Меню
Қашқадарё
Меҳнат мигрантлари Қашқадарёга жўнатган валюта ҳажми воҳанинг умумий экспортидан 2 баравар кўп
Таққос
Жорий йилнинг январь-август ойларида Қашқадарёга чет элдан жисмоний шахслар номига тижорат банклари орқали жўнатилган валюта миқдори 329,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Айнан шу даврда жисмоний шахслар томонидан хорижга юборилган маблағ ҳажми эса 11 миллион доллардан ошмади.
Республика Марказий банки вилоят бош бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, 2020 йил 1 сентябрь ҳолатида Қашқадарёда жами 72 та валюта алмаштириш шохобчаси бўлиб, улардан 46 таси бевосита банкларда, қолган 26 таси эса банклардан ташқарида жойлашган. Ана шу шохобчалар орқали саккиз ой давомида аҳолидан 105,4 миллион доллар сотиб олиниб, жисмоний шахсларга 87,5 миллион доллар сотилган. Конверсион карталардан 23,5 миллион долларга тенг миқдорда валюта ечилган.
Эътиборли томони, йил бошидан 1 сентябрга қадар қашқадарёликлар номига чет эл мамлакатларидан юборилган валюта миқдори вилоятимиздан шу вақт мобайнида экспорт қилинган маҳсулот ва хизматлар умумий ҳажмидан қарийб 2,2 баравар кўпдир. Зеро, вилоят статистика бошқармаси шарҳида қайд этилишича, шу йилнинг саккиз ойи ичида Қашқадарёда экспорт ҳажми 153,1 миллион долларни ташкил этган.
Ўз мухбиримиз