Меню
Қашқадарё
МЕҲНАТНИНГ РОҲАТИ
Миришкорлик деҳқонларнинг жорий йилда давлатга пахта сотиш бўйича шартнома режаларини бажарганлиги муносабати билан ташкил этилган ҳосил тўйи ҳам кўп миллатли туман меҳнаткашларининг ҳақиқий байрамига, катта-кичикнинг бирдек шодиёнасига айланиб кетди.
Миришкорлик деҳқонлар жорий йилда 21 минг 800 гектар майдонга чигит қадашган эди. Ўтган вақт давомида кўзланган мақсад сари астойдил саъй-ҳаракатлар қилиниши, ташкилий ишлар, агротехник тадбирларнинг тўғри ва ўз вақтида амалга оширилиши натижасида бугун туманда 52 минг 255 тонналик хирмон кўтарилди ва режа ортиғи билан уддаланди. Ҳали далаларда пахта мўллиги эса бу хирмоннинг янада юксалишидан далолат.
Албатта, ҳеч бир зафар ўз-ўзидан ёки тасодифий келмайди. Пахтачиликда эришилаётган бу ютуқлар аввало давлатимиз томонидан ер эгалари учун яратиб берилаётган шароитлар самарасидир. Бундан анча йиллар олдин Биринчи Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда фермерлик фаолиятининг йўлга қўйилиши ана шу шароитларнинг энг асосийси бўлди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида банк-молия соҳаси, табиий ва моддий ресурслар, техника таъминоти борасида ўзига хос тизим яратилгани эса фермерларимизни янада самарали ишлашга ундамоқда.
Бу йил миришкорлик деҳқонлар ҳам ана шу қулайликларни ҳис қилиб меҳнат қилишди. Тумандаги 1193 та фермер хўжалиги пахта етиштирган бўлса, ҳозирга қадар уларнинг 900 таси шартнома режаларини ортиғи билан бажаришди. Жумладан, 35 нафар фермер ҳар гектар ердан 40 центнердан ошириб ҳосил кўтарган бўлса, 3 хўжаликда бир гектар ердан 50 центнердан “оқ олтин” териб олинди.
- Бу йил туманимиз деҳқонлари астойдил, шижоат билан меҳнат қилишди, - дейди шу ҳудуддаги “Сафар ота” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Бахтиёр Сафаров. – Ҳосил ҳам ана шу меҳнатга яраша бўлди. Фермер хўжалигимиз мисолида айтадиган бўлсам, жорий йилда 30 гектар далада ғўза парваришлаб, ҳозирга қадар режани ортиғи билан уддаладик. Лекин ҳали далада пахта мўл. Қолган ҳосилни ҳам ўз вақтида териб олиб, хирмонимизнинг янада юксалишига ҳисса қўшамиз.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, бугун Миришкорнинг барча ҳудуди обод ва озод гўшага айланиб бормоқда. Бу эса туман аҳлининг фидойи меҳнати, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, ўзи учун фаровон ҳаётни таъминлашга бўлган интилиши самарасидир. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бугун миришкорликлар нафақат пахта ва ғалла етиштириш, балки боғдорчилик, чорвачилик ва тадбиркорликнинг бошқа соҳаларида ҳам юқори марраларни забт этаяпти. Бир қарич ердан ҳам каттагина даромад олаётган, томорқасида етиштирган маҳсулотни жаҳон бозорларига етказиб бераётган оилалар талайгина. Йил бошидан буён тумандаги барча тоифа хўжаликлар томонидан режа қилинган 153 минг АҚШ доллари ўрнига 299 минг АҚШ долларилик мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг амалга оширилгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Бу ютуқларда туманда истиқомат қилаётган 23 минг оила, 113 минг 500 аҳоли - ўзбек, туркман, араб, тожик ва бошқа миллат вакилларининг бирдек ҳиссаси бор. Ҳосил тўйи ана шу меҳнаткашларнинг қувончли байрамига, эришаётган ютуқлари тантанасига айланиб кетди. Вилоятимиз санъат усталари ҳамда пойтахтимиздан келган таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури йиғилганларга янада кўтаринки кайфият, завқ-шавқ улашди.
Сўнгги йилларда ташкил этилаётган турли тантаналар, тадбирлар муносабати билан кам таъминланган оилалар фарзандларининг хатна тўйлари ҳамда никоҳ маросимларини ўтказиб бериш ажойиб анъанага айланиб бормоқда. Миришкор туманида ўтказилган ҳосил тўйида ҳам 52 нафар болажоннинг хатна ҳамда 10 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйлари нишонланди. Уларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.