Меню

Қашқадарё

26.08.2022 2094

Мажбурий малака ошириш талаби бекор қилинади

Қонунчиликдаги ўзгаришлар: 1 СЕНТЯБРДАН АМАЛДА 

Президентнинг “Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилади.

Ҳужжатда белгиланганидек:

а) электрон шаклда расмийлаштирилган автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди;

б) электрон ишончнома расмийлаштирганлик учун давлат божи унинг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда ишончномани нотариал тасдиқлаш учун ўрнатилган давлат божига нисбатан қуйидаги фоизларда ундирилади:

бир ойгача бўлган муддатга — 10 фоиз;

олти ойгача бўлган муддатга — 50 фоиз;

уч йилгача бўлган муддатга — 100 фоиз.

в) электрон ишончнома мавжудлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан мобил қурилмалар орқали текширилади;

г) электрон шаклда расмийлаштирилмаган автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларга нисбатан амалдаги нотариал тасдиқлаш тартиби сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахсларнинг икки йилда бир марта мажбурий малакасини ошириш талаби бекор қилинади.

Яна, қарорга кўра, фуқаролар ва йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар ўртасида тузиладиган транспорт воситаси ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади ҳамда уларни давлат солиқ хизмати органлари ахборот тизимлари орқали электрон тарзда ҳисобга олиш тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охирига қадар ўрнатиладиган тартибга мувофиқ:

йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади;

ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти лицензия варақасига асосан амалга оширилади;

лицензия варақаси беришда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади;

йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти билан шуғулланадиган ўзини ўзи банд қилган шахслар бир йилда бир маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиши шарт;

ўзини ўзи банд қилган ташувчилар Uztrans ахборот тизими базасига киритилган кўп тармоқли поликлиникалар ва хусусий тиббиёт муассасалари орқали бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиши шарт;

йўналишсиз такси фаолияти учун лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи барча турдаги ташувчилардан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида ундирилади. Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди;

йўналишсиз такси хизмати фаолиятига рухсат берувчи лицензия варақаларида фаолият ҳудуди акс эттирилади;

ўзини ўзи банд қилган ташувчиларнинг автомобиль транспорти том қисмига TAXI таниш белгили тўқсариқ рангли фонарь ўрнатилади;

бошқа соҳаларда меҳнат шартномасига асосан банд бўлган шахслар бир вақтнинг ўзида йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти билан ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда шуғулланишлари мумкин.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!