Меню
Қашқадарё
МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЖАЛБ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ДИРЕКТОРЛАР "ПЕШҚАДАМ"
Матбуот анжумани
Маълумки, мажбурий меҳнат - иш берувчи ёки фуқаро томонидан бирор жазо қўллаш таҳдиди орқали, шунингдек, меҳнат интизомини сақлаш мақсадида киши ихтиёрига хилоф равишда иш ёки хизматни бажартириш ҳисобланади. Халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосан, мамлакатимиз қонунчилигида ҳам мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги қатъий таъкидланган.
Бу борада кўплаб тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилаётганига қарамасдан қўл остидаги ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилган раҳбарлар учраб турибди.
Хусусан, ўтган йили меҳнат ҳуқуқ инспекциясига бу бўйича 8 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ўрганиш натижасида 6 ҳолатда мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани аниқланди ва 6 нафар мансабдор шахсга 62 миллион 440 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Жумладан, Косон туманидаги 34-мактаб директори А.Примов томонидан 8 нафар, 100-мактаб директори Ҳ.Сатторова 9, 94-мактаб директори Р.Номозова 7, компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи директори Ф.Ҳусаинов 6 нафар, Қарши туманидаги 7-мактаб директори Д.Умарова 2, Касби туманидаги қишлоқ ва сув хўжалиги коллежи директори Б.Фозилов томонидан 4 нафар фуқаро мажбурий меҳнатга жалб этилгани аниқланди.
Бу ҳақда вилоят бандлик бошқармаси бошлиғи Бекзод Қурбонов ўтган йилги ишлар сарҳисоби ҳамда жорий йилги вазифалар бўйича ташкил қилинган матбуот анжуманида маълумот берди.
Таъкидланишича, вилоятда 2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2019 йилги мавсумда пахта теримига мажбуран жалб этиш ҳолатлари энг кўп Қашқадарё вилоятида кузатилган эди.
Бошқарма бошлиғига кўра, жорий йилда 90 минг кишини ишга жойлаштиришга кўмаклашилади (эътибор беринг: "ишга жойлаштирилади" эмас, "ишга жойлашишга кўмаклашилади" - таҳририят). Ўз навбатида 11 минг 600 киши қонуний асосда Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга ишлаш учун жўнатилади ҳамда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилади. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 6 минг нафар ишсиз фуқарога субсидия ажратилади.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан бандлик соҳаси мутасаддиларига саволлар билан юзланишди.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.