Меню
Қашқадарё
МЕҲР ВА ЭЪТИБОР ОҒУШИДА
Ногиронлар жамияти Қамаши туман бўлинмасига қарашли “Эъзоз” нуронийлар мулоқот марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бўлиб ўтган “Меҳр ва эътибор оғушида” деб номланган тадбирда ҳам бу борадаги эзгу ишлар ўз ифодасини топди.
“Ногиронлар” жамияти вилоят бўлими, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тумандаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилалар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда кексалар, ногиронлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган юксак эътибор ҳақида сўзлар экан, бугунги дориломон кунлар, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва унинг қадрига алоҳида тўхталишди.
Бир пиёла чой устида ташкил этилган тадбирда ҳамкор ташкилотлар томонидан ўзгалар қаровига муҳтож инсонларга 8 та ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламаси, кийим-кечак, керакли дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
* * *
Қарши шаҳридаги “Фаровон” тўйхонасида ўтган хайрия тадбирида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйлари ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳузуридаги “Ягона эзгулик ният” шўъба корхонаси ҳамда “Ягона олтин тож” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сўз олганлар юртимизда ҳар бир инсон меҳр ва эътибор оғушида эканини таъкидладилар.
Кўплаб оилаларга чексиз қувонч олиб келган бу тўй ва хайрия тадбирлари саховат яшнатган дилларни яна бир бор хушнуд этди.
Шоҳиста БОЗОРОВА