола бирпас жим қолиб, иши билан овора бўлади. Кейин яна бобосини саволга тутади:

- Бозор куни нима иш қиламиз, бобо?

- Бозор куни кичкина амакингникида сумалак экан, икковлашиб борамиз. Ундан ўтиб, менинг Абдураҳмон ошнамни бир сўраб келамиз, касал ётибди. Наврўзолди касал сўраш ҳам одат...

3

- Бугун миллий байрамимиз – Наврўзи олам ҳақида  иншо ёзамиз! – эълон қилди ўқитувчи. – Ўзингизнинг бу байрамдан олган таассуротингиз, билганларингиз ҳақида ёзинг. Сарлавҳасини ҳамма ўзи истаганидек қўйсин...

Синфга жимлик чўкди. Ҳамма ишга киришди.

Кимдир Наврўзни бу гал шаҳарда нишонлашни ният қилгани ҳақида ёзди. Кимдир байрамнинг тансиқ таомлари – сумалагу ҳалим, гўжаю исмалоқ печакни таърифлади. Бошқа биров кўкламги болалар ўйинларини, яна кимдир байрамнинг тарихига тўхталди.

Дераза томондаги партада ўтирган болакайнинг дафтари тезгина тўлди – иншо   тайёр эди. Унинг ёзганлари кейинги кунлар таассуротлари ифодаси: яхши ният билан ясалган ва шу эзгу ниятни булутларга етказган варракдан бошланиб, уйғониш фаслининг юмушлари, ҳамалдаги амаллар тараддуди, кўчат экишу бемор сўраш савоби, ҳамжиҳатлик айёми тантанаси билан якун топди.

Сарлавҳани эса ўзи неча кундан бери такрорлаб юрган жумлаларга муҳрлаб қўйди:

“Мен Наврўзни яхши кўраман!..”

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!