Меню

Қашқадарё

26.12.2017 1785

МЕЪЁРДАН 6 БАРОБАР КЎП...

Шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг “Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар йўловчи божхона декларациясини тўлдириши шарт. Декларацияда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган барча буюмлар қаторида алкоголь маҳсулотлари ҳам қайд этилиши керак.

Юқоридаги чекланган нормага кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан 2 литр (ТИФ ТН коди 2204 - 2206, 2208) миқдорида шу турдаги маҳсулотларни божхона тўловисиз олиб кириш мумкин.

Бироқ белгиланган қоидаларни четлаб ўтиб божхона чегараси орқали ҳаракатланишга уринаётган фуқаролар ҳам йўқ эмас.

Мисол учун, жорий йилнинг 7 октябрь куни Москва-Қарши йўналишидаги 624-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган Қарши шаҳрида яшовчи Шоҳрух Шоҳмуродов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) хатти-ҳаракатлари божхона ходимлари эътиборини тортди. Унинг қўл юклари йўловчи божхона декларацияси асосида холислар иштирокида божхона назоратидан ўтказилганда, декларацияда қайд этилмаган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг чекланган миқдорий нормасидан ортиқча бўлган 6 литр (ҳажми 1 литрли 5 дона ва 0,5 литрли 2 дона) виски ноқонуний олиб кирилаётгани аниқланди.

Яна бир ҳолатда, жорий йилнинг 26 ноябрь куни Нишон тумани ҳудудида жойлашган 154-сонли темир йўл разъездига келиб тўхтаган 320-сонли Москва-Душанбе йўналишидаги йўловчи поезди божхона назоратидан ўтказилганда, ушбу поезднинг 11-вагонида йўловчи сифатида келаётган фуқаро Элмурод Гулмирзаевга тегишли юклар орасидан йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган ҳажми 0,5 литрли 24 дона ароқ борлиги аниқланди.

Якунда суднинг қарори билан Ш.Шоҳмуродовга нисбатан 299 минг 550 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланиб, олинган ашёвий далиллар йўқ қилиниши таъминланган бўлса, Э.Гулмирзаевнинг хатти-ҳаракатлари бўйича божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эсда сақлаш лозимки, мавжуд тартиб-таомиллар иқтисодий барқарорликни таъминлаш билан бирга, четдан сифатсиз маҳсулотлар ноқонуний кириб келишининг ҳам олдини олади. Шу боис амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш барча фуқароларнинг бурчидир.

Хуршид МИРЗАЕВ,

“Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!