Меню
Қашқадарё
Меҳнат ярмаркалари самара бермаяпти
Жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарёда ўтказилган меҳнат ярмаркаларига ишсиз фуқароларнинг 1 фоизигина жалб этилган, холос. Таклиф этилган бўш иш ўринларининг эса 13 фоизга яқин қисми банд этилган.
Мазкур маълумот Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ажратилган давлат бюджети маблағлари тўғри ва самарали сарфланишининг Қашқадарё вилоятидаги ижросини ўрганиш якунларига бағишланган тадбирда айтиб ўтилди. Тафсилотлар ҳақида ЎзА ёзмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратилиши ҳамда Жамоат ишлари жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланиши қўмита томонидан назорат тартибида ўрганилган.
Бугунги кунда Қашқадарёда норасмий секторда банд аҳоли сони 703,9 минг (банд аҳолининг 62,3 фоизи) нафарни ташкил этади. Вилоятда ишсиз фуқаролар сони эса 175 минг 424 нафарни ташкил этиб, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 13,4 фоиздир.
Бироқ ўтган саккиз ой давомида ишсиз фуқаролар сонига нисбатан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган фуқароларнинг улуши 21 фоизни, ишсизлик нафақаси тайинланганларнинг улуши атиги 1,6 фоизни, шунингдек, иш изловчи сифатида рўйхатда турганлар улуши эса 6,6 фоизни ташкил этган, холос. Бундан кўриниб турибдики, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг имкониятлари, жорий этилаётган қулайликлар ва имтиёзлар ҳақидаги маълумотлардан барча аҳоли қатламлари тўлиқ хабардор эмас.
Вилоятдаги жами 778 минг 924 оиланинг 0,3 фоизига субсидия ажратилган. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомда субсидия маблағлари ажратилгандан кейин аҳоли томонидан ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш ҳолатлари бўйича мониторинг ўтказишга оид қоидалар мавжуд эмас.
Ўрганиш жараёнида субсидия маблағлари ҳисобидан айрим хонадонларда қурилган иссиқхоналар, ўрнатилган сув насосларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари кузатилиши депутатлар томонидан танқид қилинди.
2020 йил сентябрь ойи ҳолатида хақ тўланадиган жамоат ишлари учун 39,8 миллиард сўм режа белгиланган бўлиб, шу кунга қадар жами 34 минг 658 нафар фуқаро томонидан 35,5 миллиард сўмлик жамоат ишлари бажарилган. Вилоят бўйича жамоат ишларига белгиланган режага нисбатан 4,3 миллиард сўм кам маблағ сарфланган.
Қарши туманида август ойи давомида 3 минг киши жамоат ишларига жалб қилинган. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги тегишли қарорига асосан, жамоат ишларида қатнашаётган ишсиз фуқаролар тўғрисида меҳнат инспектори томонидан бир ойда камида тўрт марта мониторинг ишлари олиб борилиши лозим. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида 6 нафар меҳнат инспектори фаолият кўрсатади, демак, бир инспектор 500 нафар жамоат ишчисини мониторинг қилишига тўғри келади. Битта инспектор жисмонан бунча фуқарони мониторинг қилишга улгурмайди. Меҳнат инспекторининг бундан бошқа мехнат вазифалари ҳам мавжуд. Бу эса, ўз навбатида, бюджет маблағлари талон-торож бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Тақдим этилган ахборотларнинг муҳокамаси жараёнида депутатлар аҳоли бандлигини таъминлаш масаласида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан тўлиқ имкониятлар ишга солинмаганига эътибор қаратишган.