Меню
Қашқадарё
Мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид энг кўп мурожаат – Қашқадарёдан
Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 2020 йилги пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш мақсадида Давлат меҳнат инспекцияси ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан мониторинг ва ўрганишлар олиб борилмоқда.
2020 йилнинг 10 октябрь ҳолатида республиканинг 138 дан ортиқ ҳудудида 726 дан зиёд мониторинг ҳамда ижтимоий тармоқда тарқалган 60 дан ортиқ хабарлар юзасидан ўрганишлар ўтказилган. Ушбу жараёнда мажбурий меҳнатдан азият чеккан 652 фуқаро аниқланиб, 18 нафар мансабдор шахсга нисбатан мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун 205 миллион 160 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Шу билан бир қаторда, банд бўлмаган аҳолини теримга жалб қилиш бўйича олиб борилган ишлар, теримчилар учун яратилган муносиб меҳнат ҳамда дам олиш шароитлари, терим пулларининг ўз вақтида ва белгиланган меъёрий суммада берилаётганлиги ўрганилиб, муносиб меҳнат шароитлари яратмагани учун 72 та ҳолатда мансабдор шахслар жаримага тортилди.
Мажбурий меҳнат ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасига 1 та тақдимнома киритилди.
Бугунги кунга қадар Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 165 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг энг кўпи Қашқадарё вилоятига тўғри келади – 24 та мурожаат. Кейинги ўринларда Тошкент, Наманган ва Жиззах вилоятлари кўрсатилган.
Мурожаатлар мазмунига кўра, 21 та ҳолатда маҳалла фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар, 13 та ҳолатда банк ходимлари ва 7 та ҳолатда коммунал соҳа ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлиги тўғрисида хабар қилинган.
Қайд этиш лозим, ўтган йилги мавсумда пахта теримига мажбуран жалб этиш ҳолатлари энг кўп Қашқадарё вилоятида кузатилган.