Меню
Қашқадарё
Мажбурий ижро бюроси: ДАСТЛАБКИ ХАТЛОВ НАТИЖАЛАРИ ҚАНДАЙ?
Тегишли топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда тузилган ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб эса турар ва нотурар жойлар хатловини ўтказиш, ушбу объектларнинг кадастр ҳужжатлари мавжудлигини ўрганиш, ҳужжатсиз объектлар кадастр ҳужжатларини тўлиқ шакллантириш, уларнинг электр энергияси ва табиий газ билан таъминланиши, техника хавфсизлиги қоидалари ҳамда тўлов интизомига риоя этилишини, ичимлик суви, иссиқ сув ва иссиқлик тизимидан фойдаланиш ҳамда шартнома интизомига риоя этилишини ўрганиш, солиқ солиш объектларини хатловдан ўтказиш, қарздорликни ундириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш белгиланган.
Вилоят ҳокими, прокурори, ички ишлар, давлат солиқ, молия, бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармалари бошлиқлари, назорат ва ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари томонидан имзоланган қўшма фармойишга мувофиқ амалга ошириладиган мазкур вазифалар ижроси вилоят мусиқали драма театрида ўтган йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумот берилганидек, жорий йилнинг 6-11 июль кунлари вилоятдаги 62 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги жами 1160 та хонадонда ўтказилган хатлов тадбирларида 520 та турар жойнинг кадастр ва лойиҳа ҳужжатлари, 650 тасида электр энергияси ва табиий газга уланиш схемалари, 773 тасида электр ҳисоблагичларда давлат ҳамда электр ва табиий газ тармоғи корхонаси назорат муҳри, 600 дан ортиқ хонадонда газлаштириш ишчи лойиҳаси мавжуд эмаслиги аниқланди.
Шунингдек, инвентаризациядан ўтказилган хонадонларнинг 1046 тасида ҳисоблагичлар АСКУЭ ва биллинг газ дастури тизимига уланмагани аниқланиб, хонадон эгаларига тегишли тартибда кадастр лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириш, абонент тизимларидаги носозликларни бартараф этиш ҳамда электр ва газ ҳисоблагичларини ўрнатиш тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилди.
- Электр энергия ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича 166 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан 123 миллион 500 минг сўмлик маъмурий жарима қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Элмуродов. – Умуман, жамиятда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш маданиятини фуқароларга сингдириш ҳамда энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги фармони ва унинг асосида қабул қилинган қўшма фармойишда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши энергия ресурслари тармоқларини модернизация қилиш, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мамлакат иқтисодиётини, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришга, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга ҳамда бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланиб, галдаги вазифалар ва ҳамкорликдаги ишлар белгилаб олинди.
Б.ЎКТАМ