Меню

Қашқадарё

11.02.2020 1603

МЕН БИЛГАН ОЧУН

Кузатиш ва қайдлар

Аҳмоқнинг омади кулса, қаҳрамонга айланади.

***

- Тушуниб етдим!

- Нимани?

- Одам топганда эмас, излаётган пайти кўпроқ бахтли экан.

***

- Кимни кўпроқ ҳурмат қилиш лозим деб ҳисоблайсан: катталарними, кичикларни?

- Каттани ҳам, кичикни ҳам бирдай ҳурмат қиладиганларни!

***

Инсонлар баъзида пеш қилиш билан ўз яхшилигини ёмонликка айлантиради.

***

Гаплашадиган одаминг кўплиги эмас, битта бўлса ҳам бирга сукут сақлайдиган инсонинг борлиги бахтдир.

***

Энг бахтли одам ким, биласизми? У - қачондир бахтли бўлишига қаттиқ ишонадиган одамдир.

***

Мен нега ақлли одамларни ёқтираман, сизга айтайми? Чунки улар "ақллилик" қилишмайди.

***

Қайсидир инсоннинг арзимас бўлса-да бирор орзусини амалга ошириш, ишончи ёки кичик бир умидини сақлаб қолиш қўлингдан келар экан, демак, сен чакана одам эмассан.

***

Севган инсонига талаблар қўйиб, бу талабларига эришганлар одатда энг асосийсини - ўша инсоннинг ўзини бир умрга бой беришади.

***

Ҳозирги болалар Қорбобога ишонишмайди. Ишонганлари эса уни қора кўзойнак таққан, "Pepsi" ёки "Cola" ичиб ўйинга тушадиган бачкана чол деб ўйлашади.

***

Бизга қўшни қишлоқ ҳисобланган Ғиштлининг катта қисми деҳқончилик учун мослашган даштлик эди. Ўртанча акам ўша ерга қовун-тарвуз экканди. Эшак миниб ҳар куни шомда акамга овқат элтиб берардим. Кўпинча қайтгунимча қоронғи тушиб қолар, атрофдан тулки ва шоқолларнинг увлаши эшитилган вақтлар кўп бўлган. Мен қўрққанимдан кўзларимни чирт юмиб, бақириб ашула айтиб кетаверардим... Ўшанда хулоса чиқарганман, қўрқоқ одам бақироқ бўларкан.

***

Мукаммал инсон йўқ. Лекин тан олиш керак, одатда ғариб инсонлардаги камчилик ва қусурлар кўпроқ кўзга ташланади.

***

Одам боласи туғилганида яхши ҳам бўлмайди, ёмон ҳам. Унинг характери муҳит, тарбия ва эгаллаган билимлари натижасида кейинчалик шаклланади. Бас, шундай экан инсон характеридаги ҳеч қандай қусур туғма эмас ва уни "даволаш"нинг имкони бор.

***

Сигиримиз тез орада болалайдиган. Аёлим унинг ёнига тез-тез бориб, силаб-сийпаётганига кўзим тушарди. Худбинлигимни қаранг, "Аёл-да, - ўйлабман ичимда. -  Фойдани яхши кўради. Жонлиқларимиз сони яна биттага ошишини ўйлаб, меҳри жўшаяпти!"

Аёлимнинг сигирга меҳрибонлиги ҳаддан ошиб, одат тусига киргач, бир куни унга уришиб бердим.

- Ёш болага ўхшайсан-а, - дедим зарда билан. - Ўз ҳолига қўй...

Шунда аёлим нима деди денг:

- Сиз билмайсиз, жонивор қийналаётган пайти меҳрибончилик қилганларни жуда бошқача яхши кўриб қолади. Кейинчалик соққанимда тепинмасдан, мени ҳам авайлайди-да.

Ўйлаб қолдим... Шунга айтса керак-да: эркакнинг билганлари хаёл ҳикматлари, аёлнинг билганлари ҳаёт ҳикматлари деб.

***

Сизга инсон қачон ҳар доимгидан ёқимсизроқ кўринишини айтайми? Ҳаммага ёқишга уринаётганида!

***

Инсон табиатидаги мураккабликлардан бири шуки, у ўз турдошларини ҳеч қандай сабабсиз ҳам ёмон кўриши ва азоблаши мумкин бўлган ягона жонзотдир.

***

Ҳар қандай вазиятда ҳам инсоннинг ўзини тушунишларини исташини одилона истак, деб биламан. Эҳтимол шунинг учун қадимдан ўлим жазосига ҳукм қилинганларга ҳам сўнгги сўз берилган.

            Байрам АЛИ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!