Меню

Қашқадарё

04.12.2020 1677

Мавжуд тартиб коррупциянинг олдини олишга хизмат қилмоқда

Давлат божхона қўмитасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган антикоррупцион ҳафталик доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди. Унда барча ҳудудий бошқармалар қатори вилоятимиз божхоначилари ҳам фаол қатнашишди. Онлайн тарзда ўтган тадбирга оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, вилоятда фаолият юритувчи ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ва божхона ходимлари жалб этилди.

Таъкидланганидек, божхона органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Бугун юртимиз божхона хизматининг барча йўналишларида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.

Мисол учун, импорт асосида божхона чегарасидан ҳаракатланадиган товар ва транспорт воситалари импортёрнинг ихтиёригача бўлган ҳар бир босқич автоматлаштирилган ахборот дастурлари орқали онлайн тарзда ва назоратга олинган ҳолда амалга оширилаётир.

Мазкур йўналишдаги рақамларга кўра, вилоят божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 711,7 миллион АҚШ долларилик импорт-экспорт товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилган. Ушбу товарлар учун ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан тақдим этилган 17 минг 16 та божхона юк декларацияларининг барчаси масофадан туриб, онлайн божхона расмийлаштирувидан ўтказилган.

Яна бир жиҳати, божхона расмийлаштируви учун сарфланган вақт ҳам қисқа бўлиб, асосан экспортда 20-40 дақиқани, импортда 1-2 соатни ташкил этган.

Аҳамиятлиси шундаки, юқорида қайд этилган барча жараёнларда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва божхона ходимлари ўзаро учрашмайди, бу эса товарларнинг инсон омилисиз божхона расмийлаштирувини таъминламоқда. Шунингдек, божхона соҳасида содир этилиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!