Меню
Қашқадарё
Мбаппе Мадридга кўчиб ўтишга рози бўлдими?
Мадриднинг "Реал" футбол жамоаси манбалари Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппени "Пари Сен-Жермен"дан "Қироллик клуби"га олиб келиш бўйича келишув якунлангани ҳақида ёзмоқда. Футболчининг ўзи эса сукут сақлашда давом этаяпти.
Marca нашри инсайдерларининг хабар беришича, ўтган ҳафтада Испания клуби ва "ПСЖ"нинг етакчи ўйинчиси якуний келишувга эришган. "Қаймоқ ранглилар" бутун мавсум давомида, гарчи футболчи жамоа раҳбарлари билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдан тийилган бўлса-да, ишончли одамлари орқали Мбаппени Мадридга кўчиб ўтишга кўндирган.
Экспертлар аминки, ана шу "махфийлик" билан боғлиқ ҳолда, ҳужумчининг ўзи "Реал"га ўтаётгани ҳақида эълон қилмагунга қадар клуб бундай хабар билан чиқишга унамайди.
Айрим маълумотларга кўра, Килиан Мбаппе мадридликлар билан 5 йиллик шартнома имзолаган. Шунингдек, "Реал"да унинг маоши "ПСЖ" таклиф этган суммага нисбатан камроқ бўлади: турли маълумотларга асосан ҳужумчи янги жамоада йилига 22 миллион евродан 27 миллион еврогача пул ишлаб топади. Бироқ, инсайдерлар 100 миллионлаб бонуслар ҳақида гапирмоқда.
Футболчи Франция терма жамоаси йиғини (28 майда) бошлангунича ўзининг якуний қарори ҳақида маълум қилишга тайёр. Ҳозирча у: "Келажак ҳақида гапиролмайман, аммо тез орада ҳаммасини билиб оласиз. Қарийб барчаси ҳал бўлган. Шунчаки, ҳозир мавриди эмас, бироқ қарор қабул қилинган", қабилидаги умумий сўзлар билан чекланаяпти.