Меню
Қашқадарё
МЕБЕЛЧИ УСТАНИНГ ФИРИБИ ИШ БЕРМАДИ
Халқимизда “Ҳаром луқма юқ бўлмас” деган нақл бор. Бу ўзгалар ҳақини умариб, чўнтак қаппайтиришга ҳаракат қиладиган, ноҳалол йўллар билан бойлик орттиришга интиладиган кишиларга нисбатан айтилган. Чунки, бундай инсонлар охир-оқибат барибир пушаймонликка юз тутади.
1989 йилда Нишон туманида туғилган Одилбек Пайзиевнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳаётини ҳам бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
Одилбекнинг қўлида гулдек ҳунари бор, у мебелсоз уста. Туман марказидан ўз устахонасини ҳам очган. Бундан унумли фойдаланган ҳолда одамлар ишончини қозониб, мижозларини янада кўпайтириши, даромадини ошириб, фаолиятини кенгайтириб бориши мумкин эди. Бунинг ўрнига уста мебель ясаб беришини сўраб келган кишилардан тўловни олдиндан олиб, маҳсулотни етказиб беришни эса пайсалга солиб юраверишни одат қилиб олди.
Натижада Одилбекка мебель ясашга буюртма бериб, орадан ойлар, йиллар ўтса-да пулни ҳам, мебелни ҳам ололмай сарсону овора бўлган мижозлар сони ошиб бора бошлади.
Одилбек улардан олган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборарди. Гўёки одамларни турли баҳоналар билан алдаб юраверса, ҳаммаси унутилиб кетаётгандек. Аммо бир неча фуқароларнинг аризаларига асосан унга нисбатан тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланди. Бу жараёнда барча жабрланувчиларга етказган зарарларни тўлиқ тўлаб берди ҳам, лекин бу билан қонуний жазодан қутила олмади.
Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг очиқ суд мажлисида Одилбек Пайзиевга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми билан унга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ш.ҲАСАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди раиси