Меню
Қашқадарё
МЕҲМОНХОНАЛАР СОНИ 3 ЙИЛДА 3 БАРОБАР ОРТАДИ
Улкан туристик салоҳиятга эга вилоятимизда эса ушбу соҳа ривожи жадал кечаяпти, деб бўлмайди. Тўғри, бугунги кунда воҳамизда бир қанча меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Аммо ҳудудга сайёҳлар оқими тобора кўпайиб бораётган бир пайтда бу қаноатланарли эмас. Мисол учун, 2015 йилда бу турдаги муассасалар сони 26 тани ташкил этган. 2018 йил 1 январь ҳолатига келиб эса мазкур рақам 30 тага етган, 2 йилда ўсиш атиги 4 тага тенг бўлган. Ушбу жойлаштириш воситаларининг асосий қисми 1 ва 3 юлдузли тоифага эга бўлган. 2017 йилда улар хизматидан 50 минг киши фойдаланган, холос. Бунга сабаб эса мавжуд сиғимнинг камлигидир. Айни вақтга келиб 40 га яқин меҳмонхона воҳамиз туристик хизматлар бозорида иштирок этмоқда.
Кўриниб турибдики, вилоятимизда меҳмонхона хўжалигини янада равнақ топтириш, хизмат сифатини тубдан яхшилаш, бу тармоққа инвестиция олиб кириш истагидаги тадбиркорларни эса ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги "Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан шунга кенг имконият яратилмоқда.
Аввало, ушбу ҳужжатга мувофиқ, 3 йил давомида юртимизда, шу жумладан, вилоятимизда янги меҳмонхоналар қуришнинг мақсадли параметрлари тасдиқланди. Яъни 2019-2021 йилларда меҳмонхона бизнесига салмоқли сармоя жалб қилинади. Биргина воҳамизда бу даврда қўшимча 88 та меҳмонхона барпо қилиниши кўзда тутилган. Улар 1637 хонани ўз бағрига олади. Хусусан, жорий йилда 12 та, 2020 йилда 30 та, 2021 йилда эса 46 та замонавий жойлаштириш воситаси қуриб фойдаланишга топширилиши керак. Натижада бу турдаги муассасаларнинг умумий сони 120 тадан ошади.
Эътиборли жиҳати шундаки, аллақачон айни йўналишда бир қанча истиқболли инвестиция лойиҳалари илгари сурилган. Давлатимиз раҳбарининг қарорида ушбу лойиҳалар ташаббускорлари, қиймати ва фойдаланишга топшириш муддати масалаларига аниқлик киритилган.
Тегишли рўйхатдан Қашқадарёдан 7 та лойиҳа жой олган бўлиб, улар асосида ташкил этиладиган меҳмонхоналар жўғрофий жойлашуви бўйича фақат Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари билан чекланган. Демак, инвесторлар айнан шу ҳудудларни меҳмонхона бизнесини юритиш учун жуда қулай деб билишади. Бевосита ташаббусларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилда уларга жами 975 минг АҚШ доллари ҳамда 58 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши лозим. 29 миллиард сўм тадбиркорларнинг ўз сармояси ҳисобидан шаклланса, тижорат банклари ҳам шунча миқдордаги кредит билан молиявий кўмак кўрсатишади. 975 минг АҚШ доллари эса хорижий инвестиция экани диққатга сазовор. Лойиҳалар муваффақиятли рўёбга чиқиши таъминланса, 277 кишининг муқим иш ўрни билан банд этилишига кенг шароит ҳозирланади.
Энг йирик лойиҳа "Назира" хусусий корхонасига тегишлидир. Вилоятимиз марказида замонавий меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйиш учун тадбиркор 25 миллиард сўм сарф этади, 30 та янги иш ўрни яратади. Албатта, барча қулайликка эга бўлажак мазкур муассаса жорий йилнинг мартида ишга тушиши режа қилинган. Қарши шаҳрида иш олиб борувчи "Тонг сув қурилиш" МЧЖ ҳам янги меҳмонхона қурилишига 10 миллиард сўм маблағ йўналтиради. Шунинг 7 миллиард сўми инвесторнинг ўз маблағидир. Бошқа бир истиқболли лойиҳа ташаббускори - "Кўҳна турон" масъулияти чекланган жамияти эса Шаҳрисабз шаҳрида фақат меҳмонхона қуриш билан кифояланмайди. Мўъжаз дам олиш зонасини барпо этиш ҳам режага киритилган. Бунинг учун жами 15 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилади. Мазкур икки муҳим инфратузилма объекти фаолият бошлагач, шунинг эвазига 100 нафар киши доимий даромад манбаига эга бўлади.
Икки лойиҳа доирасида эса тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниши назарда тутилмоқда. Хусусан, "Дубай Сарбон ЛТД" МЧЖ Қаршида меҳмонхона қурилишига 1 миллиард 500 миллион сўм ўз сармоясидан ташқари 850 минг доллар чет эл капиталини ҳам харжлайди. "Шаҳрисабз эко тур" масъулияти чекланган жамияти эса кўҳна Кешда меҳмонхона зонаси бунёд этишга 125 минг АҚШ доллари ва 1 миллиард сўм инвестиция киритади. Яна бир тадбиркорлик субъекти - "Эверест-С" МЧЖ ҳам сайёҳларни жойлаштириш хизмат тақдим этиш ташаббускори бўлиб чиққан. Қиймати 1 миллиард сўмга баҳоланган ушбу лойиҳа доирасидаги ишлар тез орада якунига етказилиши лозим.
Шунингдек, эндиликда меҳмонхона хизматлари яшаш жойи (прописка), фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозим бўлади.
Президент қарорига кўра, мамлакатимиздаги мавжуд маданият объектлари ва муассасаларида замонавий ахборот технологиялари татбиқ этиш чорасини кўриш ҳам белгиланган. Шу мақсадда тасдиқланган тегишли рўйхатда вилоятимиздан ҳам қатор объектларни кўриш мумкин. Қашқадарё тарихи ва маданияти давлат музейи, Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи ва Шаҳрисабз шаҳрида янги ташкил этилган "Мақом музейи" шулар жумласига киради. Мазкур маданият муассасаларида замонавий ахборот технологиялари 2019 йил 1 июлга қадар ўрнатилиши керак.
Хулоса ўрнида айтганда, меҳмонхона хўжалиги юритиш жабҳасида рақобатчиларнинг кўпайиши ўз-ўзидан хизмат сифати ошишига ҳам туртки беради. Меҳмонларни қабул қилиш қуввати ортади, туризм тармоғининг айнан шу соҳадан кўрадиган даромади чўғи ҳам сезиларли кўпаяди.
Маълумот ўрнида эслатиш жоиз, бултур юртимизда илк бор сайёҳларни жойлаштириш воситасининг соддалашган шакли - оилавий меҳмон уйлари фаолиятини юритишга рухсат берилганди. Бундай муассасалар қуввати нисбатан кичик бўлиб, уларга муайян талаблар қўйилган. Ҳозиргача вилоятимизда ўз ишини йўлга қўйган оилавий уй меҳмонхоналар сони 30 дан ошиб кетди.
М.ШУҲРАТОВ